Спорт | 11:33 / 19.11.2021
11289
11 дақиқада ўқилади

Фатидан Гавигача. Хави «Барса» келажаги бунёдкори сифатида кимларни кўрмоқда?

Фото: Fc Barcelona

«Барселона» собиқ футболчиси ва клуб тарихидаги энг кучли яримҳимоячилардан бири Хавини бош мураббий этиб тайинлади. У каталонияликлар таркибида 767та учрашув ўтказиб, 25та соврин ютишга муваффақ бўлганди. Улардан 4таси Чемпионлар Лигаси, 8таси Ла Лига чемпионлик титуллари эканлиги эса алоҳида аҳамиятга эга. Бундан ташқари, 2 карра Европа ва Испания тарихидаги ягона жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Энг муҳим жиҳат шундаки, у «Ла Масия» тарбияланувчиси. Демакки, унинг режалари айнан мана шу академия футболчилари асосига қурилиши керак. Хўш, ҳозирча испаниялик мутахассис ихтиёрида қандай ишончли ва умидли ёш истеъдодлар мавжуд? Биргаликда кўриб чиқамиз.

Ансу Фати (19 ёш)

«Барселона» вундеркиндлари ҳақидаги гапни бошқа ким билан бошлаш мумкин?! 19 ёшли Ансу аллақачон клубнинг етакчиларидан бирига айланиб бўлган. Унда ҳужумларни ташкил этиш, жамоадошлари динамикасини ҳис этиш ва голни сезиш қобилиятлари жам бўлган. Яна бир факт – Фати «Барселона» тарихида гол урган энг ёш футболчи. Ла Лигада гол урган энг ёш футболчилар орасида 3-ўринда қайд этилган. Ансу Чемпионлар Лигасида гол урган энг ёш ва 18 ёшгача биттадан кўп гол урган ягона футболчи саналади. Рекордлари рўйхатини Фатининг Испания миллий жамоаси таркибида гол урган энг ёш футболчи эканлигини эслатиш билан тугатишимиз мумкин.

Энди 19 ёшга қадам қўйган Фати шу вақтга қадар қатор ўйинларни жароҳат сабабли ўтказиб юборишга ҳам улгурди. Дебют мавсумида 18та беллашувни бошланғич таркибда бошлаган ҳужумчи 9та гол уришга эришганди. Бироқ жароҳат уни яна кўплаб голлар уриш имкониятидан маҳрум этди.

«Барса»дагилар унга тўлиқ ишонишади. Шу сабабдан, Месси кетганидан сўнг бўш қолган 10-рақам айнан Фатига топширилди. Бу эса унга қўшимча масъулият юклайди. Ҳа, у жароҳатдан қайтиши биланоқ бир нечта ажойиб голлар билан мухлисларга умид бера олди. Аммо бир неча ҳафта аввал навбатдаги жароҳатдан сўнг яна майдондан четда қолмоқда.

Фото: Fc Barcelona

Педри (18 ёш)

2020/2021 йилги мавсум Фатига аталмагани рост, лекин бу вақтда «кўк-анорранглилар» янги иқтидор эгасини том маънода кашф этишди. Атиги 5 миллион евро эвазига «Лас Пальмас»дан клуб ўринбосарлари таркибига олиб келинган яримҳимоячи тез орада асосий жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланиб олди. У Ла Лигада узоқ йиллик тажрибага эга катта футболчиларга қарши тенгма-тенг ўйин кўрсата олди.

Очиғи, ҳеч ким Педри бу қадар тезликда катта футболчига айланиб қолишини кутмаганди. У «Барселона» таркибида ўтказиши мумкин бўлган 56та беллашувдан атиги 4тасини ўтказиб юборди. Испания миллий жамоаси бош мураббийи Луис Энрике ҳам ёш футболчига тўлиқ ишонч билдирган ҳолда Евро-2020да уни доимий майдонга ташлади. Унинг ҳаракатларини бир нечта учрашувлардан сўнг мақтаганди. Олимпиадани ҳам қўшганда 18 ёшли ҳавбек 2020/2021 йилги мавсум ҳисобидан 73та ўйинда майдонга туширилди. У Хавининг қўл остида ўзини юқори даражали яримҳимоячи сифатида қайтадан кашф этиши мумкин.

Фото: Fc Barcelona

Эрик Гарсия (20 ёш)

Ҳужум ва яримҳимоянинг биттадан умидли вакиллари ҳақида сўз юритдик. Навбатни ҳимоя чизиғига берамиз. Эрик Гарсия каталонияликларнинг яқин келажакдаги энг ишончли ҳимоячиларидан бирига айланиши мумкин. Айни пайтда Гарсия ўз потенциалини тўлиқ намойиш эта олмаяпти. Сабаби, «Манчестер Сити»да у узоқ вақт ўйин амалиётисиз қолиб кетганди ва спорт формасини тиклаб олиш осон кечмаяпти. Лекин захирага михланиши олдидан инглиз клубида ҳам ажойиб футбол намойиш этишга муваффақ бўлганди.

Барселонада Гарсияга янги Пикега қарагандек қарашади. Жерар ҳам Манчестерга бориб келгач, «Барса»нинг ҳимоядаги қўрғонларидан бирига айланганди. Фақат у Манчестернинг қизил тарафида бўлганди. Хави Эрик учун ўта керакли мураббий бўлиши катта эҳтимол. Сабаби, унга «Ла Масия»далигидаёқ қисқа паслар билан ҳужумни ҳимоядан бошлашни ўргатишган. Куман қўл остида эса у катта наф келтира олмади. Кўрамиз, янги мураббий қўл остида испаниялик фулбек ўзини қайта кашф қила олармикан.

Фото: Fc Barcelona

Гави (17 ёш)

«Барса» сўнгги йилларда натижа жиҳатдан ўз мавқейини бой бераётгани рост. Лекин «Ла Масия» ҳақида бундай дея олмаймиз. Дунёга машҳур академия ўзининг янгидан янги юлдузларини тақдим этишда давом этмоқда. Гави улардан бири. 17 ёшли футболчи жорий мавсум клуб ва миллий жамоа сафида ўзини яхши кўрсатиб, барчанинг эътиборига тушишга муваффақ бўлди.

Гавининг ўйинини яқиндан кузатган футбол мухлислари унинг шунчаки кўзни қувнатувчи дриблёр эмаслигини тушуниб етади. Жорий мавсум барча мусобақаларда 17та учрашувда майдонга тушган футболчи 6 марта сариқ карточка ишлаб олди. Яъни, у яккакурашларга фаол киришувчи, жамоанинг прессингдаги ҳаракатларига ўз ҳиссасини қўшувчи ҳақиқий марказий яримҳимоячи. Гавининг ўйинини диққат билан кузатган тажрибали футбол мухлислари унда янги устози Хавига ўхшаш жиҳатлар ҳам борлигини пайқайди.

Фото: Fc Barcelona

Нико Гонсалес (19 ёш) 

Яримҳимоя чизиғида клуб келажакларидан бири бўлиши мумкин бўлган футболчилардан бири Нико Гонсалес. Бу ёқда Бускетс, Де Йонг ва Рики Пуч каби асосий таркиб даъвогарлари ҳам бор, аммо биз ёшлар ҳақида гаплашмоқдамиз. Бу каби катта ном эгаларидан асосий таркибдаги ўринни тортиб олиш учун «Супер Депор» афсонаси – Фран Гонсалеснинг ўғли тинимсиз изланиши ва машғулотларда ўзини кўрсатиши керак.

У марказий яримҳимоя ва таянч зонасида ўйнай олади. Жисмоний имкониятлари жуда яхши ҳолатда, бақувват футболчи. Нико жамоасига тўпни олиб бериши ва ҳимоя ва ҳужум ўртасини боғлаб бериши мумкин. Замонавий футбол марказдаги устунликка таянмоқда ва ротация учун Хавига Нико типидаги футболчилар асқатади.

Фото: Fc Barcelona

Юсуф Демир (18 ёш) 

«Австриялик Месси» ёз давомида мухлислар эътиборини ўзига қаратиб келди. Ўртоқлик учрашувларида ажойиб голларга муаллифлик қилган футболчи Мессининг кетиши туфайли умидсизликка тушган «кўк-анорранглилар» мухлисларига юпанч вазифасини ўтаб берди. Куман эса мавсум аввалида уни захирада қолдирди. Буни тўғри қабул қилиш мумкин. Мисол учун, жамоа йирик ҳисобда ютиб турса, Демир каби ёш иқтидорларга имконият беришга ҳаракат қиласиз. Бироқ ўтирган ўриндиғингиз қимирлаётган бўлса, Люк де Йонгни майдонга ташлаб, барча унга ҳаводан тўп узатишини талаб қила бошлайсиз.

Усмон Дембеленинг ҳамон жароҳатдалиги инобатга олган ҳолда чап оёқли вингер Хави қўл остидаги илк учрашувларда кичик имкониятларга эга бўлиши мумкин.

Фото: Fc Barcelona

Алехандро Балде (18 ёш)

«Барселона» Хорди Альбага муносиб ворис бўлиши мумкин бўлган Марк Кукурельяни 6 миллион евро эвазига сотиб юборган. Аслида, клуб унинг учун 10 миллиондан кўп пул ишлаб олиши мумкин эди. Энди клубнинг бор умиди Алехандро Балдедан бўлиб турибди. Мавсум давомида ўзи иштирок этган бир нечта ўйинлар орқали Балде ушбу умидларга лойиқ эканини исботлай олди.

УЕФА Чемпионлар Лигаси доирасида «Бавария»га қарши ўтказилган беллашувда Альба жароҳат олгач, айнан Балде майдонга ташланди. 18 ёшли қанот ҳимоячиси ўша куни немис вингерларига ўз қанотида имкон бермади. Лекин унгача мюнхенликлар етарлича гол уриб бўлишганди.

Фото: Fc Barcelona

Арнау Тенас (20 ёш)

Марк Андре Тер Штеген бор экан, «Барселона» дарвозасида биринчи даъвогар борасидаги савол кун тартибида бўлмайди. Куман вақтида Нету клубнинг захира посбони сифатида кўрилди. Хави эса катта эҳтимол билан 20 ёшли Арнау Тенасни иккинчи дарвозабонга айлантиради. У оёқ билан яхши ўйнай олади. Рақиб босим ўтказаётган пайтда, шунчаки тўпни тепиб юборишни эмас, очиқ турган шеригига тўпни аниқ етказиб беришнинг уддасидан чиқади.

Фото: Fc Barcelona

Абде Эззалзули (19 ёш) 

«Ас-Садд»даги фаолиятидан шуни айта оламизки, Хави вингерларни жуда яхши кўради. У ўзининг таништирув маросимида ҳам қанот ҳужумчиларидан фаол фойдаланишни мақсад қилаётганини айтиб ўтди. «Барселона»нинг асосий жамоасида эса атиги 2та соф вингерлар бор: Ансу Фати ва Усмон Дембеле. Иккиси ҳам жароҳатлар гирдобида қолиб кетяпти. Қолганлар уларнинг ўрнини билинтирмасликка ҳаракат қилишмоқда.

Қанотлардаги танқисликни кўрган Хавида «Барселона Б»га мурожаат қилишдан ўзга чора қолмайди ва бу ерда марокашлик Абде Эззалзули биринчи бўлиб унинг эътиборига тушади. Унда вингерларга хос тезлик, дриблинг ва ажойиб пас бериш маҳорати жам бўлган.

Фото: Fc Barcelona

Ильяс Акомач (17 ёш) 

Хави таништирув маросимидан бир кун аввал «Барселона» ёшларининг «Севилья»га қарши ўйинини (4:0) кузатди ва матбуот анжуманида икки марта ўринбосарлар жамоаси етакчиси Ильяс Акомачни тилга олди. 17 ёшли вингер ёшлар таркибининг энг юлдузли вакилларидан бири ҳисобланади.

Андалусияликларга қарши беллашувда 2та гол уришга эришган футболчининг муваффақияти Хави кузатган ўйинга шунчаки тўғри келиб қолмаганди. У бундан олдинги беллашувларда ҳам кўплаб фойдали ҳаракатларни амалга ошириб, жамоасининг ғалабаларига ҳисса қўшиб келган. Тез орада уни «Камп Ноу»даги катта ўйинлардан бирида кўриб қолсак ҳам ажаб эмас.

Фото: Fc Barcelona

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Мавзуга оид