Ўзбекистон | 18:12 / 11.12.2021
16331
2 дақиқада ўқилади

«Энди натижага ишлаш керак» - Президент Геология университетида яратилган шароитларни кўздан кечирди

Давлат раҳбари 2020 йил 31 январь куни Геология фанлари университети қурилишига тамал тоши қўйган эди. Бугун, 11 декабр кунги ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев янги университетда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

- Геология иқтисодиётга сув ва ҳаводек зарур. Охирги йилларда илмий мактабларни тиклаб, кадрлар тайёрлашга эътибор қаратяпмиз, энг илғор илмий методикаларни жорий этиб, лаборатория ускуналарини ўрнатиб, замонавий шароитлар яратяпмиз. Энди натижага ишлаш керак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳозирги кунда университетда бакалавриат бўйича 7 та ва магистратура бўйича 6 та йўналишда умумий 700 нафардан ошиқ талаба таҳсил олмоқда. Бу йўналиш ва мутахассисликларни соҳа эҳтиёжига қараб кенгайтириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, 5 йиллик тажрибага эга, геология соҳасида ишлаб келаётган ходимлар учун таълимнинг сиртқи шакли ташкил этилди.

Давлат раҳбари шу ерда талабалар, профессор ва ўқитувчилар билан суҳбатлашди.

Лойиҳанинг биринчи босқичида ўқув биноси, ётоқхона ҳамда 2 та илмий институт, кутубхона, лаборатория ва геология музейи бинолари қурилди. Иккинчи босқичда 7 қаватли лаборатория, 5 қаватли Давлат геология қўмитаси маъмурий биноси, 7 қаватли геология фонди ва Ўзбек геология қидирув биноси ҳамда спорт комплекси қурилади.

Президент қурилишни сифатли якунлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.

Университет таркибида Ҳ.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти, Минерал ресурслар институти, Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти, Нефть-газ конлари геологияси ва қидируви институти, Геология соҳаси кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Геоинновацион технологиялар маркази ҳамда Давлат геология музейи фаолият юритади.

Мавзуга оид