Жамият | 10:17 / 11.12.2021
10628
2 дақиқада ўқилади

Термиз давлат университети ҳудудида талабалар ўртасида оммавий муштлашув рўй берди

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Термиз давлат университети Физика-математика факультети ҳовлисида талабалар оммавий муштлашгани айтилган хабарлар тарқалди. Хабар юзасидан ТерДУ матбуот котиби муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, 2021 йил 9 декабр куни соат 12:50 ларда, танаффус вақтида Термиз давлат университетининг физика-математика факультети биноси олдида математика таълим йўналиши 3-босқич талабаси Д.А. ва 1-босқич талабаси Ҳ.А. лар ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан.

Оқибатда келишмовчилик муштлашувга айланади. Д.А. ҳовли томонга қочган Ҳ.А.ни бир мушт туширади. Жанжални кўриб бир гуруҳ талабалар ўша жойга йиғилишган.

Шундан сўнг, воқеа жойига профилактика инспектори Дилшод Юсупов, университет раҳбарияти, факультет декани ва масъуллар келиб, улар билан воқеа юзасидан ўрганишлар олиб борилган. Талабалар ўзаро ярашиб олишган. Факультет миқёсида талабалар ўртасида ҳолат муҳокама қилиниб, тегишли чоралар кўрилган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳодиса юзасидан Термиз шаҳар 1-сонли ИИБ \ суриштирув ишлари олиб бормоқда.

Мавзуга оид