Жаҳон | 02:59 / 11.12.2021
6003
2 дақиқада ўқилади

Финландия 64 та F-35 қирувчи самолёти билан қуролланади

Фото: EPA

Финландия ҳукумати АҚШнинг Lockheed Martin компанияси ишлаб чиқарувчи 5-авлоддаги F-35A қирувчи самолётидан 64 дона сотиб олишга қарор қилди. Келишув қиймати 10 млрд еврога яқинни ташкил қилади.

Мамлакат мудофаа вазири Антти Кайкконеннинг таъкидлашича, F-35’нинг харид қилиниши Финландия ҳарбий-ҳаво кучларининг жанговар имкониятларини 2060-йиллар бошигача таъминлайди.

Финландия F-35А самолётларини тендер асосида 5 та таклиф ичидан танлаб олган. Таклиф қилинган самолётлар орасида АҚШнинг Boeing F/A-18 Super Hornet, Франциянинг Eurofighter Typhoon ва Dassault Rafale, Швециянинг Saab Gripen E/F жанговар самолётлари ҳам бўлган.

Қирувчи самолётларнинг ўзи Финландияга 8,4 млрд еврога айланади. Қолган сумма самолётларни эксплуатация қилиш жараёнида зарур бўладиган турли қурилмалар ва ўқ-дорилар, жумладан 200 та AGM-158 JASSM қанотли ракетасини харид қилишга сарфланади.

Бир дона F-35 самолёти 120 млндан кўпроқ туради ва бу Финландия учун ҳарбий соҳадаги энг йирик харид ҳисобланади.

Биринчи F-35 самолётлари Финландияга 2026 йилда етказилади. Барча самолётларни 2030 йилгача етказиш режалаштирилган.

Ҳозирда Финландия қуролли кучларида 62 та F/A-18 Hornet қирувчи самолёти бор. Уларнинг хизмат кўрсатиш муддати 2030 йилда ўз ниҳоясига етади. Ушбу самолётлар 2025 йилдан бошлаб аста-секин фойдаланишдан чиқарила бошланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид