«Реал» - «Атлетико», Жеррард «Ливерпуль»га қарши. Ҳафта ўйинлари анонси
Юқори ўринлар учун курашувчи жамоалар нисбатан кўп бўлган Италия ва Англияда бу сафар катта афишалар йўқ. Тиғиз декабрни бошлаб олиш учун топ-клублар кучсизроқ рақибларга қарши майдонга тушадилар. Шундай бўлса-да, у ердан ҳам эътиборга молик учрашувлар топа олдик. Ла Лига эса эътиборимизга ажойиб классик учрашувлардан ташқари, чемпионлик учрашуви деб таърифласа бўладиган Мадрид дербисини тақдим этади.
ЛИВЕРПУЛЬ – АСТОН ВИЛЛА (11 декабрь, 20:00)
Йил бошида «Ливерпуль» қаторасига мағлубиятлар учраб, кутилган ўйинни намойиш эта олмаётган пайтларда Стивен Жеррард бош мураббий сифатида «Энфилд»га келиши ҳақида ҳам фикрлар янграй бошлаганди. Клопп вазиятни ўнглай олди, мавсумни кучли тўртликда тугатди, ҳозир жамоа Европада эҳтимол энг яхши жамоалардан бири бўлиб турибди. Жеррард эса барибир «Энфилд»га келмоқда, аммо рақиб бош мураббийи сифатида.
«Астон Вилла» ўтган мавсумни юқори ўринларда якунлаган бўлса-да, Грилишнинг кетиши жамоага салбий таъсир кўрсатди. Аслида ўйинларда бирмингемликлар ёмон кўринишмади, ҳатто етакчи жамоаларга қарши ҳам муносиб ҳаракат қила олишди. Лекин натижалардаги беқарорлик «Вилла»ни хавфли зонага яқинлаштириб қўйди. Жеррард айтиш мумкинки, вазиятни ўнглади – 4 ўйин ва 3 ғалаба. Ягона мағлубият «Манчестер Сити» билан ўйинда содир бўлди, холос. Жамоа ўтган мавсум каби яна хавфли, ҳар қандай рақибга бошоғриғи бўладиган даражада кучли.
Аввалги мавсумда айнан «Энфилд»да ўтган учрашув жуда қизиқ ўтганди. Меҳмонлар ҳисобни очган сценарийда аввал Салоҳ ҳисобни тенглаштирган, мезбонларнинг ғалаба голи эса энг сўнгги дақиқада Трент Александр-Арнолд томонидан урилганди. Биринчи даврадаги ўйин эса ёдингиздан чиқмаган бўлса керак - «Астон Вилла» чемпион дарвозасига 7та гол уришнинг уддасидан чиққанди. Ливерпулда бирмингемликлар охирги марта 2014 йилда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишган.
Таркибларга келсак, «Ливерпуль»да узоқ муддатга сафдан чиққан футболчилардан ташқари, Фирмино ва Жонснинг майдонга тушиши сўроқ остида қолган. Шунингдек, Диого Жота ҳам ҳафта давомида машғулотларда қатнашмади. Клоппнинг матбуот анжуманидаги сўзларига қараганда, португалиялик ҳужумчи кечадан машғулотларга қайтган ва ўйинда шерикларига ёрдам бериши мумкин. Аммо илк дақиқалардан майдонга тушмаса керак. Меҳмонлардан эса Бэйли ва Траореларнинг сафга қайтишларига бир ойга яқин вақт бор. «Ливерпуль» ҳафта ўртасида ЕЧЛ доирасида Миланга сафар қилганини, яъни жисмоний тикланишга вақт камроқ бўлганини ҳам эътироф этиш керак. Бу ҳам меҳмонларга қўшимча устунлик бериши мумкин.
АТЛЕТИК – СЕВИЛЬЯ (12 декабрга ўтар кечаси, 01:00)
Умуман бу ҳафтада Испанияда қизиқарли учрашувлар анча кўп бўлиб, Баскония ва Андалусия қарама-қаршилиги ҳам шулар жумласидандир. «Севилья» маълум муддат йўқотилган очколар бўйича чемпионатнинг яширин пешқадами эди, аммо сўнгги ўйинлардаги муваффақиятсиз натижалар оқибатида «Реал»ни анча олдинга ўтказиб юборди. «Мальорка» ва «Алавес» билан кутилмаган дуранглар, мадридликлар билан ўзаро ўйиндаги мағлубият натижасида «Севилья» ҳозирда «Реал»дан 8 очко орқада қолиб кетди. Тўғри, андалусларда бир ўйин захирада, лекин ўша ўйин ҳам «Барселона» билан эканини унутмаслик керак. Бунинг устига Чемпионлар Лигасидаги мағлубият натижасида Лопетеги шогирдлари энди фақат Европа Лигасида давом этишлари мумкин.
Бу тўқнашув шунингдек, Испания чемпионатидаги энг яхши икки ҳимоя чизиғи баҳсига ҳам айланади. Ҳа, «Атлетико» эмас, айнан мана шу икки жамоа турнирда энг кам – 11 тадан гол ўтказиб юборган, холос. «Севилья»да-ку, урилган голлар етарли, аммо бильбаоликлар ҳужум чизиғида ҳам муаммога дуч келмоқдалар. Жамоа ўтказган 16 ўйинда атиги 13 маротаба рақиб дарвозасини ишғол қилган холос - Лигада бу кўрсаткич бўйича 17-ўрин. Умуман «Атлетик» сўнгги турларда қониқарли натижалар қайд эта олмаяпти, жамоанинг ғалабасиз ўйинлар серияси 7 ўйинга етди. Бильбаоликлар лигада энг кўп – 9 маротаба дуранг қайд этган.
Таркибларга келсак, «Севилья» жароҳатлар гирдобига тушиб қолган. Ламела ва Сусо бу йил майдонга туша олишмайди. Ан-Носири ва Навас тўлиқ тикланиб улгуришмаган. Акунанинг қайтиши ой охирига мўлжалланган. Бунинг устига Ракитич «Вильярреал»га қарши ўйинда бешинчи сариқ карточкасини олди ва ушбу ўйинга дисквалификация қилинди. Мезбонлар таркибида эса Вильялибре, Вивиан ҳамда Берчичелар шерикларига ёрдам бера олмайдилар.
БЕТИС – РЕАЛ СОСЬЕДАД (12 декабрь, 22:30)
«Реаллар дербиси» ҳар доим алоҳида воқеа, лекин бу сафар ўзгача – ҳар икки жамоанинг ҳам турнир жадвали юқори қисмида бўлиши кўп ҳам содир бўлавермайди. «Реал Бетис» «Камп Ноу»даги ғалабасидан кейин, ҳатто учинчи ўринга кўтарилиб кетди. «Сосьедад» эса мавсум бошидан бери жиддий ўринлар учун кураша олишини намойиш этмоқда ва ҳатто маълум вақт турнир жадвалини бошқариб ҳам борди.
Лекин баскларнинг сўнгги уч Ла Лига ўйинидаги муваффақиятсиз натижалар – «Эспаньол» ва «Реал»дан мағлубият, «Валенсия» билан дуранг, жамоани бешинчи ўринга тушириб юборди. Шундай бўлса-да, ушбу ўйиндаги ғалаба Алгуасил шогирдларини ҳатто 2-ўринга олиб чиқиши мумкин. «Бетис» эса қаторасига беш ғалабадан сўнг, ҳам Ла Лигада ўрнини мустаҳкамлади, ҳам Испания кубоги, Европа Лигаси мусобақаларида ҳам кейинги босқич масаласини ҳал қилди. Дарвоқе, сан-себастианликлар ҳам Европа Лигасида сўнгги турни асосий рақибга қарши ғалаба билан якунлаб, гуруҳда 2-ўринни олишди ва баҳорги еврокубокларда иштирок этиш имкониятини сақлаб қолишди. Демак, бу борада ҳар икки жамоанинг жисмоний ҳолати тенг – ҳар икки жамоа ҳам пайшанба оқшомида Европада майдонга тушишган.
Ўзаро ўйинларда яққол устунлик йўқ. «Сосьедад» охирги 20 ўйиннинг 8 тасида ғалаба қозонган, басклар 5тасида. Ўтган мавсумда Ла Лига ўйинларида «Сосьедад» устунлигини намойиш этиб, бир ғалаба ва дурангга эришган. Ўз навбатида «Бетис» Испания кубогида 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, рақибини турнирдан чиқариб юборган.
Жароҳатлар борасида меҳмонларда муаммо кўпроқ. Балким жамоанинг сўнгги пайтлардаги омадсиз натижалари ҳам шу билан боғлиқдир. Давид Сильва катта эҳтимол бу ўйинга тўлиқ тайёр бўлмайди. Шунингдек, Мерино ва Монреал ҳам майдонга туша олмайди. Мезбонлар таркибида эса Камараса ва Сабали каби футболчилар ҳали тикланиб улгурганлари йўқ. Катта эҳтимол билан уларни бир ҳафтадан кейингина майдонда кўра оламиз.
ВЕРОНА – АТАЛАНТА (12 декабрь, 19:00)
Анчадан бери А Сериянинг ҳар турида камида биттадан катта ўйинни кузатдик. «Интер», «Наполи», «Милан», «Ювентус», «Рома», «Аталанта» каби жамоалар ўзаро ўйинларда орани очиқ қилишди ва Италия чемпионати мухлислар эътиборида бўлди. Бу сафар шундай даражадаги ўйинлар йўқ, лекин «Аталанта»нинг «Верона» майдонига сафарини алоҳида эътиборга олсак арзийди.
Биринчидан, «Аталанта» чемпионатда қаторасига беш ғалабага эришди, мағлубиятсиз ўйинлар сонини 9тага етказди. Бу юриш бергамоликларни чемпионлик пойгасига қайтарди, зеро ҳозирда «Аталанта»нинг пешқадам билан орадаги фарқи атиги 4 очкони ташкил қилмоқда. Жамоанинг кейинги рақиблари – «Рома» ва «Торино» билан уйда, «Удинезе» ва «Женоа» билан сафарда, яъни Гасперини жамоаси йилни бемалол янада юқорироқ ўринда якунлаш имкониятига эга.
Иккинчидан эса «Верона» қайсидир маънода мавсум кашфиётларига айланди ва айниқса, Тудор бошқарувга келганидан бери, катта ўйинларни кўтаринки руҳда ўтказмоқда. «Рома», «Лацио», «Ювентус» устидан қозонилган ғалабалар, «Наполи» билан дуранг ҳам вероналикларнинг ҳар қандай жамоа учун жиддий рақиб бўла олишини кўрсатиб турибди. Ўтган турда эса «Верона» йил камбэкини амалга оширди: Венецияда биринчи таймни 0:3 ҳисобидаги мағлубият билан тугатган Тудор шогирдлари якунда 4:3 ҳисобида ғалаба қозонишди.
«Аталанта»нинг кайфияти бироз ёмонлашгани табиий. Чемпионлар Лигаси тўқнашувида аввал «Вильяреал»га қарши ўйин бир кунга кечиктирилди, кейин эса ушбу ўйин 2:3 ҳисобида меҳмонларнинг ғалабаси билан тугади. Кейинги босқич масаласи ҳал қилинган тўқнашувда «Аталанта»га омад кулиб боқмади. Балки яна бир жиддий турнирни тарк этган бергамоликлар бор кучини А Серияга ташлаб, янада хавфлироқ жамоага айланишар?
Жароҳатлар вероналикларда кўпроқ – Гюнтер, Кансельери, Калинич ва Давидович. «Аталанта» таркибида эса Госенс ҳали таркибга қайтмаганидан ташқари, Малиновский ўтган турда огоҳлантирилган ва сариқ карточкалари сони бештага етган. Яъни у ҳам дисквалификация туфайли «Верона» сафарини ўтказиб юборади.
РЕАЛ – АТЛЕТИКО (13 декабрга ўтар кечаси, 01:00)
Ўтган мавсумни қарийб бир текис ўтказиб, мамлакат чемпиони бўлган «Атлетико» Гризманни ҳам таркибга қайтаргач, янги мавсумни яққол фаворит сифатида бошлагандилар. «Реал» ва «Барселона»да муаммолар етарли, бундай шароитда Симеонеда чемпионликни ҳимоя қилиш имконияти катта эди. Лекин негадир «Атлетико» бу сафар ўзига унча ўхшамаяпти. Айниқса, ҳимоя чизиғининг мустаҳкамлиги билан доим донг таратган мадридликлар ҳозирда бу кўрсаткич бўйича лигада атиги 5-ўринда боришмоқда. Чемпионлар Лигасида плей-офф масаласи ҳал қилинган бўлса-да, сўнгги тургача жамоа анча ишончсиз ҳаракат қилиб келди.
«Реал» эса аксинча, мавсумни муаммолар ва қониқарсиз натижалар билан бошлаган бўлса-да, Анчелотти сезилмас шаклда барчасини ўз ўрнига қўйди ва энди «Реал» нафақат Испанияда, балким Европада ҳам катта кучга айланиб боряпти. «Реал» барча мусобақаларда охирги 12 учрашувдан 11 тасини ўз фойдасига ҳал қилди. Ла Лига доирасидаги ғалабалар серияси 6 ўйинга етди. Тилга олинган 12 ўйинда «Реал» 27 марта рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ўз дарвозасидан атиги 6 гол ўтказди холос. Яъни «Реал» ҳар томонлама мукаммал жамоага айланиб бормоқда.
Дербидаги ғалаба ушбу жамоалар орасидаги фарқни 13 очкога айлантиради. Бундай устунликни бой бериш қийин. «Севилья», «Бетис» каби клублар барқарорлик борасида у қадар ишончли эмаслигини эътиборга олсак, «Реал»нинг чемпионлик пойгасидаги асосий рақиби барибир «Атлетико». Демак бу ўйинда қайсидир маънода чемпионлик тақдири ҳам ҳал бўлиши мумкин. «Атлетико» ғалаба қозона олмаса, кейинчалик, муаммолар ҳар қанча барҳам топиб, жамоа ўз ўйинини топган тақдирда ҳам, «Реал»га етиб олиш амалий жиҳатдан имконсизга айланиб қолади.
Бунинг устига «Атлетико»да таркиб бўйича ҳам муаммолар кўп. Бутун ҳимоя чизиғи – Ҳименес, Трипье, Савич ва ҳатто Врсалколарда жароҳатлар бор. Шунингдек, Луис Суарес ҳам сафдан чиққан ва бир неча ҳафта шерикларига ёрдам бера олмайди. «Реал»нинг йўқотиши ҳам жиддий – Бензема. Лекин «Сосьедад» ва «Интер»га қарши ўйинларда мадридликлар Бенземасиз ҳам ишончли тўп сурдилар. Йович ва Родриго ҳужум чизиғида Винисиусга муносиб шерик бўла олдилар.
Ўзаро ўйинлар борасида сўнгги пайтларда тенгликни кўришимиз мумкин. Охирги 33 дербида «Реал» 10 маротаба, «Атлетико» ҳам шунча ғалаба қозонган. 13 ўйин дуранг билан якунланган. Ла Лига доирасида айнан «Реал» мезбон бўлган учрашувларда «Атлетико» охирги маротаба беш йил олдин, Гризманнинг голи эвазига ғалаба қозонган.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
11 декабрь. МАНЧЕСТЕР СИТИ – Вулверҳэмптон (17:30), БАВАРИЯ – Майнц (19:30), АРСЕНАЛ – Саутҳэмптон (20:00), ЧЕЛСИ – Лидс (20:00), Норвич – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (22:30), Венеция – ЮВЕНТУС (22:00), Удинезе – МИЛАН (12 декабрга ўтар кечаси, 00:45)
12 декабрь. Осасуна – БАРСЕЛОНА (20:15), НАПОЛИ – Эмполи (22:00), ИНТЕР – Кальяри (13 декабрга ўтар кечаси, 00:45), ПСЖ – Монако (13 декабрга ўтар кечаси, 00:45)
13 декабрь. РОМА – Специя (14 декабрга ўтар кечаси, 00:45).
Мавзуга оид
11:53 / 25.11.2024
«Реал» «Барса»га етиб олмоқда, Салоҳ «Ливерпул»ни қутқарди. Кун ўйинлари
10:01 / 10.11.2024
Винида яна ҳет-трик, лекин Мадридда даҳшатли муаммолар
00:08 / 07.11.2024
«Реал» ўз йўлига тушиб олиши учун ҳал қилиниши керак бўлган 6 масала
13:17 / 06.11.2024