Ўзбекистон | 18:33 / 01.12.2021
12546
6 дақиқада ўқилади

“Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали: “Ақлли” ҳисоблагич истеъмолчи учун қулайликлар яратди

Газ тизими соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш ва соҳага рақамлаштиришни татбиқ этиш жараёнида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” (АСКУГ) лойиҳаси ишга туширилди.

Ушбу лойиҳа доирасида Андижон вилоятидаги аҳоли хонадонларига 190 мингдан ортиқ замонавий электрон гаp ҳисоблаш ускуналари бепул равишда ўрнатиб берилди.

“Вилоятимиздаги мавжуд 221 013 та табиий газ истеъмолчининг хонадонларига “ақлли” газ ҳисоблагичлар ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 43 069 донаси кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар хонадонларига, 177 404 дона ҳисобдон эса ҳовли-уйларга ўрнатилади.

“Ақлли” ҳисобдонлар бугунги кунда аниқ режим асосида ишламоқда. Бунда ҳар бир истеъмолчига етказиб берилган табиий газнинг ҳисоб-китоби олиб борилмоқда. Автоматик тарзда ишловчи ҳисоблагичлар истеъмолчи сарф қилган табиий газ кўрсаткичларини онлайн тарзда дастурга узатади ва бу билан инсон омилисиз сарфланган табиий газ ҳақидаги маълумотлар йиғиб борилади.

Айтиш мумкинки, электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилгач, табиий газнинг аниқ сарфи аён бўлмоқда. Авваллари газнинг ҳисоб-китоби аниқ бўлмаган ҳолда, хато ва камчиликлар билан юритилган. Бунда инсон омилининг мавжудлиги таъминотчи ва истеъмолчи орасида тушунмовчиликларни ҳам келтириб чиқарган. “Ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилгач эса ҳар бир метр куб табиий газ истеъмолининг эгаси аниқланмоқда.

Истеъмол қилинаётган табиий газни нафақат биз, яъни таъминотчи корхона, балки истеъмолчи ҳам махсус илова орқали кўриб туриши мумкин. Газ таъминоти борасида шаффофликни таъминлаш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан аҳоли истеъмолчилари учун янги турдаги шахсий кабинетлар жорий қилинди. Ушбу қулайликдан фойдаланиш учун қуйидаги https://cabinetaskug.hududgaz.uz/ илова орқали кириш мумкин”, – дейди “Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Сарварбек Ҳасанов.

Лойиҳада қулайликлар кўп. Ҳар бир фуқаро ўзига шахсий кабинет очиши ва жамиятга тўғридан тўғри онлайн тарзда мурожаат қилиши мумкин. Табиий газ истеъмолчилари шахсий кабинети орқали ўз хонадонларининг (кунлик ва ойлик) газ истеъмолини назорат қилиб кўриб боришлари ҳамда онлайн тарзда газ учун пул тўлаш имкониятига эга бўлдилар.

Истеъмолчиларга яна бир қулайлик – “Газ-калькулятор”дан хам фойдаланиш имконияти бор. Бунда истеъмолчилар ҳисоблагичнинг кўрсаткичини киритиб, тўланиши керак бўлган пул миқдорини билиб олишлари мумкин.

Шунингдек, тизимда бир ёки бир нечта хонадон ҳисоб-китобларини ягона ойнада олиб бориш имконияти яратилган бўлиб, бу ортиқча ҳаракатларсиз барча хонадонлар газ сарфи ва амалга оширилган тўловлар шаффоф тарзда олиб борилишини таъминлайди. Ушбу тизимда рўйхатдан ўтиш тартиби соддалаштирилган бўлиб, биргина мобил телефон рақамини киритиш орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.

“Бундан етти ой олдин хонадонимизга мана шу “ақлли” ҳисоблагични ўрнатишди. Ускунанинг фойдаси, самараси катта экан. Тўлов қилиш учун “райгаз”га бориб, соатлаб навбатда турардик. Энди бўлса мобил телефондан илова орқали газ пулини тўлаб қўйяпмиз. Қулайлиги зўр. Барча ҳисоб-китобларни сайт орқали билиб турамиз. Олдиндан тўланган маблағ тугаш яқинлашганида SMS-хабар келади.

Ҳозирги кунда табиий газ таъминотида узилишлар йўқ. Қиш ойларида ҳам шундай қолади, деган умиддамиз”, – дейди Булоқбоши туман Қумгузар маҳалласида яшовчи Ҳасанбой Абдураҳмонов.

Шу маҳаллалик Барнохон Холматова ҳам “ақлли” ҳисоблагичлар ҳақида ижобий фикрда эканини билдирди.

“Ақлли” ҳисоблагичлар истеъмолчилар орасида тўлов маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда, – дейди “Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали етакчи мутахассиси Улуғбек Зулфиқоров. – Олдинлари, шаҳар-туман газ идораларида, почта ва банкларда аҳоли газ учун тўловни амалга оширишга соатлаб навбат кутар ёки ўз вақтида тўламаслик оқибатида катта-катта қарздорликлар юзага келарди. Ҳозир эса “ақлли” ҳисоблагич сарфлаган газдан келиб чиқиб, қарздорлик вужудга келаётган хонадонга SMS-хабарнома юборилади.

Истеъмолчи мобил иловалар орқали тўловни онлайн амалга ошириши ва бу билан вақтини тежаши мумкин. Бу эса истеъмолчиларимиз орасида табиий газ учун тўловни ўз вақтида амалга оширишга замин яратмоқда. Дейлик, икки-уч йил илгари ҳам куз-қиш мавсумида истеъмол қилинган табиий газ учун тўлов 30 фоиздан ошмаган бўлса, ҳозирда тўловлар истеъмолга нисбатан 80 фоиздан 100 фоизгачани ташкил этмоқда”.

Аниқ ҳисоб-китобли ҳисобдонлар истеъмолчиларга табиий газдан оқилона фойдаланишни ўргатмоқда. Авваллари , ҳуда-беҳудага керак бўлмаса ҳам газ ёниб турган бўлса, ҳозирда ҳар бир куб метри учун тўловни амалга ошираётган истеъмолчи газни тежашни бошлади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2020 йил 3-чорагида вилоят бўйича табиий газ истеъмолчилари сони 245 158 нафар бўлган ҳолда 73 млн 527.8 минг м³ табиий газ истеъмол қилинган ва бунда ҳар бир истеъмолчига ўртача 1 чорак учун 300 м³дан газ сарфи тўғри келмоқда. Энди худди шу давр учун 2021 йилда 265 931 нафар истеъмолчи 51 млн 109.8 минг м³ газ истеъмол қилмоқда ва ўртача 192 м³дан 1 чорак учун тўғри келмоқда. Бу дегани, 2020 йил 3-чоракда ҳар бир истеъмолчи ҳар ойда ўртача 100 м³дан газ истеъмол қилган бўлса, “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилгач 2021 йилнинг 3-чорагида ҳар бир истеъмолчи ҳар ойда ўртача 64 м³дан истеъмол қилмоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид