Ўзбекистон | 20:46 / 27.11.2021
5279
2 дақиқада ўқилади

Экоқўм 25 минг 784 гектар ер майдонини яроқсиз ҳолатга келтирган ташкилотлар номини очиқлади

Кеча, 26 ноябр куни АОКА мажлислар залида Экология қўмитаси мутасаддилари иштирокида ер-сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, тадбирда қўмита раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов Ўзбекистонда экин майдонлари шўрланиши ва бу жараёнда кимёвий ўғитларни камайтиришнинг ўрни борасидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Гербицид, пестицид ва минерал ўғитлар. Уларнинг аксарияти бизга импорт сифатида кириб келади. Аввалроқ кимёвий ўғитларнинг импорти назорати «Ўзагрокимёҳимоя» АЖда эди. Ҳозирда тугатилган бу ташкилотнинг республикада 13та кимёвий полигони бор. Биз эндиликда ўша полигонларни қарор билан ўзимизга оляпмиз.

Бундан ташқари, авваллари республикага олиб кириладиган барча кимёвий ўғитларни назорат қилиш бўйича алоҳида комиссия ишларди. Биз бу комиссияга ҳам аъзо бўлдик. Эндиликда кимёвий моддаларнинг Ўзбекистонга кириб келиши, ишлатилиши ва ишлатилгач, унинг идиш, чиқинди ва ёрлиқлари қаерга топширилишигача назоратда бўлади.

Биз айтяпмизки, бу каби маҳсулотларнинг идишлари утилизация қилиниши керак», – деди у.

Боқижоновнинг қўшимча қилишича, ҳозир Ўзбекистонда 25 минг 784 гектар бузилган ер майдони бор.

«Бу «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси, Автомобил йўллари ва Геология қўмитаси, Иссиқлик электр станциялари, «Ўзбекнефтгаз» ва «Лукойл» каби компаниялар ҳисобидан чиқиб келяпти. Булар нимадир иш қиладики, ерни бузади.

Биз бу майдонларга қайта ишлов беришни уларнинг ўзига топширганмиз.

Бу борада улар охирги тўрт йилда 6 минг 459 гектар ер майдонини бизга қайта ишлов берган ҳолда қайтариши керак. Бу бўйича ишлаяпмиз», – деди қўмита раиси ўринбосари. 

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид