Жаҳон | 11:06 / 10.12.2021
11137
2 дақиқада ўқилади

Нижний Новгород яқинида Ўзбекистон фуқаролари ЙТҲга учради

Нижний Новгород яқинида Ўзбекистон фуқаролари йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда «Спутник» хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Россиянинг Нижний Новгород областида автобус билан содир бўлган ЙТҲда Ўзбекистон фуқаролари жабрланди.

«11 киши тан жароҳати олди, улардан бири ҳалок бўлди, 10 нафар киши жароҳатланган (Ўзбекистон фуқаролари), уларга амбулатор ёрдам кўрсатилди», — дейилади «РИА Новости»нинг тезкор хизматларга таянган ҳолда тарқатган хабарида.

Манбанинг қўшимча қилишича, автобусда 23 киши — «Прогресс» МЧЖ агрокомплекси ходимлари бўлган.

Жабрланганларга тезкор ёрдам кўрсатишга 19 киши ва олтита техника, жумладан, Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан олти киши ва икки дона техника жалб қилинган.

Пайшанба куни кечқурун Ардатовский туманидаги Ардатов – Арзамас маҳаллий йўлида, Идеал қишлоғи яқинида сменали автобус ва «КАМАЗ» юк машинаси тўқнашиб кетган.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Нижний Новгород области бўйича бош бошқармаси маълумотларига кўра, автобус ҳайдовчиси йўл шароитига мос келмайдиган тезликда ҳаракатланган. Оқибатда машина қарама-қарши йўлга чиқиб кетган. Автобус ҳайдовчиси ҳалок бўлган.

11 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Аввалроқ, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 нафар қурбон ҳақида хабар берган.

Нижний Новгород области прокуратураси текширув ўтказмоқда, Ардатовский тумани прокурори вазифасини бажарувчи амалдор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тезкор хизматларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун воқеа жойига етиб борган. Воқеа сабаблари ўрганилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид