Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Англияда қорли тур, Францияда Мессининг ассистентлик ҳет-триги, Неймарда қўрқинчли жароҳат
Европа футболида якшанба куни рўй берган асосий воқеалар.
Франция: Парижнинг иродали ғалабаси
«Сент-Этьен» — «ПСЖ» — 1:3 (Буанга, 23 — Маркиньюс, 45+2, 90+1. Ди Мария, 77).
Аутсайдер майдонида парижликлар максимал ҳужумкор таркиб туширди - Неймар, Мбаппе ва Ди Мария учлигини орқароқдан, «ўнлик» позициясидаги Месси қўллаб турди. Аммо бу олдиндан кутилган таркиб эди, куннинг асосий воқеаси эса Серхио Рамоснинг дебюти бўлди. Узоқ вақт даволанган испаниялик ниҳоят «ПСЖ» сафидаги илк ўйинини ўтказди, бу унинг олти ой ва 23 кун давом этган танаффусдан кейинги илк расмий ўйини бўлди.
Ўйин кутилганидек бошланди — меҳмонлар кетма-кет ҳужумлар уюштиришди, Мбаппе бирга-бир вазиятдан фойдалана олмади, Неймарнинг голи офсайд туфайли бекор қилинди. Аммо яшиллар илк бор катта куч билан олдинга ташланганида Буанга Доннаруммадан қайтган тўпни дарвозага жойлади. Лекин «Жоффруа-Гишар»даги мухлислар байрамни фақат видеотакрор орқали «ўйиндан ташқари ҳолат» бекор қилинганидан кейин нишонлашди. Парижликлар ўз имкониятларини йўққа чиқаришда давом этишди - дарвозабон Грин уларнинг барча уринишларини бартараф этаверди.
Аммо биринчи бўлим якунида арбитр Колоджейчакни майдондан четлатди, Месси эса жарима нуқтасидан тўпни Маркиньоснинг бошига қўндириб берди. Лео ўзи гол урмади, иккинчи бўлим ўрталарида идеал позициядан хато зарба берди, аммо кечанинг асосий юлдузи айнан у бўлди. Аргентиналик футболчининг навбатдаги узатмасини Ди Мария голга айлантирди.
Фақат Мессининг Маркиньосга навбатдаги голли узатмаси Неймарнинг жароҳати соясида қолиб кетди. Бразилиялик ҳужумчи рақибнинг подкатидан қочмоқчи бўлганида оёғини қайириб олди. У оғриқдан бақириб юборди, шунинг ўзиёқ вазият нақадар жиддийлигини кўрсатарди. Майдонга чиқиб келган шифокорлар бир неча дақиқа унга тиббий ёрдам кўрсатишди, кейин замбилга солган ҳолда майдондан олиб чиқиб кетишди.
Аниқ ташхис ҳали маълум эмас, аммо Instagram саҳифасида бразилиялик футболчи қўлтиқоёққа суянган ҳолдаги расмини қўйиб, шундай ёзди: «Афсуски, бундай омадсизлик —спортчи ҳаётининг бир қисми. Бошни тик кўтарган ҳолда қоламиз ва олдинга юрамиз. Мен янада кучлироқ бўлиб қайтаман».
Сўнгги маълумотларга кўра, унинг тикланиши учун камида олти ҳафта вақт талаб этилади.

Англия: қорли тур
«Бёрнли» — «Тоттенҳэм» — ўйин бекор қилинди

Буюк Британияда қор бўронлари давом этмоқда. Аммо, масалан, Шотландияда бу муаммога айланмади ва «Рейнджерс» Ливингстонда нисбатан яхши ҳолатдаги газонда ўйнади. Қорни кураб ташлашди ва майдон атрофида катта бўлмаган қор уюмлари пайдо бўлди.
Ланкаширда эса қор кучлироқ ёғди, стадион ходимлари ва ҳатто мезбон жамоа мураббийлари ҳам «Терф Мур» ўйингоҳи газонини тозалашда ёрдам беришга ҳаракат қилишди, «Бёрнли» бош мураббийи Шон Дайч эса битта кўйлакда майдонга чиқиб келди. Қор ёғиши секинлашмагач, АПЛ раҳбарияти ўйинни қолдиришга қарор қилди.
«Манчестер Сити» — «Вест Ҳэм» — 2:1 (Гундўған, 33. Фернандиньо, 90 — Ланcини, 90+4)
Манчестерда ҳам қор ёғди, аммо биринчи бўлим давомида об-ҳаво шароити ёмонлашган бўлса-да, ўйнаш мумкин эди. Дастлаб Маҳрезнинг голи офсайд туфайли бекор қилинди, кўп ўтмай Гундўған қорли шароитда у қанотдан кучли узатилган тўпни керакли йўналишда дарвозага жойлаб қўйди ва у бу ишни штатдаги форвардлардан яхшироқ бажарди.
Ўйинда интрига сўнгги дақиқаларгача сақланиб қолди ва Фернандиньо масалани ҳал қилди. У январь ойида «МЮ»га қарши кечган дербидан буён гол урмаётганди. «Вест Ҳэм»нинг жавоб голи жуда кеч урилди, жамоа Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртликдаги ўрнини сақлаб қолаётган бўлса-да, ўйинда пасайиш бошланган. Лондонликлар «Сити»ни қаторасига 13 ўйинда мағлуб этолмаяпти. Бу даврда улар 11 ўйинда мағлуб бўлишган, тўплар нисбати эса 6-35 кўринишини олган.
«Челси» — «Манчестер Юнайтед» — 1:1.
Оле Гуннар Сульшернинг «Манчестер Юнайтед»дан истеъфога чиқарилиши ва бош мураббийликка вақтинча Ральф Рангник олиб келиниши, доимий мураббий изланаётгани (бу борада фаворит — Маурисио Почеттино) — мураккаб тақвим билан бир вақтга тўғри келди. Аввалига ЕЧЛда «Вильярреал» майдонига сафар қилинди. Энди — «Челси», кейинги турларда «қизил иблислар»ни «Арсенал» ва бу мавсумда ёрқин ўйин кўрсатаётган «Кристал Пэлас» кутмоқда. Ва буларнинг барчаси бир неча кунлик танаффуслар билан бўлмоқда.
«Челси» ҳозирда юқори спорт формасида — кўклар барча турнирлар доирасида 29 сентябрдан буён мағлуб бўлмаган, ўшанда уларни Туринда «Ювентус» тўхтатганди (0:1). Тўрт кун муқаддам лондонликлар ишончли реванш олишди — 4:0.
Манчестерликларнинг вақтинча мураббийи Майкл Каррик ҳафта ўртасида бўлгани каби бошланғич таркиб билан барчани ҳайратга солди — у Криштиану Роналдуни захирада қолдирди.
«Челси»да эса ҳар қандай футболчилар жамланмасини — бошланғич таркиб деб аташ мумкин, жамоа захира ўриндиғи катта ва кучли футболчилардан иборат. Ромелу Лукаку бир ойлик танаффусдан кейин қаторасига иккинчи бор кўкларнинг заявкасидан ўрин олди.
Ўйин «Челси» истаган сценарий бўйича бошланди. 4-дақиқадаёқ Каллум Ҳадсон-Одои «Манчестер Юнайтед» ҳимоячилари хатосидан кейин ҳисобни очиши мумкин эди, аммо Давид Де Хеа жамоасини қутқарди. Испаниялик дарвозабонда одатдаги каби бу ўйинда ҳам иш кўп бўлди. Биринчи бўлимда мезбонлар ўн бор зарба беришди, шундан тўрттаси дарвоза соҳасига аниқ борди. Де Хеа айниқса Антонио Рюдигернинг жарима майдони ташқарисидан берган зарбасини қайтариш орқали муқаррар голдан қутқарди. Германиялик ҳимоячи «тўққизлик»ни аниқ мўлжалга олди, аммо дарвозабон жароҳат олиш ҳақида ўйламай қалтис сакради ва тўпни тўсин юқорисига ўтказиб юборди. «МЮ» мухлислари бахтига Де Хеа тезда ўзига келди.
Бўлим давомида «қизил иблислар» рақиб дарвозасига биргина зарба йўллашди, аммо шу улар танаффусга қадар 0:0 ҳисобини сақлаб қолиш учун етарли бўлди. Танаффусдан кейин эса улар дарҳол ҳисобни очишди. «Манчестер Юнайтед» дарвозаси олдида «стандарт» Бруну Фернандешнинг тўпни узоқлаштириши ва Жоржиньо бу тўпни қабул қилишда болаларча хато қилишига олиб келди. Жейдон Санчо майдон марказида тўпни эгаллаб олиб, рақиб жарима майдонига қадар югуриб борди, у билан параллел ҳолда югурган Маркус Рэшфорд унга Эдуар Мендини осонлик билан доғда қолдиришда ёрдам берди.
Голдан кейин ҳам ўйин картинаси деярли ўзгармади. «Челси» босим қилишда давом этди ва жавоб голи урилиши — фақат вақт масаласи эди. Шундай ҳам бўлиб чиқди. «МЮ» дарвозаси томон навбатдаги бурчак зарбаси белгиланганида Аарон Ван-Биссака эҳтиётсизлик қилди. Ҳимоячи тўпни узоқлаштиришга уринганида Тиагу Силвани тепиб юборди, бунинг учун Энтони Тэйлор пенальти белгилади ва Жоржиньо ҳисобни тенглаштирди.
Бу гол урилишидан олдинроқ Криштиану Роналду майдонга тушганди. Бу ўзгаришни кўпчилик пайқамади, чунки «Челси» ўтказиб юборилган голдан кейин меҳмонларни майдон марказидан ўтишга ҳам қўйишмаганди. Ўйин охиригача «Юнайтед» яна бир зарба беришга улгуришди. Бунда Менди ёрдам бериб юборди, унинг узатмаси Фредга бориб тушди, бразилиялик футболчи эса дарвозабоннинг хатосидан фойдалана олмади. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Рюдигер ғалаба голини уриши мумкин эди, аммо унинг жарима майдонига кирмасдан йўллаган зарбаси тўсиндан бироз юқори ўтиб кетди.
«Челси» АПЛда «МЮ»га қарши сўнгги 8 ўйинда ғалаба қозона олмаяпти (5 дуранг, 3 мағлубият). Шунга қарамай, Тухель шогирдлари биринчи ўринни ўзида сақлаб қолди, лекин «Манчестер Сити» билан орадаги фарқ бир очкогача қисқарди. «Манчестер Юнайтед» автобус қўйиш орқали очко олган бўлса-да, турнир жадвалида 8-ўринга тушиб кетди.

Испания: «Реал» олдинга ўтиб кетмоқда
«Эспаньол» — «Реал Сосьедад» — 1:0 (Я.Эррера, 77)
«Кадис» — «Атлетико» — 1:4 (Лосано, 86 — Лемар, 56. Гризманн, 70. Корреа, 76. Матеус Кунья, 86)
Яқиндагина турнир пешқадами бўлиб турган «Реал Сосьедад» «Эспаньол»дан мағлуб бўлгач, амалдаги чемпионларни ҳам олдинга ўтказиб юбориб, учинчи ўринга тушиб қолди. Басклар ҳамон юқори спорт формасини сақлаб қолаётган Диего Лопесга гол ура олишмади, ушбу фахрий футболчи Ла лигада сэйвлар сони бўйича ҳам, қайтарилган зарбалар улуши бўйича ҳам пешқадам. Янузай тўпни айлантириб тепганида ҳам дарвозабонга омад кулиб боқди ва олис бурчакка йўналган тўп тўсинга тегди. Ўз навбатида, Алекс Ремиро де Томаснинг зарбасини қайтарган бўлса-да, венесуэлалик Эррера қайтган тўпни дарвозага жойлади.
«Атлетико» эса Кадисдаги ўйиннинг биринчи бўлимида бирорта аниқ зарба йўлламади, аммо кейин улар мезбонлар мудофаасини парчалаб ташлади. «Матрасчилар»ни ранжитган ягона ҳолат — Облакнинг кулгили гол ўтказиб юборгани бўлиши мумкин, лекин бу гол натижага таъсир кўрсатмади. Диего Симеоне жамоаси «Милан»га қарши мағлубиятдан кейин дарҳол ўзига келган, ўша ўйин охирида қулай вазиятларни йўққа чиқарган Матеус Кунья ва Гризманн биттадан гол уришди. Француз Испания чемпионатида ўзига қарши ўйнаган 33 жамоага гол урган, у гол урмаган ягона клуб — ҳозирги клубидир.
«Реал» — «Севилья» — 2:1 (Бензема, 33. Винисиус Жуниор, 87 — Рафа Мир, 12)
Испанияда тур етакчи ва унинг яқин таъқибчиси ўртасидаги ўзаро ўйин билан якунлаб берилди. Севильяликлар азалдан «Сантьяго Бернабеу»да яхши натижаларга эриша олмай келган, аммо биринчи бўлимда уларда ҳеч қандай комплекс кўринмади. Аксинча, Хулен Лопетеги жамоаси танаффусга қадар ҳисобни йирик кўринишга келтириб қўйиши мумкин эди. Ўйинда ҳисобни очган бўлса-да, кейинги ҳужумлар вақтида Рафа Мир кетма-кет икки вазиятдан фойдалана олмади, аввалига унинг Куртуадан ўтказган зарбасини дарвоза чизиғи олдида Алаба қайтариб юборди, тўп яна ҳужумчига келиб тушганида у дарвозабонни алдай олмади, Окампоснинг Каземирони алдаб ўтиб, жарима майдонига кирар-кирмас йўллаган зарбаси эса тўсинга тегди.
Лекин «Реал» кутилмаган жойда ҳисобни тенглаштирди. Эдер Милитауда шунчаки ҳужумни ривожлантириш учун вариантлар йўқ эди ва у узоқ масофадан омадини синаб кўришга қарор қилди. Лекин Буну буни кутмаганди ва қийинчилик билан тўпга тегиб, уни устун томон буриб юборди, устундан қайтган тўпга эса Бензема етиб келди. Иккинчи бўлимда Карло Анчелотти жамоаси ташаббусни қўлга олди ва ўйин охирига бориб кучи тугаб қолган андалусияликларни узил-кесил таслим қилишди.
Тўпни қанотда қабул қилиб, икки ҳимоячини осонлик билан ортда қолдириб, марказ томон эркин ҳаракатланган ва учинчи ҳимоячидан ўтказиб тўпни узоқ бурчак томон йўллаган Винисиус Жуниорнинг голи ғалаба торти устидаги безакка айланди. Бензема — Винисиус боғлами фойда келтиришда давом этади (11+9), Куртуа эса сўнгги дақиқаларда мўъжиза кўрсатиб, голдан қутқарди, «Реал» иккинчи ўрин билан орадаги фарқни тўрт очкога етказди.

Италия: «Милан»нинг мағлубияти ва «Рома»нинг Шомуродовсиз ғалабаси
«Милан» — «Сассуоло» — 1:3 (Романьоли, 21 — Скамакка, 24. Кьер, 33, автогол. Берарди, 66)
«Милан» терма жамоалар танаффусидан кейин барчани ҳайрон қолдирмоқда. Бунгача Чемпионлар лигасида бирор ўйинда ғалаба қозонмаган ва 4 турдан кейин 1 очко билан сўнгги ўринда турган «россонери» Мадридда «Атлетико»ни мағлуб этди. Аммо А Серияда вазият бутунлай тескариси. Аввалига чемпионатда сафар ўйинида «Фиорентина»га мағлуб бўлинди. Энди Стефано Пиоли жамоаси Роберто Де Дзербисиз ҳам ҳаёт борлигини исботлашда давом этаётган «Сассуоло»га ўз майдонида ютқазди. Энди Алессио Дионизи бошқарувида ўйнаётган қора-яшиллар апрель ойида бўлгани каби яна «Сан-Сиро»да ирода кўрсатишди.
А Серияда 250-ўйинида майдонга тушган Берарди миланликлар ўзининг энг севимли рақиби эканини яна бир бор исботлади. «Сассуоло» етакчиси «Милан»га қарши 15 ўйинда 10 урди ва яна тўрт голли узатма муаллифи бўлди. Аммо бу кечанинг бош юлдузи барибир — «тўққизлик»ка йўлланган кучли зарбаси билан ҳисобни тенглаштирган Скамакка бўлди, у ғалаба голида ҳам катта иш бажарди, бу вазиятда гол Кьер номига автогол бўлиб ёзилди.
Энди қора-яшиллар бу муваффақиятдан боши айланмаслиги муҳим. Уларнинг олдинги ғалабаси бир ой муқаддам «Ювентус» майдонида қайд этилган, аммо шундан кейин уч турда атиги бир очко қўлга киритиб, авторитетларга таҳдид солувчи ўртамиёна жамоа бўлиб қолганди.
«Рома» — «Торино» — 1:0 (Абраҳам, 32)
Чемпионатдаги икки ҳафталик танаффус Жозе Моуриньо жамоасига ёрдам бергани кўринмоқда. «Рома» бир ҳафта ичидаги уч ўйинни жами 7:0 ҳисобида фойдасига ҳал қилди. Ўтган турда «Женоа»га қарши ўйин охирида қўлга киритилган ғалаба футболчиларни руҳлантириб юборгани кўриниб турибди. Лекин қайд этиш керакки, «бўрилар»нинг сўнгги рақиблари савия жиҳатидан ўзидан анча паст бўлган жамоалар бўлмоқда (ҳафта ўртасида Конференциялар лигасида Украинанинг «Заря» клуби 4:0 ҳисобида таслим этилди).
Бу вақтда Италияда яна Моуриньо ва Мхитаряннинг муносабатлари мураккаб экани ҳақида мавзу очилди. Гўёки арманистонлик яримҳимоячи қишдаёқ Римни тарк этишга тайёр ва унда РПЛ клубларидан таклифлар бор. Аммо Мхитаряннинг сўнгги ўйинларидаги ҳаракатлари буни тасдиқламаяпти. У Генуяда ҳал қилувчи голни ташкиллаштирганди, якшанба куни Абраҳамга ассистентлик қилди. Элдор Шомуродов эса тобора захира ўриндиғига михланмоқда - «Женоа» билан ўйинда унинг ўрнига тушган ёш ҳужумчи дубль қайд этганди, «Заря»га қарши ўйинда эса у барча масала ҳал бўлганида Дзаньолани алмаштирди, «Торино»га қарши эса бир дақиқа ҳам ўйнамади.

Германия: энг хавфли меҳмон
«Лейпциг» — «Байер» — 1:3 (Андре Силва, 62 — Вирц, 21. Диаби, 34. Фримпонг, 64)
Тур якунларига кўра «Байер» учинчи ўринга чиқиб олди, бунда леверкузенликларга «Фрайбург»нинг шанба кунги ўйинда очко йўқотиши қўл келди. «Лейпциг» Юлиан Нагельсманн ва қатор етакчилар кетгач аввалги каби кучли ва барқарор бўла олмаяпти. Қолаверса, «хўкизлар» жамоаси мухлислар қўллаб-қувватловидан ҳам маҳрум бўлишган, регионда жорий этилган коронавирус чекловлари туфайли уч тур ўйинига мухлислар кира олмайди.
Лекин трибуналар тўла бўлганида ҳам бу меҳмонларга қанчалик ёрдам бериши номаълум эди. Биринчидан, улар «аспиринчилар»нинг юлдузлари — Вирц ва Диабини тўхтатишнинг имконини топа олишмади. Иккинчидан, «Байер» сафар ўйинларида ҳеч қандай комплекс ҳис қилмайди. Бу чемпионатда фақат Леверкузен жамоаси бегона майдонларда ютқазмаган ва сафар ўйинларидан 15 очко билан қайтган. «Лейпциг» эса Собослои пенальтини аниқ ижро эта олмагани туфайли ҳисобни қисқартиролмади ва ўйин охири интригадан мосуво бўлди.

Кун статистикаси
- Нидерландия чемпионатида «Аякс» 6 турдан буён гол ўтказмаяпти ва 2010 йилдан буён энг яхши қуруқ серияни ўтказмоқда.
- Арнаутович «Болонья» сафида 6 гол уриб улгурди — у А Серияда 1987/88 йилги мавсумдан кейинги энг яхши австриялик легионер, ўшанда Вальтер Шахнер («Авеллино») ва Тони Польстер («Торино») 9тадан гол уришган.
- Германия чемпионатининг жорий мавсумида «Айнтрахт» футболчилари 6 ўйинда 90-дақиқадан кейин рақиб дарвозаларига гол уришди.
- «ПСЖ» йил бошидан буён Лиганинг 11 ўйинида рақибга биринчи бўлиб ҳисобни очиш имконини беришди. Бу жамоанинг 2012 йилдан буён энг ёмон кўрсаткичи.
- Лига 1 ўйинларида «Монако» сардори Бен Йеддер 21 марта пенальтини аниқ ижро этган. Асрда бошидан буён бу кўрсаткич борасида фақат икки футболчи Оливье Монтеррюбьо (26) ва Златан Ибраҳимович (24) ундан олдинда.
- АПЛда 30 ёшдан кейин «Лестер» ҳужумчиси Варди 93 голни урди, у афсонавий Иан Райтнинг рекордини такрорлади.
- Ла лигада 295 ўйин ўтказган «Бетис» ҳужумчиси Хуанми фаолиятидаги илк ҳет-трикни нишонлади.
Мавзуга оид
16:18 / 17.03.2025
Автоголлар, 70 йил кутилган кубок ва «Барса»нинг суперкамбэки – Евротурнинг энг муҳим 8 воқеаси
19:54 / 12.02.2025
Неймар яна «Сантос»да: футбол ниҳоят бойликни енгди
22:32 / 31.01.2025
Бразилиянинг «Сантос» клуби Неймар қайтганини эълон қилди
05:19 / 28.01.2025