Спорт | 16:18
3445
11 дақиқада ўқилади

Автоголлар, 70 йил кутилган кубок ва «Барса»нинг суперкамбэки – Евротурнинг энг муҳим 8 воқеаси

Дам олиш кунлари Европа футболида қизиқ воқеаларга бой бўлди. Айниқса, якшанба оқшомида бирданига уч топ лигада чемпионликка даъвогар жамоаларнинг ўзаро тўқнашуви клублар футболини яқин икки ҳафтада соғиниб қолишимизга шаъма қилган бўлса ажаб эмас. Tribuna.uz журналисти Қаҳрамон Асланов евротурнинг энг муҳим 8 воқеасини саралади.

АВТОГОЛЛАР

Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган «Манчестер Сити» қаторасига икки рақобатчиси билан тўқнаш келди ва атиги бир очко билан кифояланди. Афсуски, бу сафарги тур ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов учун омадсиз келди. Биринчи таймни анча ишончли ўтказган Ҳусанов 48-дақиқада меҳмонларнинг бурчак тўпидан сўнг ўз дарвозасига гол йўллаб қўйди. Аввалига офсайд чизиғини ушлашда шерикларидан кеч қолган Ҳусанов Хиншелвуднинг зарбасини қайтармоқчи бўлди, аммо ноқулай йўлантирилган тўп оқибатда Ортегани ҳам чалғитиб, дарвозага кириб кетди. Мана шу вазиятдан сўнг ҳисоб иккинчи марта тенглашгач, ўйин охиригача мезбонлар ғалаба голини ура олмади.

Худди шу оқшом Европада тўп сураётган яна бир ҳимоячимиз ўз ҳисобига автогол ёзиб қўйди. «Ризеспор» таркибида «Бодрумспор»га қарши тўп сурган Хусниддин Алиқулов ўйининг 22-дақиқасига ўз дарвозасига гол киритиб, ҳисобни очди. Мезбонлар сафида Самет Акайдин қизил карточка олгач, вазиятни тенглаштириш имконияти камайиб кетди ва яна бир гол ўтказиб юбордилар. Алиқулов эса жароҳат туфайли биринчи тайм охирида алмаштирилди.

ОМАДСИЗ «БЕШИКТОШ»

Аммо ҳафтанинг энг омадсиз жамоасини ҳам Туркиядан излаганимиз маъқул. Сульшер бошқараётган «Бешиктош» «Коняспор»га қарши ўйиннинг 27-дақиқасидан бошлаб бир киши кўп бўлиб ўйнаган бўлса-да, мезбонларнинг 45-дақиқасидаги голига бирорта ҳам жавоб бера олишмади.

Иккинчи таймда тўп назорати бўйича 83-17, зарбалар сони 20-2, бурчак тўплари 7-0, жарима майдонидаги тегинишлар 28-1 бўлса-да, «Бешиктош» бу устунликни очкога айлантира олмади. Ҳатто 65-дақиқада Ндао ҳам қизил карточка олиб, қолган қарийб 30 дақиқани мезбонлар 9 киши қолиб ҳам ғалабали ҳисобни сақлаб қолишнинг уддасидан чиқишди.

«Биз ниманидир ўзгартиришимиз керак, бу ўйин учун мухлисларимиздан узр сўраймиз», - деди учрашув тугагач норвегиялик мутахассис.

Энг қизиғи, «Бешиктош» ўтган турда «Газиантеп»ни қабул қилган ва 77-дақиқадан бошлаб бир киши кўп бўлиб ўйнаганди. Рақиб футболчига қизил карточка кўрсатилаётганда ҳисоб 1:1 эди, қолган дақиқаларда Сулшер шогирдлари ғалаба қозониш ўрнига, «Газиантеп» гол уриб 2:1 ҳисобида ютиб кетган.

ҒАЗАБДАГИ АНЧЕЛОТТИ

Чоршанба оқшомида «Реал» Чемпионлар Лигасида «Атлетико»га қарши майдонга тушди ва 120 дақиқа ўйнади. Ла Лига эса мадридликларнинг навбатдаги тур учрашувини якшанбага эмас, шанба оқшомига қўйган эди. Рақиб ҳам ноқулай, «Реал» 2017 йилдан бери сафарда «Вилярреал»ни енга олмай келмоқда.

Ўйин тўлиғича мезбонларнинг устунлигида ўтган бўлса-да, Мбаппенинг дубли «Реал»га иродали ғалаба олиб келди. Кўнгилдагидек натида қайд этилган бўлса-да, учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Карло Анчелоттини тинлантириб бўлмади.

«Бу бизнинг 72 соатдан оз муддатда майдонга тушган охирги ўйинимиз. Агар Лига яна шундай қиладиган бўлса, биз майдонга тушмаймиз» – деди италиялик мураббий.

Ҳақиқатан ҳам ўйиндан кейин мадридликларнинг аҳволи яхши эмасди. Бир неча футболчилар майдоннинг ўзида ётиб олишди ва шифокорлар ҳам аралашган ҳолатлар бўлди.

«БАВАРИЯ» ЯНА ОЧКО ЙЎҚОТДИ

«Бавария» бу сафар «Унион» билан дурангга рози бўлди. Ўтган турда «Бавария» ўйин бошидаёқ 2 гол уриб, яна пеналтидан аниқ фойлана олмай, қизил карточка олиб, якунда 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйганди. Бу сафар 75-дақиқада урилган Саненинг голини асраб қола олишмади – мезбонлар 83-дақиқада ҳисобни тенглаштиришди. Мюнхенликларда Бундеслигада охирги 2 ўйинда атиги 1 очко.

Атиги бир ҳафта олдин Бундеслигада ҳаммаси ҳал бўлгандек, 16 ва 13-ўринларда бораётган «Бохум» ва «Унион»га қарши ўйинларда Компани шогирдларининг очко йўқотишини кутиш ҳам қийин эди. Катта эҳтимол билан «Байер» ҳам буни кутмаган, акс ҳолда, агар ливеркузенликлар бу «совға»дан фойдалана олишганда эди, айни пайтда икки пешқадам орасидаги фарқ атиги 3 очкони ташкил қилган бўларди.

Аммо «Байер» ҳам қолишмади. Бу сафар Алонсо шогирдлари Штутгартда ажойиб камбэк (4:3) амалга оширган бўлишса-да, ўтган ҳафтадаги «Вердер»дан мағлубият қимматга тушди. Ҳаммаси Ҳарри Кейннинг фаолиятидаги илк совринига қараб кетмоқда.

ЕТМИШ ЙИЛЛИК СОҒИНЧ

Бу бўлимни бир ҳафтада икки совринни бой берган «Ливерпул»га бағишлаш ҳам мумкин эди, аммо «Нюкасл»га нисбатан адолатсизлик бўларди. Эди Ҳау шогирдлари сўнгги уч йилда кўрсатган ўйини учун албатта, совринга муносиб эдилар. Жамоа икки йил олдин ҳам худди шу турнир финалига етиб келган, аммо 0:2 ҳисобида «Манчестер Юнайтед»га ютқазиб қўйгандилар. Бу сафар ўхшади. Бу соврин 1955 йилдан бери «Нюкасл» қўлга киритган илк совриндир. Ўшанда нюкаслликлар Англия кубогида зафар қучганди. Лига кубоги эса илк марта жамоа музейидан жой олади.

Албатта, «Ливерпул»нинг бу қадар ёмон ўйинига ҳафта ўртасидаги «ПСЖ»га қарши учрашув ҳам таъкир кўрсатгани шубҳасиз. «Нюкасл» бир ҳафта давомида финалга бор эътиборини қаратиб тайёрланиш имкониятига эга бўлганди, «Ливерпул» эса ҳафта давомида ҳам жисмонан чарчади, ҳам эмоционал чуқурга тушиб чиқишганди. Натижа фақат ҳисобда эмас, ўйинда ҳам яққол кўринди – Слот шогирдлари то Кьеза сўнгги дақиқада ҳисобни қисқартиргунча 5 марта зарба бера олишди холос. «Нюкасл»да эса зарбалар сони 17 та.

Дарвоқе, охирги марта «Нюкасл» «Ливерпул» устидан қарийб ўн йил олдин, 2015 йилнинг декабрида устун келганди.

«БОЛОНЯ» ЎЗИГА КЕЛМОҚДА

«Болоня»нинг ўтган мавсумдаги юксалишини кўпчилик ҳақли равишда мураббийга боғлагани аниқ. Айниқса, «Ювентус» бунга кўпроқ эътибор қаратиб, Моттани ўз жамоасига чорлаган эди. Бу турда эса «Болоня» «Ювентус»ни қувиб ўтди ва 4-ўринга кўтарилиб олди.

Туринликлар Флоренцияда йирик мағлубиятга учраган бўлсалар, «Болоня» яна бир асосий рақобатчиси «Лацио» устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Биринчи даврада римликлар ўз майдонида 3:0 ҳисобида устун келгандилар, жавоб ўйинида қасос ортиғи билан олинди. Бу «Болоня»нинг чемпионатдаги қаторасига тўртинчи ғалабаси эканини ҳам эътироф этиш керак.

Қизиғи ана энди бошланади. Жамоа кейинги турларда қаторасига «Наполи», «Аталанта» ва «Интер» билан куч синашади. Қайсидир маънода чемпионлик курашига ҳам таъсир этиш билан биргаликда, ҳали яна асосий рақиблар «Милан» ва «Ювентус» билан баҳслар ҳам кутиб турибди.

ИТАЛИЯ ВА ФРАНЦИЯДА ПЕШҚАДАМЛАР БАҲСИ

«ПСЖ» Чемпионлар Лигасининг ҳал қилувчи ўйинлари олдидан ички чемпионатни ҳал қилиб қўймоқчи шекилли. Бу сафар Энрике шогирдлари энг яқин таъқибчи – де Дзербининг «Марсел» жамоасини 3:1 ҳисобида доғда қолдиришди. Ўртадаги фарқ эса энди 19 очко. Демак «ПСЖ» чемпионликни расман ҳал қилиши учун қолган 8 турда 5 очко олса кифоя. Бу дегани, ҳатто кейинги турдаёқ, мабодо»Марсел» яна очко йўқотадиган бўлса, парижликлар чемпионга айланиши мумкин.

Италияда эса «Наполи» энг кутилмаган пайтда қоқилди. Конте шогирдлари «Венеция»да дуранг ўйнагач, «Интер»да 1 очколик фарқни 3 тага ошириш учун яхши имконият ҳосил бўлди. Рақиб эса яна бир чемпионликка даъвогар бўлган «Аталанта». Қизиғи, «Аталанта» ҳам икки тур олдин айнан «Венеция» билан худди шундай 0:0 ҳисобидаги дуранг ўйнаб, қимматли очколарни бой берганди. Аугусто ва Мартинеснинг голлари миланликларга «Аталанта» устидан ғалаба келтирди ва энди «Интер» «Наполи»дан 3, «Аталанта»дан 6 очко олдинда, якка пешқадам бўлиб олди.

ЯНА СЁРЛОТНИНГ ГОЛИ «ҲАЛ ҚИЛДИ»

Европа оқшоми голларга бой бўлган ажойиб учрашув билан якунига етди. Яқинда «Атлетико» ва «Барселона» Испания кубоги ўйинида ҳам шоу (4:4) уюштириб бергандилар, бу сафар ҳам кам бўлмади. Аммо бу сафар ҳам мадридликлар 2:0 ҳисобидаги ғалабани ушлаб қололмадилар.

Эсингизда бўлса, Барселонадаги ўйиннинг сўнгги дақиқасида Сёрлот меҳмонларни олдинга олиб чиқиб, «Атлетико»га ғалаба келтирганди. Бу сафар ҳам норвегиялик ҳужумчи захирадан чиқиб, иккинчи голни урган пайтда, гўё ҳаммаси ҳал қилингандек эди. Балким айнан мана шу туйғу «Атлетико» футболчиларининг хаёлидан ўтгандир? Натижада, 1:0 пайтидаги концентрация йўқолиб қолди, меҳмонлар эса тезда жавоб беришди. Якунда Торреснинг дубли, Ямалнинг ҳал қилувчи зарбаси ёрдамида каталонияликлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бир пайтлар италиялик машҳур мураббий Эленио Эррера унга 2:0 дан кўра 1:0 ёқишини айтганида, мана шундай ҳолатларни назарда тутган бўлса ажаб эмас.

Испанияда қўшҳокимлик юзага келди, аммо «Барселона» «Реал»дан бир ўйин кам ўтказган. «Атлетико» эса 4 очкога орқада қолиб кетди.

Бу жамоалар терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг яна бир марта тўқнаш келадилар. Испания кубоги яримфинали жавоб баҳсида ўша саккиз голдаям чала қолган масалага ойдинлик киритилади.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид