Жаҳон | 09:58 / 09.12.2021
11830
2 дақиқада ўқилади

Яна икки давлат Пекин Олимпиадаси бойкотига қўшилди

Британия ва Канада ҳам Пекинда ўтадиган қишки Олимпиадага ўз расмий вакилларини юбормасликка қарор қилди.

Фото: Reuters

Британия бош вазири Борис Жонсон Хитойда инсон ҳуқуқлари бузилишлари сабабли 2022 йилда ўтадиган Олимпиадага на вазирлар, на бошқа расмий шахслар юборилмаслигини айтган.

Шу куниёқ Британия ортидан Канада ҳам Хитойдаги Олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилди.

“Канада ҳамон Хитойдаги инсон ҳуқуқлари бузилишлари ҳақидаги хабарлардан чуқур хавотирда. Шу сабабли биз Пекиндаги қишки Олимпиада ва Паралимпиадага дипломатик вакилларимизни юбормаймиз”, деб ёзган Трюдо Twitter’да.

Унинг таъкидлашича, Канада ва унинг иттифоқдошларининг бу қарори Хитой учун “кутилмаганда” бўлмаган.

Бундан ташқари, Хитойдаги Олимпиадага Япония ҳам бойкот эълон қилиши мумкин.  

Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах Пекиндаги Олимпиадани бойкот қилаётган давлатлар сони ошаётганига қарамай, қўмита ушбу давлатлар спортчилари Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилмаганидан мамнун эканини айтган.

Пекиндаги Олимпиада 2022 йил 4-20 феврал, Паралимпиада эса 4-13 март кунлари бўлиб ўтади.

Бунгача уч давлат – АҚШ, Австралия ва Янги Зеландия Пекин Олимпиадасига бойкот эълон қилди. АҚШ, Австралия буни Хитойдаги инсон ҳуқуқлари бузилишлари билан боғлаган бўлса, Янги Зеландия пандемия сабабли бундай қарорга келган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид