Иқтисодиёт | 18:20 / 07.12.2021
14469
5 дақиқада ўқилади

Европа янги евро чиқаради: банкнотлар замон билан ҳамнафас, халқона дизайнда бўлиши ваъда қилинмоқда

Европанинг ягона пули кўринишини ўзгартиришмоқчи. Илк нақд евро пайдо бўлганидан 20 йил ўтиб, марказий банк ярим миллиард европаликни янги дизайн яратишда иштирок этишга чорлади.

Фото: Getty Images

Белгилаб олинган мақсадларга кўра, пуллар янги Европанинг қадриятларини ўзида акс эттириб, биткойн ва онлайн тўловлар асрида қоғоз пулларнинг умрини узайтириб бериши керак, деб ёзади BBC.

Европа Марказий банки раҳбари Кристин Лагардга кўра, дизайни ўзгартирилган банкнотлар «барча ёшдаги замонавий европаликлар учун яқинроқ бўлиши керак».

Евро жорий этилганидан сўнг ЕИ қарз кризисига дучор бўлди, брекситдан сўнг Буюк Британиядан айрилди, аввалига қочқинлар учун чегараларни очди, сўнг эса маҳкам қилиб ёпди. Сайёрамиздаги энг йирик сиёсий иттифоқда янги ўзликни ахтариш унинг аъзолари ўртасида бўлиниш ҳосил қилмоқда ва Европа қадриятлари борасида қизғин мунозараларни ўртага чиқармоқда. Қадриятлар эса олтитагина: инсон қадри, эркинлик, демократия, тенглик, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқи.

2002 йилда муомалага киритилган 50 евролик банкнота

2013 йилда муомалага киритилган 50 евролик банкнота

Ҳозирги евро яқиндагина янгиланган эди, бироқ унинг дизайни қарийб ўзгартирилмади. Фақат 500 евролик қоғоз пулдан воз кечилди, харитада евроҳудудга кирган Малта ва Кипр пайдо бўлди. Қолгани эса худди аввалгидек қолдирилди — оддий, шаффоф, ҳеч кимни хафа қилиб қўймаслик учун символизмлардан йироқ.

Муомаладан йиғиштириб олинаётган 500 евролик банкнота

Ҳозир банкнотларда деразалар, эшиклар ва кўприклар — очиқлик ва ҳамкорлик каби Европа руҳияти символлари тасвирланган. Боз устига, булар Европа архитектурасининг қандайдир муайян ёдгорликлари эмас, турли даврлар: классицизм, готика ва бароккодан схематик мисоллардир.

Янги купюраларда нималар тасвирланиши 2024 йилда аниқ бўлади.

Режа эса қуйидагича. Аввалига ЕМБ евроҳудуд давлатларида фокус гуруҳлар ўтказиб, янги дизайн учун мавзуларнинг тахминий рўйхатини тузади. Шундан сўнг экспертлар гуруҳи (ҳар бир давлатдан битта) шорт-лист тузади, ЕМБ эса аҳолидан танланган мавзулар бўйича таклифлар жўнатишни сўрайди. Бундан сўнг график ечимлар танлови ўтказилади ва унинг натижалари яна омма муҳокамасига қўйилади. Сўнгги сўзни барибир ЕМБ айтади.

Банкнотларни янгилаш қарори тахмин қилинганидек, ижтимоий тармоқларни қизитиб юборди. Душанба куни эрталаб бўлишига қарамасдан зукколик олимпиадаси тўлиқ куч билан бошланиб кетди, Европа ўзлиги учун маданият тортишувлари янгича куч билан қайталади.

Нақд евронинг умрини чўзиш

Евронинг йигирма йил яшаши — бу шак-шубҳасиз муваффақият тарихи, лекин у ёрқин келажакни ваъда қилолмайди.

20 йил ичида евроҳудуд бирорта аъзосидан айрилгани йўқ, аксинча, аъзолари сонини 11дан 19тагача кўпайтириб олди ва долларнинг жаҳон захира валютаси сифатидаги монополлигига нуқта қўйиб, сайёранинг энг йирик иқтисодиёти — АҚШга қарши чиқди.

Евроҳудудга аъзо 19та давлатда 340 миллион одам яшайди, бу эса АҚШдагидан кўпроқ. Еврога яна бир неча давлат валюталари боғланган, у ярим миллиарддан ортиқ инсоннинг ҳаётида ҳамда Европанинг келгусидаги интеграциялашувида асосий рол ўйнайди. Европа Иттифоқидаги 27 давлатнинг барчаси қачонлардир еврога ўтиши шарт, фақат Даниядан ташқари, лекин унинг кронаси ҳам ягона Европа пулига боғланган.

Евроҳудуд давлатлари

Бироқ, ўтган вақт ичида марказий банкларнинг тўлов воситалари эмиссияси монополиясига янги таҳдид бўлди — криптовалюталар. ЕМБнинг биткойнга контрҳужуми ва унинг бу борадаги асосий қуроли — рақамли евро ҳозирча дастлабки режалаштириш босқичида.

Коронавирус пандемияси даврида янада оммалашган нақдсиз тўловлар авж олган даврда пул белгилари дизайнини алмаштириш таажжуб билан қарши олинмоқда.

Бироқ нақд пул ҳали узоқ вақт тўлов воситаси сифатида қолишига ЕМБнинг ишончи комил, шунинг учун янгиланиш ва эътибор талаб қилмоқда. Сўровномалар ва статистика ҳам буни тасдиқлаб турибди.

2019 йилда ЕМБ евроҳудуднинг 19 давлатидан 17тасида тўлов одатлари бўйича кенг қамровли тадқиқот ўтказган ва европаликлар нақд пулдан ҳали воз кечмаслигига ишонч ҳосил қилган. Дўконларда ва ўзаро олди-бердида европаликларнинг 73 фоизи нақд пулдан фойдаланар экан, пул ўтказмаларида барча тўловларнинг 48 фоизи нақд, 41 фоизи карталар орқали амалга оширилади.

Фото: Shutterstock

Бироқ вазият секин-аста ўзгармоқда. Агар 2016 йилда сўралганларнинг 32 фоизи нақд пулни афзал кўришини билдирган бўлса, 2019 йилга келиб бундайлар 27 фоизни ташкил этган, нақдсиз тўловларни афзал билувчилар улуши эса 43 фоиздан 49 фоизга ошган.

Бироқ, европаликлар нақд пулдан тўлиқ воз кечишга ҳали тайёр эмас, сўралганларнинг 55 фоизи нақд пул ва тангаларсиз келажакни тасаввур эта олмаслигини билдиришган.

«Пандемия даврида нақдсиз тўловлар ошиб бораётганига қарамасдан, нақд валютага талаб омонат сифатидаги роли туфайли сезиларли тарзда ошган. «Cash–2030» стратегияси доирасида яқин келажакда, ҳаттоки рақамли евронинг эҳтимолли муомалага киритилишидан кейин ҳам нақд пуллар тўлов воситаси сифатида муомалада бўлиши учун чоралар қўллаймиз», — дея хабар берган ЕМБ.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид