Ўзбекистон | 18:01 / 30.11.2021
17149
2 дақиқада ўқилади

Амударёдаги ўрмон ёнғини Туркманистон ҳудудида бошлангани маълум қилинди

Фото: Қорақалпоғистон Экология қўмитаси

Амударё туманидаги дарёга ёндош тўқайзорда келиб чиққан ёнғин юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси расмий маълумот берди.

Маълум бўлишича, ёнғиннинг бошланиш нуқтаси Назархон участкаси яқинидаги ҳудуд қўшни давлат (Туркманистон)га тегишлилиги аниқланган. Мазкур ҳудуд Амударё дарёсининг ўртасида жойлашган орол бўлиб, умумий майдони 562 гектар. Шундан, 420 гектар ер майдони Қуйи Амударё биосфера резерватига тегишли ва 142 гектари Туркманистон Республикаси ҳудуди ҳисобланади.

Ёнғинни бартараф этиш бўйича техника воситаларининг бориш имконияти қийин бўлса-да, 27 ноябрь куни ер суриш техникалари ёнғинни ўчиришга жалб этилди. 28 ноябрь куни ихоталаш орқали олов тўхтатилди. Лекин тунги вақтда эсган шамол қайта алангаланишга олиб келган. 30 ноябрь куни соат 10:00 ларда ёнғин тарқалиши тўлиқ бартараф этилган. Лекин ФВВ хабарида ёнғинни 30 ноябрь куни соат 03:30да ўчиришга эришилгани маълум қилинганди.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда ёнғин қайта алангаланмаслигига қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда.

Дастлабки ўрганишлар бўйича тахминан 30-35 гектар атрофидаги тўқайзорга зарар етган. Ёнғин сабаби ва зарарни аниқлашга доир ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Қорақалпоғистон Республикаси Беруний ва Амударё туманлари ҳудудларида жойлашган. Умумий майдони 68 717,8 гектарни ташкил қилади. Мазкур биосфера резерватининг Назархон бўлимидаги 11-айланма тўқайзор ўрмонида ёнғин содир бўлган.

  • Бундан олдинроқ Қорақалпоғистондаги ўрмонзорда содир бўлган ёнғин ўчирилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид