Жаҳон | 23:41 / 30.11.2021
7757
1 дақиқада ўқилади

Доҳада АҚШ делегацияси “Толибон” билан музокаралар ўтказди

Қайд этилишича, толиблар делегацияси АҚШдан Афғонистоннинг музлатилган пулларини зудлик билан бўшатиш, қора рўйхатлар ва санкцияларни бекор қилишни сўради.

Фото: Twitter / Zabihullah Mujahid

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Том Уэст бошчилигидаги Америка делегацияси “Толибон” ҳаракати вакиллари билан икки кунлик музокаралар ўтказди, деб хабар қилди толиблар ТИВ матбуот котиби Абдул Қаҳҳор Балхий.

Хабарда айтилишича, толиблар делегациясига ташқи ишлар вазири мавлавий Амирхон Муттақий бошчилик қилган.

“Делегациялар сиёсий, иқтисодий, гуманитар, соғлиқни сақлаш, таълим ва хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди. Афғон делегацияси АҚШни хавфсизликни таъминлашга ишонтирди ва Афғонистоннинг музлатилган пулларини зудлик билан бўшатиш, қора рўйхатлар ва санкцияларни бекор қилишни сўради”, - дейилади хабарда.

“Санкциялар тўхтатилиши, гуманитар масалалар эса сиёсатдан ажратилиши лозим”, - дея Муттақийнинг сўзларидан иқтибос келтирган Балхий.

Хабарга кўра, музокаралар ижобий якунланган ва томонлар келгусида ҳам учрашишга келишиб олган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид