Иқтисодиёт | 16:42 / 07.12.2021
34441
12 дақиқада ўқилади

Квоталаш ниқоби остида...

Ҳукумат қарори билан товарлар импортига тариф квоталари жорий этиладиган бўлди. Иқтисодчилар Миркомил Холбоев, Отабек Бакиров ва Беҳзод Ҳошимов бу қарорнинг салбий оқибатларидан огоҳлантирди.

Фото: Sindicato Dos Bancarios

Иқтисодчиларнинг фикрича, бу – протекционизм томон ташланган навбатдаги қадамдир ва ундан энг кўп камбағал қатлам зарар кўради. Янги тартибда танлаб олинганларгина қўллаб-қувватланиши, натижада импорт янада монополлашиши мумкин.

Савдони эркинлаштирмоқчимизми ёки тескариси?

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг тушунтиришича, савдони чеклаш усулларини шартли равишда учга бўлиш мумкин: бож бўлган, бож бўлмаган ва яширин усуллар. Баъзи ҳолларда улар бир вақтда қўлланади.

Кўпчиликка маълум божли чекловлар – мамлакатга олиб кирилаётган товарлар учун бож ставкаларини белгилашни назарда тутади. Бож бўлмаган усулларга эса миқдорий чеклаш (квота)ни мисол қилиб келтириш мумкин.

Фото: Миркомил Холбоев / Facebook 

“Миқдорий чеклашнинг божлардан асосий фарқи шундаки, мамлакатга олиб кирилаётган товарлар учун йиллик (ойлик ёки кварталлик) миқдорий чекловлар ўрнатилади. Масалан, мамлакатга жорий йилда 100 тонна шакар олиб кириш мумкин каби. Импорт миқдори белгиланган даражага етгандан кейин бу маҳсулот импорти бутунлай тўхтатилади. Масалан, шакар импорти 100 тоннага етса, мамлакатга бошқа шакар импорт қилиш имконсиз бўлиб қолади.

Аммо ҳозирги кунда квоталарнинг ёлғиз ўзи камдан кам ҳолларда қўлланилади. Яъни улар аксарият ҳолларда божлар билан бирга келади. Масалан (тасаввурий мисол), шакар импортининг 100 тоннаси учун 10 фоизли импорт божи амал қилади. 100 тоннадан ошган ҳар бир кг шакар импорти эса айтайлик 100 фоизлик божга тортилади.

Худди шунга ўхшаш мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Масалан, Жанубий Корея ёки Япония ички гуруч ишлаб чиқарувчиларини сақлаб қолиш мақсадида квотали божлардан фойдаланади. Уларда гуруч импортининг тахминан (Кореяда) 400 минг тоннаси (умумий истеъмолнинг тахминан 25 фоиз) 5 фоизли божлар билан импорт қилинади, ҳамда бу миқдор бир нечта ҳамкор давлатларга бўлиб берилган. Импорт ҳажми 400 минг тоннага етгандан кейин ҳар бир кг импорт қилинган гуруч 500 фоиздан юқорироқ даражада божларга тортилади (қайсики, импорт қилиш деярли иложсиз бўлиб қолади)”, – дея ёзади иқтисодчи.

Миркомил Холбоев ҳукуматнинг 2 декабрдаги қарори билан тариф квоталарини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқлангани юзасидан бир нечта саволлар ва хавотирларини баён қилади.

Биринчидан, низом менга жудаям мужмал кўринди, яъни низомга кўра, импорт товарларининг белгиланган миқдори учун белгилангандан пастроқ даражадаги божлар қўлланилса, белгиланган миқдордан ошиб кетган миқдор учун амалдаги божлар қўлланилади (низомдаги кўринишидан иложи борича осонлаштиришга ҳаракат қилдим). Бир қарашда савдомиз эркинлашаётгандек кўринади, яъни қанчадир миқдор учун амалдагидан пастроқ, ўша миқдордан ошган импорт учун эса амалдаги божлар қўлланилиши аслида савдонинг эркинлашиши-ку, лекин унда бу низомнинг ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорга қандай алоқаси бор? Яъни агар биз ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш учун бу низомни қабул қилаётган бўлсак, унда низомнинг юқоридаги кўриниши мантиқсизроқ бўлиб қолган бўлади-ку. Менимча, белгиланган квотадан ошган миқдор учун амалдаги эмас, балки янги белгиланган бож режими амал қилиши белгиланади.

Иккинчидан, бу низом икки жиҳатига кўра жудаям хавфли. Низомда келтирилишича, бир вазирлик (Инвестициялар ва ташқи савдо) белгиланган квота миқдорини импорт қилувчиларга бўлиб беради. Бошқача айтганда, ҳукумат кимга импорт қилиш ҳуқуқини беришни ўзи ҳал қилади. Бу эса ўз-ўзидан нафақат биз каби, балки исталган давлатда коррупциянинг янада авж олишга сабаб бўлади (яъни қайсидир сабабларга кўра ҳукумат “А” импортёрга “Б” импортёрга нисбатан кўпроқ квота беради ҳамда бунинг сабабини ҳеч кимга тушунтириб бермайди).

Бошқача айтганда, ҳозирги шаклдаги квота нафақат ички бозорни монополлаштиради, балки импорт қилиш ҳуқуқини ҳам ҳукумат бўлиб бериши натижасида импорт ҳам монополияга айланади.

Бундан ташқари, давлат қайси давлатлардан импорт қилишни ҳам ўзи белгилайди, бу ҳам истеъмолчилар учун зарар бўлиши мумкин. Масалан, ҳукумат қайсидир сиёсий амбицияларига кўра қимматроқ бўлса-да бир давлатга квота беришни, бошқа аслида арзонроқ бўлган давлатга нисбатан афзалроқ деб билиши мумкин.

Учинчидан, ички ишлаб чиқарувчилар юқорида номи келтирилган вазирликларга ўз таклифларини киритиши мумкин экан. Бу эса ички бозорда йирик таъсирга эга баъзи ишлаб чиқарувчиларнинг вазирликларга босим ўтказиши ёки ноқонуний йўллар билан уларга таъсир қилиш орқали ўзлари ишлаб чиқараётган товарларга импорт квоталарини ўрнатишга эришиши мумкин.

Бу эса ўзи шундоқ ҳам истеъмолчиларга узоқ вақтдан буён оғриқ бериб келаётган баъзи соҳалар учун савдонинг яна узоқ вақт эркинлашмасдан қолишига олиб келиши мумкин.

Хулоса шуки, божли квоталар импорт тўсиқларини ҳозирги даражадан оширмаган тақдирда ҳам, давлатнинг бозорга аралашуви кескин ошиши истеъмолчилар учун ёмон натижаларга олиб келиши мумкин.

Ўйлашимча, ҳукумат айнан баъзи халқаро ташкилотларга қўшилиши арафасида шунча вақтдан буён ҳимоя қилиб келган ички ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилишда давом этиш мақсадида бундай усул орқали савдони чеклашга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам, катта эҳтимол билан, бу низом истеъмолчиларнинг фаровонлиги ошишига эмас, балки пасайишига хизмат қилади.

Савдони ҳақиқатан ҳам эркинлаштирмоқчи бўлган ҳукумат уни турли янги усуллар билан чеклаш ҳамда мураккаблаштиришга эмас, балки уни эркинлаштириш ва соддалаштиришга ҳаракат қилади. Афсуски, бизда бундай тенденциясини ҳозирча кўраётганим йўқ”, – дея хулоса қилади иқтисодчи Миркомил Холбоев.

“Квоталаш – тор доирадаги манфаатдорларни янада қўллаш воситаси”

Отабек Бакиров / Фото: Kun.uz

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳамкасбининг юқоридаги фикрларини давом эттириб, ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсади ортида аслида ичкаридаги бир гуруҳ фаворитларни қўллаш ётганини тахмин қилади.

“Қурбақа қайнаётган сувга ташланса, бирдан сакраб чиқиб кетади. Лекин қурбақа совуқ сувга солиниб, секин-аста сув ҳарорати кўтарилиб борилса, у пиша бошлаётганини сезмай ҳам қолади.

Шу маънода 2020 йилдан фаоллаштирилган протекционизмни тиклаш сиёсати ҳам, худди қурбақани совуқ сувда аста-секин қайнатиш сингаридир.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ниқоби остида мамлакатни хорижий товарлардан ёпиш ва ичкарида шаклланган бир гуруҳ фаворитларга давлат харидлари бўйича ҳажмларни қўшқўллаб топширишдан бошланган ҳаракат бу билан кифояланмаслиги аниқ эди.

Энди улар навбатдаги босқичга – квоталаш орқали тор доирадаги манфаатдорларни янада қўллаш ва импорт бўйича ҳам садоқатли танланганлар гуруҳини ажратиб олишга уриниб кўришади. Ахир, улар 90-йиллар ва 2000-йилларда квоталаш қандай мазали бўлганини жуда яхши эслайдилар. Айниқса, бу восита ҳукумат қўлида бўлсами?” – дея муносабат билдирди Бакиров.

“Савдони чеклаш – камбағал қатлам учун айниқса оғриқли”

Беҳзод Ҳошимов / Фото: Kun.uz

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Бакировнинг фикрларини давом эттирар экан, импорт квоталари шундоқ ҳам энг катта божларга эга Ўзбекистон учун қимматга тушишига урғу беради.

“Ўзи ҳозир ҳам автаркик, энг катта божлар ва савдога бўлган тўсиқлар мавжуд мамлакатлардан биримиз.

Деярли 30 йилдан бери ЖСТга кира олмадик, дунё бозоридан кескин узилган ва “маҳаллий бозорни муҳофазалаш” билан шуғулланиб келмоқдамиз. Шунча пайтдан бери бу савдо фалсафаси ўзини на бизда, на бир бошқа жойда оқлаган.

Савдога тўсиқлар албатта ёмон, улар қисқа муддатда даромадларимизни қисқартиради. Оддий айтсак, ҳамма товарлар қимматлашади (бож қўйилмаган товарлар ҳам). Реал даромадларни туширишнинг йўлларидан. Бунинг устига, бу чора регрессив – пули камроқ инсонлар даромадининг кўпроқ қисмини товарларга ишлатишади, шунинг учун божлар айнан камбағалроқ қатлам учун энг оғриқли.

Лекин савдога бўлган тўсиқлар ва савдо сиёсатидаги шундай миопик ҳаракатлар узоқ муддатда ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти учун катта зарар. Дунё биз ўйлагандан анча боғлиқроқ, биз дунёдаги ишлаб чиқариш занжирларига кира олсак, илғор технологиялар ва капитални биздан ривожланган мамлакатлардан олиб кира оламиз, бунинг натижасида самарадорлик ҳам ошар эди ва натижада даромадлар. Лекин ўзимизнинг оёғимизни шундай чопаверсак, сармоялар кириши амримаҳол.

Масалан, тарихимиздаги энг кўп тўғридан тўғри инвестициялар киритилган йили 2019 йилда, бизга кирган чет эл инвестициялари Грузия кирган инвестициялардан ҳам камроқ эди. Ваҳоланки, Грузия биздан ўн баробар кичик ва мамлакатнинг салмоқли қисми оккупация остида”, – дея таъкидлади у.

Беҳзод Ҳошимов урушларда бир-бирига душман давлатлар савдони чеклашга уринса, Ўзбекистон ўзи учун ўзи савдони чеклаётганига урғу беради.

“Охирги эслатма – одатда урушларда, бир-бирига душман томонлар савдони чеклашга уринишади. Масалан, АҚШ фуқаровий урушида, шимолликлар жануб штатлари портларини блокада қилишининг сабаби – савдони чеклаш эди. Энг муҳими, Франциядан келадиган кемалар жануб портига киритилмаслиги эди.

Худди шундай, Кувайт урушидан кейин Ироқ савдосини БМТ мандатига кўра чеклашган. Яъни одатда, савдога чекловлар шунчалик ёмон нарсаки, уруш пайтида бир-бирига душман бўлган мамлакатлар савдога чекловни урушнинг бир тури ва воситасидек қўллайдилар.

Шартли Ғарбий санкциялар, масалан Эрон ёки Шимолий Кореяга қўлланган санкциялар, Ғарбда ишлаб чиқарилган товарлар ўша санкция остидаги мамлакатларга киришини тақиқлайди. Яъни санкция остидаги мамлакатлар учун импортни чеклаш – жазо воситаси. Яъни Шимолий Корея генераллари Франция конягини барибир қора бозорда сотиб олишади, лекин Франция бу чекловни қилиши, француз товарлари учун нархни, яъни де-факто божни ошириш воситаси холос.

Айтмоқчи бўлганим, импортни чеклаш бу шунчалар ёмонки, одатда жазо тариқасида қўлланади, биз савдони чеклаш қанчалар зарар эканини англашимиз керак”, – дея тушунтиради иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.

Маълумот учун, 2 декабр куни қабул қилинган импорт квоталарига оид янги тартиб 2022 йил 3 мартдан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, ноябр ойи охирида Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан муносабатларини муҳокама қилган эди. Октябр охирида эса Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умрзоқов Москва Евросиё иқтисодий комиссияси кенгаши раиси Михаил Мясникович билан учрашганди.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш Ўзбекистон ҳукуматининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегиясига киритилиши кутилмоқда. Ўзбекистон аъзо бўлиб кириш учун аризани 1994 йилда берган.

Тегишли ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши шу йил охиригача ўтказилиши белгиланган.

Марказий банк билдирган позицияга кўра, ЖСТга аъзо бўлиш инфляцияни пасайтиришга ёрдам беради.

Мавзуга оид