Жаҳон | 21:43 / 24.11.2021
21147
3 дақиқада ўқилади

«Ерни қутқариш миссияси» – «Космик камикадзе» астероид орбитасини ўзгартиришга уриниб кўради

Чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 11:21да Калифорниядаги космодромдан DART (Double Asteroid Redirection Test) номли учувчисиз зонд Space X'нинг Falcon 9 ҳаво кемасида коинотга учди. Бу тарихдаги илк «космик камикадзе» ҳисобланади.

Bill Ingalls / NASA / EPA / Scanpix / LETA

325 миллион доллар турувчи ажабланарли қурилманинг вазифаси ҳам ажабланарли – ҳажми ва оғирлиги жиҳатидан ўзидан анча катта астероидга урилиб, унинг орбитасини ўзгартириш. DART NASA ва Европа космик агентлиги ҳамкорлигида Ерни сайёралараро зарбалардан асраш дастури доирасида ишлаб чиқилган. Худди «Армагеддон» фильмида Брюс Уиллис уддалагани каби.

DART'нинг илк нишони Ерга яқин бўлган Дидим астероиди. Унинг диаметри 780 метр. Иккинчи нишон эса Дидимнинг йўлдоши Диморф. Таққослаш учун, нишондаги астероид Эйфел минорасидан икки баравар каттароқ. Иккинчи нишон эса Озодлик ҳайкалидан деярли икки баравар катта. Уларнинг иккисини жиловлаши керак бўлган DART эса 19 метр диаметрли зонд.

2003 йилдан буён астрономлар бу икки астероидни кузатиб келишади ва уларнинг иккиси ҳам сайёра учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Аммо олимлар Ерга реал хавф туғдириши мумкин бўлган ўнлаб фазовий жисмларни қайд этишган. «Ерни қутқариш» дастури айнан сайёрага урилиши мумкин бўлган ўша объектлар учун ишлаб чиқилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, астероидлар жуфтлиги кейинги йил сентябрда Ерга «атиги» 6,7 миллион км яқинлашиши кутиляпти. Бу Ердан Ойгача бўлган масофадан 15 баравар узоқ дегани. Ўшанда 550 кг оғирликдаги DART қурилмаси Диморф астероидига соатига 24 минг км тезлик билан урилиши керак бўлади.

Европа космик агентлиги Falcon 9 ҳаво кемаси қурилмани қандай коинотга олиб чиқиши ва астероидга урилиш жараёни ҳақида анимацион лавҳа эълон қилди. Урилиш жараёнини баҳолаш ва астероиднинг кейинги орбитасини кузатиш Гера номли бошқа космик миссияга юкланган. Иккинчи босқичдаги бу миссия Дидим ва Диморф кейинги сафар Ерга яқинлашиши кутилаётган 2026 йилга тўғри келади. Ўшанда астероид орбитаси қанчалик ўзгаргани билинади.

Астрономларнинг маълум қилишича, Ернинг йирик космик жисмлар билан урилиб кетиши ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Астероиднинг катталиги ва ҳажмига қараб бундай урилиш камида Ер силкиниши, цунами ёки бошқа офатларни келтириб чиқариши, ёмон ҳолатда эса вазият янада ёмонроқ бўлиши тахмин қилинади.

Тарихчи-астрономларнинг фикрича, 66 миллион йил аввал шундай тўқнашиш оқибатида Ер юзида ҳайвонот олами, хусусан, динозаврлар қирилиб кетган. 2016 йилдан буён NASA Ерни сайёралараро зарблардан асраш учун аниқ механизм ишлаб чиқишга киришган. 2020 йилдан бошлаб бу лойиҳа жиддий тус ола бошлади. Сайёрани асраш бўйича бутунжаҳон конференцияда АҚШ, Европа космик агентлиги ва «Роскосмос» қўшилганди.

Мавзуга оид