Водородли самолёт, ОИВ ва безгакка қарши вакцина. 2022 йилда қандай технологиялар пайдо бўлиши кутилмоқда?
Техника ва технологиялар олами йилдан йилга жадал ривожланмоқда. 2022 йилда эса бу соҳада ҳар бир одамга мослаштирилган овқатланиш, VR машғулотлар, суяк имплантларини 3D принтерида чиқариш, метаборлиқ янгиликлар бўлиши кутиляпти.
The Economist 2022 йилда турли йўналишларда кутилаётган синовлар, стартаплар тўпламини эълон қилди.
Қуёш геоинженерияси
Вулқонларни атмосферанинг юқори қатламига олиб чиқувчи чанг ва кул совитиш таъсирига эга: 1991 йилда Филиппинда Пинатубо вулқони отилиши Ерни бир неча йил давомида 0,5 даражага совитганди.
Қуёш нурларини бошқариш сифатида маълум бўлган қуёш геоинженерияси ҳам назарий жиҳатдан худди шундай қила олиши мумкин. 2022 йилда Ҳарвард университети олимлари SCoPEx номли тадқиқот ўтказишни режалаштиришган.
Улар 2 кг номаълум материални ташлаб юборадиган ҳаво шарини стратосферага учиришади. Кейин эса у қуёш энергиясига қандай реакция қилиши ва уни тарқатишини ўлчайди.
Иссиқлик насослари
Дунёда энергия истеъмолининг тўртдан бир қисми қиш фаслида биноларда иссиқликни ушлаб туриш улушига тўғри келади. Одатда бу кўмир, газ ва нефтни ёқишга боғлиқ. Иссиқлик насосларидан фойдаланиш – истиқболли муқобил вариант. Музлаткич – ана шундай қурилмага мисол бўлади.
Иссиқлик насоси қизитилганида музлаткич каби ишлайди, бироқ қарама-қарши йўналишда: атрофдаги совуқроқ ҳаводан иссиқликни олади ва уни иситилаётган хонага чиқаради.
Сан-Францискоги Gradient стартапи совитиш ва иситишнинг гибрид тизимида ишлайди. Унинг қурилмалари дераза токчасига икки томондан ўрнатилади. У 2022 йилда савдога чиқарилади.
Водородда ишлайдиган самолётлар
2022 йилда водород ёнилғиси элементларига эга икки ўринли самолёт синовдан ўтказилиши керак. У Нидерландиядаги Делфт технология университетида қуриляпти. Калифорниянинг ZeroAvia стартапи 20 ўринли самолёт синовини якунлашни режалаштирган.
Калифорния Universal Hydrogen компаниясининг 40 ўринли самолёти 2022 йил сентябрь ойида ҳавога кўтарилади.
CO2ни тўғридан тўғри ушлаб қолиш
2022 йилда Канаданинг Carbon Engineering компанияси Техасда ҳавони бевосита ушлаб қолиш технологиясига эга корхонани (direct air capture, DAC) қуришга киришади. У мазкур технологияга эга дунёдаги йирик корхона бўлади. Бу ерда йилига 1 млн тонна СО2 ушлаб қолинади.
Швейцариянинг ClimeWorks компанияси 2021 йилда Испанияда DAC ишлаб чиқариш корхонасини очди. Американинг Global Thermostat компаниясининг иккита синов заводи мавжуд.
Вертикал фермалар
Буюк Британияда Jones Food Company 2022 йилда майдони 13 750 кв метрга тенг дунёдаги йирик фермани очади. Американинг AeroFarms компанияси ҳам Виргинияда ўзининг энг катта фермасини ташкил қилади, бошқа ишлаб чиқарувчилар ҳам кенгайишни режалаштиришяпти.
Елканли контейнер кемалар
2022 йилда Франциянинг Michelin компанияси елкани шишириладиган юк кемасини жиҳозлайди. Бундай елкан ёнилғи сарфини 20 фоизга камайтириши кутилмоқда.
Япониянинг MOL юк ташувчи кемалар компанияси август ойида кемага телескопик қаттиқ елканни ўрнатишни режалаштиряпти. Naos Design компанияси саккизта кемани буриладиган ва йиғиладиган қаттиқ “елканлар” билан жиҳозлайди.
VR машғулотлар
VR машғулотлар пандемия даврида фитнес клублар ёпиқ бўлган вақтда оммалашди. Айни вақтда бозорда Oculus Quest 2 арзон гарнитураси пайдо бўлди. Унинг янгиланган модели 2022 йилда чиқади.
Бу вақтда Европада виртуал реалликдаги машғулотлар учун Supernatural иловаси чиқарилиши мумкин. У ҳозирда фақат Шимолий Америкада мавжуд.
ОИВ ва безгакка қарши вакциналар
Moderna Covid-19’га қарши вакциналарда қўлланаётган mRNA-технологияси асосида ОИВ вакцинаси устида иш олиб боряпти. У аллақачон клиник синовларнинг дастлабки босқичида, тадқиқотнинг биринчи натижалари 2022 йилда олиниши режалаштирилган.
BioNTech безгакка қарши mRNA-вакцина устида иш олиб боряпти. Унинг клиник синовлари 2022 йилда бошланиши керак. Оксфорд олимлари ҳам безгак ва ОИВ вакциналари устида иш олиб боришяпти.
Суяк имплантларини 3D принтердан чиқариш
Particle3D ва A.D.A.M. стартаплари 2022 йилда одамга имплантация қилиш учун 3D принтерда суяклар чиқаришга умид қилишмоқда. Ҳар икки компания ҳам босиб чиқариш учун асоси кальцийдан иборат минералдан фойдаланади, имплантлар эса беморлар компьютер томографияси асосида буюртмага тайёрланади.
Аэротакси
2022 йилда вертикал учиш ва қўниш электросамолётларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш учун сертификатлаштириш учун бир неча компаниялар синов ўтказишади.
Калифорниянинг Joby Aviation компанияси ўндан ортиқ беш ўринли аэротакси қурмоқчи.
Германиянинг Volocopter компанияси эса 2024 йил Олимпий ўйинларида ҳаво таксисини ишга туширишни режалаштирган. Бу каби стартаплар орасида eHang, Lilium ва Vertical Aerospace ҳам бор.
Фазо туризми
2021 йилда Ричард Брэнсоннинг Virgin Galactic, Жеф Безоснинг Blue Origin ҳамда Илон Маскнинг SpaceX компаниялари фуқаро экипажларини фазога юборишди. 2022 йилда ҳар учала компания янада кўпроқ йўловчиларни жалб этишга умид қилишмоқда.
Дронларда етказиш
Голуэй графлигида ҳаво бўйлаб китоблар, егулик ва дориларни етказиб берувчи Ирландиянинг Manna стартапи бутун мамлакат ва Буюк Британияга кенгайишни режалаштиряпти. Google’нинг шуъба корхонаси Wing АҚШ ва Финландияда дронларда етказиб беришни синовдан ўтказяпти.
Болгариянинг Dronamics стартапи 39та Европа аэропорти ўртасида юкларни етказиб бериш учун дронлардан фойдаланмоқчи.
Товушдан тез бўлган самолётлар
2022 йилда NASA’нинг x-59 QueSST (quiet supersonic technology сўзларининг қисқартмаси) биринчи синов парвозини амалга оширади. У Калифорниянинг “Эдвард” авиабазасида ўтказилади. Бу муҳим, чунки биринчи тижорий тезучар Concorde авиалайнери қуруқлик устида товушдан тез уча олмаган.
Синовлар муваффақиятли ўтса, NASA регуляторлар ер устида товушдан тез бўлган парвозларга қўйилган тақиқни олиб ташлашига умид билдирмоқда.
3D’да чиқарилган уйлар
2022 йилда Калифорниянинг Mighty Buildings компанияси Ранчо Мираж шаҳрида 3D’да чиқарилган 15та уй қурилишини якунига етказади. Техаснинг ICON стартапи Остин яқинида 100та уйдан иборат район қурилишини бошлашни режалаштирган. Бу шунга ўхшаш лойиҳаларнинг энг йириги бўлади.
Уйқу технологиялари
Уйқу сифатини яхшилаш учун Кремний водийсида уйқу трекери, матрасни совитиш ва иситиш қурилмалари, “ақлли” уйғоткич ва бошқа технологиялар анчадан бери қўлланади. Google уйқуни кузатиш функциясига эга иккинчи авлод Nest Hub’ни намойиш этди. Amazon ана шундай қурилмани 2022 йилда чиқаришни режалаштирган.
Ҳар бир одамга мослаштирилган овқатланиш
АҚШда ҳар бир одамга мослаштирилган овқатланишга ихтисослаштирилган компаниялар ишга туширилгач, бошқа бозорларга кириб бориш ҳамда диабет ва бош оғриғини даволашда ана шу технологияларни қўллаш учун регуляторлар рухсатини олишга эришиш режалаштирилади. Нашрлар бу борада муайян стартапларни келтирмаган.
Саломатлик трекерлари
2021 йилда Fitbit ва Apple Watch каби қурилмалар асосан фитнес трекерлар сифатида фойдаланиляпти. Бироқ телемедицина ривожланиши билан истеъмолчи ва тиббиёт ўртасидаги чегара йўқолиб бормоқда. “Ақлли” соатлар ҳозирда қондаги кислород кўрсаткичини ўлчаши, ЭКГ қилиши мумкин.
Қондаги глюкоза ва алкоголь миқдори, артериал қон босими ва тана ҳароратини ўлчаш кейинги функциялар бўлиши мумкин.
Метакоинот
2022 йилда метакоинот видеоўйин, ижтимоий тармоқ ва “кишини ўзига жалб этувчи янги таассуротлар яратиш” учун бошқа кўнгилочар машғулотларни ўзида мужассамлайди. Minecraft, Roblox ва Fortnite каби ўйинлар метакоинотни яратиш йўлидаги қадамлар, Facebook эса ўз номини Meta деб ўзгартирди.
Квант ҳисоб-китоблар
Квант компьютери имкониятлари кўрсаткичларидан бири – кубитлар сони. Масалан, 2021 йилда хитойлик жамоа 66 кубитли тизим Zuchongzhi 2’ни ишга туширди. Унинг сўзларига кўра, суперкомпьютер ўзининг энг яқин рақобатчиси — Google Sycamore’дан миллион марта кучлироқ. IBM 2022 йилда 433та кубитга ва 2023 йилда 1000та кубитга етишни мўлжаллаяпти.
Виртуал инфлюенсерлар
Виртуал блогер ва моделлар ижтимоий тармоқларда ўз аккаунтларини юритишяпти. Бунга бир мисол америкалик ўйлаб топилган 19 ёшли модель Лил Микела. Унинг Instagram’да 3 млн обуначиси бор. Бундай виртуал инфлюенсерлар сони ортиши кутиляпти.
Нейроинтерфейслар
Илон Маскнинг “фикр кучи” билан видеоўйин ўйновчи маймунни намойиш этган Neuralink компанияси 2022 йилда ўз қурилмасини одамларда синамоқчи. Synchron компанияси бу каби синовларни бошлаш учун Америка регуляторлари розилигини олди. Тўққиз ёшли маймунга тасвирга олишдан тахминан олти ҳафта олдин Neuralink чиплари ўрнатилди. Уни рағбатлантириш учун трубкада бананли смузи берилди.
Сунъий гўшт ва балиқ
2022 йилда бир неча стартаплар сунъий гўшт ва балиқ савдосига рухсат олиши мумкин. Масалан, Исроилнинг SuperMeat стартапи товуқли бургерлар савдосига рухсат олишни мўлжаллаяпти. Калифорниянинг Finless Foods стартапи эса “тунец балиғи” савдосини бошлашга умид қиляпти.
Мавзуга оид
18:17 / 23.11.2024
Японияда одамларни ювинтирадиган кир машинаси ихтиро қилинди
16:59 / 18.11.2024
АҚШдан Хитойгача 40 дақиқада: Илон Маск самолётларни ракеталарга алмаштирмоқчи
14:28 / 16.11.2024
Буюк Британияда фирибгарларни алдовчи “нейрон буви” ишга туширилди
16:54 / 13.11.2024