Ўзбекистон | 18:25 / 29.11.2021
9144
2 дақиқада ўқилади

Салкам 5,5 млрд сўм. 300 минг хонадонга бериладиган табиий газ ўғирлангани аниқланди

Самарқанд вилоятининг Нарпай туманидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаси 300 минг хонадоннинг бир кунлик истеъмолига тенг табиий газни ўғирлаган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилмоқда.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

“Энергетика вазирлиги, “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали ходимлари 2021 йил 18 ноябрда Самарқанд вилоятида махсус тадбир ўтказган. Унда Нарпай тумани, “Тепа” МФЙ ҳудудида фаолият юритаётган “Oqtosh Diyorbek Nur” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасининг табиий газдан фойдаланиш ҳолати назорат қилинди.

Ўтказилган назорат тадбирида газ ҳисоблаш ускунасидан ташқари АГТКШ ҳудудидан ўтувчи “Оромгоҳ” кичик саноат зонасини табиий газ билан таъминловчи кесими 159 мм.ли газ тармоғига ўзбошимчалик билан яширинча уланиб табиий газдан ноқонуний фойдаланаётганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолат бўйича дастлабки ҳисобланган газ ҳажми 5 млн 424,0 минг метр кубни ва етказилган зарар миқдори 5 млрд 424,0 млн сўмни ташкил этган.

Мазкур ҳажмдаги табиий газ 300 минг хонадоннинг бир кунлик истеъмолини ташкил қилади.

Юқорида қайд этиб ўтилган ноқонуий ҳолат бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди”, - дейилади хабарда.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид