“Бозордаги сунъий тўсиқлар олиниши керак” — иқтисодчи бензин нархи ошиши сабаблари ва ечимлар ҳақида
Ўзбекистонда бензин нархи барқарорлашиши учун импортга қўйилган тўсиқларни олиб ташлаш керак, дейди иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров. У Kun.uz'га берган интервьюсида тўсиқлар сақланиб қолаётганини “бу ерда кимларнингдир манфаати бўлиши мумкин”лиги билан изоҳлади.
Бензин – Ўзбекистонда йил бошидан бери нархи энг кўп қимматлашган маҳсулотлардан бири. Ўзбекистондаги бензин нархлари Туркманистон ва Қозоғистонга қараганда қарийб 2 баробар қиммат.
Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров Kun.uz мухбири билан суҳбатда муаммо ечими учун масъуллар нималарга эътибор қаратиши кераклиги борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Бензин нархи ўсишига катта таъсир қилган омиллар қайсилар?
— Энг муҳими – талаб ва таклиф ўртасидаги муносабат. Ўзбекистонда талаб билан таклиф ўртасида катта номутаносиблик бор. Бунинг ортидан нархлар ошиб боришига кенг имконият яратиб берилган. Бу қандай имкониятлар?
Биринчи навбатда, нефт ва нефт маҳсулотларини импорт қилиш йўлидаги тўсиқлар. Яъни импорт қилиш учун корхоналар махсус лицензия олиши керак. Бунинг учун эса жуда оғир талаблар қўйилган. У талабларни бажаришнинг ўзи мураккаб. Бажарилган тақдирда ҳам у талабларга риоя қилишда айрим муаммолар бор. Умуман олганда, импорт билан шуғулланаман деган ҳар бир корхона эркин ҳаракат қила олмайди ва бир неча таҳдидларни бўйнига олишига тўғри келади.
Шунинг учун нефт ва нефт маҳсулотларини импорт қиладиган корхоналар сонини санаш учун бир қўлимизнинг бармоқлари ҳам етади.
Иккинчи таъсири, бугунги кунда нефтни қайта ишлаш заводлари Бухоро ва Фарғонада бор ва уларда бензин ҳам ишлаб чиқарилади. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ўзининг маҳсулотини илгари кичик-кичик лотлар билан сотган бўлса, эндиликда катта-катта ҳажмда сотмоқда. Уни фақат нефт базаларида олиш имконияти бор. Чунки уларда айланма маблағлар катта.
Кичик-кичик бензин шохобчалари эса бундай катта ҳажмдаги маҳсулотни сотиб ололмайди ва ўйиндан чиқиб кетади. Оқибатда катта нефт базалари маҳсулотга ўз устамаларини қўйиб, истаган нархда сотмоқда. Сунъий равишда нархларни кўтариб юборяпти.
1 литр бензин 1 долларга яқин бўлиши, тўлов қобилиятимизни чекловчи жиҳатлардан.
Бугунги кунда нефт маҳсулотлари, хусусан бензин нархи ошиб кетиши, бу – бозордаги сунъий ва монополистик чеклашлар оқибати.
“Ўзбекнефтгаз” ва Иқтисодиёт вазирлиги биргаликда бу муаммони бемалол ҳал қилса бўлади ва нархни илгариги даражага тушириш мумкин.
Ўзбекистон билан атрофдаги регионал бозорлардаги бензин нархлари жуда катта фарқ қилади. Агар шу маҳсулотлар Туркманистон, Қозоғистон ёки Россиядан бевосита чекловларсиз олиб кирилса, ўйлайманки, нархлар тезда тушиб кетарди. Ҳақиқий рақобатбардош бозор бўлса, нархлар пасаяди албатта.
Бу – бемалол ҳал қилса бўладиган масала, лекин нега ҳал қилинмаяпти? Чунки бу ерда кимларнингдир иқтисодий манфаати бўлиши мумкин.
Статистикага қарасак, бир неча йиллар давомида нефт ва нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми камайиб боряпти. Чунки Ўзбекистонда депозитлар камаймоқда.
Импорт ҳажмини оладиган бўлсак, у аҳоли ва транспорт воситалари сонининг ўсиш суръатига мос келмаган даражада ўсиб боряпти. Яъни тақчиллик мавжуд.
Нима учун “Ўзбекнефтгаз” ходимлари ёки Иқтисодиёт вазирлиги мутасаддилари буни кўра билатуриб, шунга яраша чоралар кўрмаяпти? Буни мен айтиб бера олмайман.
Импорт қилишга мажбурмиз. Чунки бизда истеъмолга етарли даражада нефт маҳсулотлари йўқ. Бирдан бир чора импорт. Тўғри, янги конларни қидириб топиб, уларни ишга тушириш мумкиндир, лекин бу тезда ҳал бўладиган иш эмас.
— Бензин нархининг ошиши иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатади?
— Автомобил транспортини оладиган бўлсак, улар бензин, мазут ва газда юради. Саноат транспорти мазутда, қисман бензинда, шаҳар транспорти эса кўпроқ бензинда юради. Бензин нархининг ошиши буларнинг ташиш нархларига бевосита таъсир қилади. Ўйлайманки, бунинг оқибатида юк ташиш нархлари камида 40-45 фоизга ўсиб кетади. Чунки уларнинг энг асосий харажатлари ёнилғи (бензин ва солярка) билан боғлиқ.
Ташиш нархлари ўсиб кетганидан кейин биринчи навбатда озиқ-овқат ва хизматлар нархлари ўсади. Негаки, шу соҳаларда айланиш цикллари жуда тор бўлади.
Ўзбекистонда умумий иқтисодий тенденция доим шундай бўлганки, ёнилғи энергетика ресурслари нархлари ўсиши билан биринчи озиқ-овқат, кейин хизматлар нархлари қимматлашади. Хусусан, коммунал хизматлар нархи бирданига ўсиб кетади.
Яқинда Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқларда газ ва электр нархлари 25-30 фоизга ўсиши мумкин, деган хабар чиқарди. Агарда газ ва электр энергиясининг нархи ошадиган бўлса, ҳамма соҳаларда камида 30 фоиз ўсиш юзага келади. Чунки биридан бирига ўтганда фақатгина электр энергия, нефт ва нефт маҳсулотлари нархидаги ўзгариш эмас, уларнинг устига қўйилган устамаларнинг ҳам нархи ўсиб кетади. Чунки ҳеч ким маҳсулотни фойдасиз сотмайди.
Умуман олганда, нархлардаги ўсишлар қишлоқ хўжалиги ва саноатда структуравий ўзгаришлар юз беришига олиб келади. Инвестициялар кескин камаяди. Иқтисодиёт истеъмолга ишлайдиган бўлиб қолади. Бу жудаям катта иқтисодий талафотларга олиб келиб, умумий кўринишда мамлакат иқтисодий ўсиш суръатларида кескин пасайиш бўлади, деб қўрқаман.
— Нархлар ўсиши даромади кам аҳолига қандай таъсир кўрсатади?
— Молия вазирлиги даромад солиғини кимдан йиғяпти дейилса, 40 фоиздан ортиғи 2 миллион сўмгача ойлик даромад оладиган солиқ тўловчилардан йиғиларкан.
Яқинда Марказий банк ўтказган сўровлардан шу маълум бўлдики, даромади 3 миллион сўмгача бўлган аҳоли банкдан кредит олиш иштиёқида. Яъни улар жуда ҳам муҳтож аҳволдаки, “бир амаллаб кредит олсак, уни қайтариш кейин бир гап бўлар”, деган фикрда. Нархлар ўсиши биринчи бўлиб ана шуларга таъсир қилади.
Айтайлик, коммунал хизматлар нархлари ошгач, уни албатта тўлаш керак. Электр, газга тўлаш лозим. Бунинг оқибатида озиқ-овқат ва кийим-кечакка бўладиган талаб камаяди. Ва бу соҳаларда инқироз юзага келиши мумкин.
Агар озиқ-овқат ва коммунал хизматлар нархи ўсиши 30 фоиз бўлса, аҳолининг камбағаллашуви 10-20 фоизга ўсиб кетади.
— Шундай вазият юзага келадиган бўлса, қандай иқтисодий чоралар кўрган маъқул деб ўйлайсиз?
— Агар коммунал хизматлар ва электр энергия нархлари ўсадиган бўлса, энг муҳим ечим – аҳолига биринчи навбатда компенсация берувчи тўғридан тўғри тўловларни бюджетга масала қилиб қўйиш керак.
Иккинчидан, бюджет таркибида турли инвестицион ва бошқа субсидияларни кескин камайтириш керак. Хўжалик юритувчи субъектларга ҳеч қандай субсидиялар бўлмаслиги, инвестицион маблағларни бюджет қоплаб бериши керак эмас.
Буларнинг ўрнига аҳолига бевосита ёрдам берадиган, аҳолининг истеъмол даражасини кенгайтирадиган харажатларни режалаштириш зарур. Агар бу масала ҳал этилмаса, ижтимоий таназзул ошиб боради. Жамиятда норозилик кайфияти кучаяди.
— Фикрингизча, Энергетика вазирлиги олдида қандай вазифалар туриши керак?
— Аввало, Энергетика вазирлиги халқаро инвесторлар билан тузган шартномаларини қайтадан кўриб чиқиши лозим. Уларнинг ичида Ўзбекистон халқи манфаатига хизмат қиладиган моддаларни кучайтириш керак.
Инвестицион харажатларни ҳам қайтадан кўриб чиқиши зарур. Яъни бирданига, қисқа муддатда ва арзон харажатлар билан тез эффект берадиган лойиҳаларга эътиборини қаратиши керак.
Атом энергетикаси ҳақида ўйлаш керак эмас. У 10-15 йилда ҳал бўладиган нарса.
Бизга ҳозирги кунда аҳолининг электр энергияси истеъмолини қондирадиган лойиҳаларни ўйлаш керак. Бу фақат ИЭС, қуёш ва шамол станциялари, кичик-кичик ГРЭСлар бўлиши мумкин. Анъанавий энергетика ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш керак.
Экспорт билан импорт ўртасидаги балансни қайта кўриб чиқиш лозим. Конларда ишлаб чиқариш самарасини кескин ошириш керак. Бунинг учун албатта, техник имкониятлар ва ишчилар малакасини ошириш зарур.
Энергетика вазирлиги мамлакатимизнинг энг эрка “фарзанди” бўлиб қолди! “Фарзанд”ни эркалатган сари унинг эҳтиёжи кўпайиб бораверади-ку! Лекин ўшанга яраша сўров бўлмаяпти.
Масалан, нега GTL заводи шу пайтгача ишга тушмади? Ишга тушган бўлса, қандай маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда ва унинг таннархи қанақа? 3,7 млрд долларнинг натижаси қачон кўринади?
Уларни назорат қиладиган орган ким ўзи? Энергетика вазирлигими? Яъни ўзи лойиҳани қилиб, ўзини ўзи назорат қиляптими? Уларнинг молиявий, техник ва иқтисодий жиҳатдан назорати эътибордан четда қоляпти.
Исломбек Умаралиев суҳбатлашди.
Мавзуга оид
15:18 / 20.11.2024
Ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчалари бўйича мобил илова ишга туширилди
15:10 / 13.11.2024
Биржага чиқарилаётган АИ-80 бензинининг бошланғич нархига нисбатан чеклов ўрнатилди
17:26 / 06.11.2024
Пропан 5 ойда қарийб 2 баробарга, АИ-80 бензини эса йиллик нисбатда 26 фоизга қимматлашди
07:30 / 04.11.2024