Самарқандда «уч авлод учрашуви»: генерал Матлубов жиноятчиликнинг олдини олиш тажрибаси билан ўртоқлашди
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ички ишлар вазирлиги томонидан «Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари» шиори остида ўзига хос уч авлод учрашуви ўтказилди. Унда собиқ ички ишлар вазири, айни дамда ички ишлар академияси бошлиғи маслаҳатчиси вазифасида ишлаётган генерал-лейтенант Баҳодир Матлубов ҳам иштирок этди. Шунингдек, соҳада ўз номига эга бўлган яна бир неча нафар фахрийлар ўз тажрибаси билан бўлишди.
Нега уч авлод учрашуви?
Ички ишлар вазирлиги ёш ходимларнинг тажрибасини ошириш мақсадида барча вилоятларда уч авлод учрашуви шаклидаги ўзига хос мастер-классларни ўтказиб келмоқда. Унга кўра, биринчи авлод – ички ишлар тизимида самарали меҳнат қилган фахрий ходимлар, иккинчи авлод – айни дамда тизимда меҳнат қилаётган офицерлар, учинчи авлод – ИИВ қошидаги академик лицейларида таҳсил олаётган курсантлар.
Учрашувни Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шавкат Раҳмонов бошлаб берди. У тадбирнинг асосий меҳмони бўлмиш собиқ ички ишлар вазири генерал-лейтенант Баҳодир Матлубовнинг фаолияти ҳақида ёш офицер ва курсантларга маълумот берди. Шундан сўнг, бирин-кетин фахрий ички ишлар ва прокуратура ходимлари сўз олишди.
Генерал-лейтенант Баҳодир Матлубов, 2006-2013 йилларда Ўзбекистон ички ишлар вазири: «Мен мана шу Самарқанд заминида туғилганман, шу ерда ўқиб, ишлаганман. Бу ердаги кўпчиликни анчадан буён кўрмагандим. Собиқ иттифоқ давридан буён ҳозиргача мамлакат тинчлиги учун имкон борича ишлаб келяпмиз. Тинчлик жамиятдаги энг асосий нарса. Бу залда ўтирган фахрийларнинг ҳар бири бир китоб қилиб ёзгулик ҳаёт кечирган.
Уч авлод учрашуви доирасида Қорақалпоғистондан бошлаб барча вилоятларда бўляпмиз. Ҳамма ерда таниб бўлмайдиган даражада ўзгаришлар бўляпти. Бухорода ишлаган вақтимда ҳамма кўчаларни топиб бора олардим, ҳозир эса таниб бўлмайди, шаҳар ўзгариб кетган. Яхши томонга, албатта. Бухорода кечки 18:00 дан кейин очиқ дўкон ёки ижтимоий бино топа олмасдингиз. Ҳозир тунда ҳам ҳаёт қайнаяпти. Самарқандда ҳам бунёдкорлик ишлари тўхтаб қолгани йўқ. Келаси ШҲТ саммити ўтиши ҳам бежиз эмас», деди Матлубов.
Собиқ ички ишлар вазири фаолияти давомида дуч келган мураккаб вазиятларни эслар экан Фарғонадаги месхети турклари ва ўзбеклар ўртасидаги жанжал ҳақида гапирди: «Фарғонада ўзбек ва турк икки киши қулупнай талашиб уришгани ортидан катта можаро чиққани айтилади. Икки кишининг қулупнай талашгани ортидан бунақа катта жанжал бўлмайди-ку? Бунинг ортида учинчи кучлар турганди, уюштирилганди.
Кейин мустақиллик йилларида ҳам кўп воқеалар бўлди. 1992 йил Самарқандда бир гуруҳ одамлар қўлига арматура, резина таёқ олиб қишлоқ хўжалиги университетидан бошлаб йўл юзидаги кўзига кўринган деразаларни синдириб кетишди. Биз бориб уларни қуршаб олдик. Батальон ходимлари қуролларни тортиб олишди, қўлга тушганини автобусга солиб олиб кетдик.
Кўп ўтмай бу ҳол яна такрорланди. Регистондаги «Мўъжиза» концерт залида бир қўшиқчи концерт қўйди. Учинчи кун жанжал чиқди. Аксари қишлоқ хўжалиги институти талабалари бўлган. Улар нима талаб қилаётганини ўзи ҳам тушунмаган, чунки талабалар бунақа катта жанжал пайдо қилолмайди. Уларнинг четдаги домлалари ташкилотчи бўлган. Кейин уларни қўлга олиш учун куч ишлатишга мажбур бўлдик, чунки бошқачасига тинчитиб бўлмасди. Шунда талабалардан баъзилари касалхонага тушган. Мен шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи эдим. Талабалар тинчиши учун 10-15 нафар милиция ходимини қамаш кераклигини айтишди. Улар менинг командамни бажарган, мен жавоб бераман, бугун иккита милицияни қамасангиз, қолган ходимлар айтганингизни қилмай қўяди, дедим. Гапингга жавоб берасанми, дейишди. Жавоб бераман, дедим. Шундай қилиб қийин вазиятдан чиқиб кетганмиз», деди собиқ ички ишлар вазири.
Генерал Матлубов экстремизм билан кураш қачон бошлангани ҳақида ҳам гапирди: «Бизда аввал терроризм, экстремизм деган нарсалар йўқ эди. Ички ишлар ходимлари жиноятчиликнинг олдини олиш, очилмаган жиноятни очиш билан шуғулланарди. 1992 йил Наманганда ҳокимиятни эгаллаб ислом давлати тузаман, дейишди. Ўшандан терроризм, экстремизм деган тушунчалар ҳаётимизга кириб келди. 1999 йил февралдаги воқеаларни эсланг. Бир вақтда 6 та жойда машина портлаганди. Кейинчалик бошқа вилоятларда ҳам террористик актлар бўлди. Кейин аниқладик: ўша воқеаларни ташкил этганлар Тожикистонга бориб бошланишига диний, кейин ҳарбий билим олган. Кейинги босқичда улар Чеченистонга юборилган. У ерда Хаттаб дегани бўларди, ўшанинг жамоасидан илм олишган.
1999 йилларда бўлган воқеалардан кейин мамлакат ички ишлар тизимида ҳам ислоҳотлар бошланиб, профилактика инспекторлари лавозими жорий этилди. Ҳозирда ҳар бир маҳаллада бир нафардан профилактика нозири ишламоқда. Уларнинг вазифаси жуда муҳим, чунки жиноятнинг олдини олиш айнан уларнинг фаолиятидан бошланади. Инспектор маҳалладаги хонадонларни айланиб чиқиши, одамлар билан мулоқот қилиши, инсонлар уларга ишониши керак. Агар нозир одамларнинг ишончини қозонмаса, ҳеч қандай маълумот ололмайди. Кимнинг қўлида маълумот кўп бўлса, ютуқ уники бўлади. Унутманглар, ички ишлар ходимлари халқнинг хизматидаги одам.
Когонда ҳарбий омбор портлагандан кейин тумандаги 22 та маҳаллага профилактика инспектори қўйишни сўрадик. Натижада 4 йил давомида ўша маҳаллаларда жиноят бўлмади, очилмаган жиноятлар ҳам қайд этилмади. Бугун эса бутун мамлакатдаги маҳаллаларда инспекторлар ишлаяпти», деди Матлубов.
Генерал-майор Раим Каримов сўз олар экан ички ишлар ходими учун аввало ҳар қандай инсонни қадрлаш муҳим эканини айтди: «Ички ишлар ходими фуқаролар билан ишлаётганда аввало унинг инсон сифатида ҳурматини жойига қўйиши керак, у жиноятчи бўлса ҳам. Ўзини ҳурмат қилаётганини сезгач, жиноятчи ҳам шунга яраша муносабатда бўлади. Ҳозир интернетда ҳам ҳар хил видеолар тарқаляпти. Ҳеч қачон унутманглар: асло қўполлик қилмаслик керак», деди генерал Раим Каримов.
1991-98 йилларда Наманган вилоят прокурори вазифасида ишлаган генерал-майор Ҳусен Собиров ҳам фаолиятидаги мураккаб вазиятларни эслади: «Наманган воқеалари вақтида Самарқанддан 400 нафар милиция ходими Наманганга командировкага бориб, кинотеатрнинг ичида яшаб юришди. Ўшанда ички ишлар ходими, прокурорни ўлдириб, саросима юзага келтирмоқчи бўлишган, милиция одамларни ҳимоя қила олмайди деган кайфият уйғотмоқчи бўлишган. Жиноятчиларнинг мақсади Ленинободдаги кўприкни ва Қамчин довонини портлатиш бўлган. Шундай қилиб водийни ажратиб олиб, ислом давлати қурмоқчи бўлишди. Ўшанда жуда кўп милиция ходими ҳалок бўлган, лекин одамлар ўлишига йўл қўймаганмиз.
Мен Наманганда прокурор бўлганим ҳам қизиқ бўлган. Бўритош Мустафоев (адлия вазири ва бош прокурор лавозимларида ишлаган) Ислом Каримовга буни қандай тайинлаймиз, конституция йўқ-ку, дедилар. Ислом Абдуғаниевич «Бўритош, мустақил бўлдик, энди ўзимиз кадр тайинлаймиз», дедилар. Шундай қилиб Наманган прокурори бўлдим. Мен сизлар билан кўришганимдан хурсандман. Бугунги ички ишлар ходимларига фақат ҳавас қилиш мумкин. Ишонинг, жуда яхши шароитда ишлаяпсиз», деди учинчи даражали адлия давлат маслаҳатчиси Ҳусен Собиров.
Учрашув якунида кўплаб фахрий ички ишлар ходимлари ИИВнинг 30 йиллиги кўкрак нишони билан тақдирланишди. Шунингдек, иштирокчиларга Баҳодир Матлубовнинг «Ўзбекистонда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш тарихи» китоби совға қилинди.
Мавзуга оид
16:43 / 27.11.2024
Самарқандда ҳисобчи тадбиркорнинг 6,4 млрд сўмини онлайн қиморда ютқазиб қўйди
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024