Ўзбекистон | 16:56 / 10.12.2021
6228
2 дақиқада ўқилади

“Ургут” ЭИЗда 89 миллиард сўмлик электр энергия иншоот ва тармоқлари қурилмагани маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

“Ургут” эркин иқтисодий зонасида жорий йилда амалга оширилиши белгиланган ишлар, жумладан, 89 миллиард сўмлик электр энергия иншоот ва тармоқлари қуриш ишлари бажарилмаган.

Маълум қилинишича, бугун 2021 йил 10 декабр куни Халқ депутатлари Самарқанд вилоятининг навбатдаги сессияси ўтказилган. Сессияда бир қатор масалалар муҳокамасидан ташқари “Ургут” ЭИЗ дирекцияси раҳбари, вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Ҳайдаровнинг ҳисоботи тингланган.

Ж.Ҳайдаровга кўра, бугунгача “Ургут” ЭИЗ таркибидаги массивларда 31,7 миллиард сўмлик 25,36 километр ҳаво электр тармоғи тортилган. Жумладан, Мерганча массивида 25000 кВа, Сариқтепа массивида 16000 кВа, Сазағон массивида 16000 кВа қувватга эга нимстанциялар қурилган.

Шу билан бирга, бу соҳада 89 миллиард сўмлик ишлар бажарилмаган ёки чала қолдирилган. Мерганча массивида 1 та РП қурилмаси ўрнатиш, Сазағон массивида 16000 кВали нимстанциянинг 2-босқичини қуриш, Дўстлик массивида 2,5 километр ҳаво электр тармоғи ва 1 та нимстанция қуриш ишлари якунига етказилмаган.

Мавзуга оид