Ўзбекистон | 13:21 / 30.11.2021
11337
3 дақиқада ўқилади

ССВ тиббиёт муассасаларидаги ортиқча қоғозбозликни қисқартириш чораларини кўрмоқда

Шифокор ва ҳамширалар 26 турдаги журнал ва 33 турдаги ҳисобот шакллари, қолаверса, беморлар учун ўнлаб турдаги бланкларни тўлдиришга мажбур бўлаётгани маълум бўлди. Тизимдаги қоғозбозликни бартараф этиш учун ишчи гуруҳ тузилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлигида Тошкент шаҳридаги бир гуруҳ тиббиёт ходимлари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда амалиёт учун фойдали бўлмаган, ортиқча оворагарликлар келтириб чиқараётган ҳужжат ва ҳисобот шаклларини қайта кўриб чиқиш масаласига эътибор қаратилган.

«Тиббиёт муассасаларида ҳали-ҳануз ортиқча оворагарчиликлар барҳам топгани йўқ. Шифокорлар қабулига кириш учун беморлар баъзан соатлаб навбат кутишига тўғри келмоқда. Чунки соҳа ходимлари зиммасидаги юкламалар кўп. Уларнинг аксарияти қоғозбозлик билан боғлиқ. 

Соғлиқни сақлаш вазирлигида Тошкент шаҳридаги бир гуруҳ тиббиёт ходимлари билан ўтказилган учрашувда ана шундай ҳолатлар муҳокама қилиниб, амалиёт учун фойдали бўлмаган, ортиқча оворагарчиликларни келтириб чиқараётган ҳужжат ва ҳисобот шаклларини қайта кўриб чиқиш ҳамда қисқартириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Маълум бўлишича, тиббиёт муассасалари шифокор ва ҳамширалари ҳозир 26 турдаги журналлар, 33 турдаги ҳисобот шакллари ҳамда беморларга бериладиган ўнлаб турдаги бланкаларни тўлдиришга мажбур бўлмоқда. 

Масалан, «Тиббиёт ходимларининг жароҳат ҳолатларини қайд қилиш журнали»га нохуш вазиятлар юз бермаса, ойлаб, ҳатто йиллаб эҳтиёж бўлмаслиги мумкин. Лекин ҳамшира ана шу ҳужжат турига ҳар куни «Бугун кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлмади» деган мазмундаги қайдларни киритиб бориши шарт. 

Ваҳоланки, шифокорнинг энг асосий вазифаси одамларга шифо улашишдан иборат. У бунинг учун ҳар бир беморга ўртача 15 дақиқа вақт ажратиши керак. Бироқ амалда шундан маълум қисми ҳужжат тўлдиришга сарфланмоқда.

Бирламчи бўғин ходимлари «Амбулатор-поликлиника муассасасига келганларни қайд этиш журнали» ҳам ортиқча, деган фикрда. Негаки, аҳоли жуда кўп мурожаат қилган паллаларда қабул бўлими ҳамширасининг мазкур журнални тўлдириб ўтириши узундан узоқ навбатларни юзага келтиради. Бу эса одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. 

Қолаверса, беморлар қабул бўлимидан рўйхатдан ўтгач, шифокор ҳузурига кириш учун яна рўйхатга ёзилиши зарур. 

Ушбу ҳолатларни бартараф этиш учун айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда. Жараён якунлангач, чиқариладиган хулосалар нафақат тиббиёт ходимлари, балки аҳоли учун ҳам фойдали бўлишига инончимиз комил. Шунда шифокор ва ҳамширалар асосий вақтини ҳисобот-у ҳужжатлар тўлдиришга эмас, балки беморларни даволашга йўналтириш имконига эга бўлади», дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид