Ўзбекистон | 17:31 / 10.12.2021
3130
2 дақиқада ўқилади

Шерзод Асадов: Президент қароригача ахборот хизматлари соҳасида 433 киши ишлаган, бугун улар 1 200 нафардан ортиқ 

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов, Вазирлар Маҳкамаси масъуллари ва АОКА раҳбари Асад Хўжаев иштирокида барча соҳаларнинг матбуот хизматлари вакиллари билан йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда етакчи ходимлар рағбатлантирилди, камчиликларга йўл қўйганлар танқид қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4366-сон қарори асосида республика аҳамиятига молик жами 280 дан ортиқ идора, муассаса, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, вилоят, туман шаҳар ҳокимликларида биринчи марта, 98 та давлат органлари ва ташкилотларида эса ахборот хизматлари қайта ташкил қилинди.

Қарор қабул қилингунга қадар ахборот хизматлари соҳасида жами 433 нафар мутахассис фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг умумий сони 1 200 нафардан ортиқни ташкил этмоқда.

Ахборот хизматларининг ахборот тарқатиш манбалари 2019 йилда 559 та бўлган бўлса, 2020 йилда 1 487 тага, 2021 йил декабрь ойи ҳолатига 3 600 тадан ошди. Ахборот хизматлари веб-сайтлар, турли ижтимоий тармоқлар ва видео-хостинглардаги саҳифалар, мобиль мессенжерлардаги каналлар орқали оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликка ўз соҳасига тегишли маълумотларни етказиб бермоқда”, – деди Шерзод Асадов.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, президент матбуот котиби айрим матбуот хизматларининг расмий каналлари янгиланмаслиги, веб-сайтларга материаллар мунтазам жойлаштириб борилмаслигини танқид қилди.

“Жумладан “Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси” телеграм каналида 60 дан ортиқ туғилган кунларга табриклар жойлаштирилган. Ходимлар ўзаро муносабатларининг расмий ахборот манбасига жойлаштирилиши тўғри эмас”, – эътироз билдирди Ш. Асадов.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид