Ўзбекистон | 07:30 / 11.12.2021
19586
3 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси лойиҳаси эълон қилинди

Фото: iStock

“Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги  Олий Мажлис палаталарининг қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Одоб-ахлоқ кодекси лойиҳаси 6 та боб ва 53 та моддадан иборат бўлиб, давлат хизматчиларининг давлат органи ва ташкилоти зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишда риоя қилиши лозим бўлган талабларни ўз ичига қамраб олган.

Улар қуйидаги асосий йўналишларни белгилайди: давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларининг қўлланиш соҳаси, асосий тамойиллари, давлат хизматининг тушунчаси ва турлари, давлат хизматчилари ва ўзларининг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш, манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш мажбуриятлари.

Кодексда биринчи бор давлат хизматчиси тушунчасига қуйидагича таъриф берилмоқда – доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд давлат ташкилотида (давлат иштирокидаги ташкилот бундан мустасно) ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни амалга оширишга ваколат берилган шахс ҳамда меҳнат шартнома (контракт) асосида фаолиятни амалга оширувчи бошқарув ходими.

Кодекс билан давлат хизмати уч турга бўлинмоқда:

  • давлат сиёсий хизмати – ички ва ташқи сиёсатни белгилаш ҳамда сиёсий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ давлат ҳокимияти вакиллик органига сайланадиган ва Ўзбекистон президентининг номенклатурасига кирадиган лавозимларга юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишга қаратилган ҳамда ҳақ тўланадиган касбий хизмат фаолияти бўлган давлат хизматининг бир тури (Олий Мажлис депутат ва сенаторлари, маҳаллий халқ депутатлари Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон президентининг администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг номенклатураларига кирадиган лавозимлар);
  • давлат фуқаролик хизмати – Ўзбекистон фуқароларининг давлат органларидаги давлат фуқаролик лавозимларига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишга қаратилган ҳамда ҳақ тўланадиган касбий фаолиятини назарда тутувчи давлат хизматининг бир тури;
  • давлат махсус хизмати – Ўзбекистон Қуролли Кучларидаги ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда суд органларидаги юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишга қаратилган ҳамда ҳақ тўланадиган касбий фаолиятини назарда тутувчи давлат хизматининг бир тури.

Шунингдек, соҳанинг қуйидаги асосий принциплари белгиланмоқда: қонунийлик; адолатлилик; фуқароларнинг ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатлари устуворлиги; ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидойилик; давлат ва жамият манфаатларига садоқат; ҳалоллик; холислик; очиқлик; коррупцияга қарши тоқатсизлик; профессионаллик ва лаёқатлилик; самарадорлик ва тежамкорлик.

Фуқаролар томонидан давлат хизматчисининг кодексда белгиланган талабларга риоя қилмаслик ҳолати ҳамда коррупцияга оид хатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаат ва хабарларни алоқа каналлари орқали қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби белгиланмоқда.

Шунингдек, одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги тўғрисида хабар берган шахсларнинг дахлсизлиги таъминланиб, уларнинг таъқиб қилинишига йўл қўймаслиги белгиланмоқда.

Мавзуга оид