Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Моддият устун бўлмаслиги керак» — Кореядан 100 кг китоб олиб қайтган профессор билан суҳбат
2021 йилда Инҳа университетида докторантура босқичини тамомлаган иқтисодчи Валижон Тўрақулов «Осмондаги болалар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони бўлди. У суҳбат давомида китобга бўлган меҳрни уйғотиш, болаларни ёшлигидан илмга қизиқтириш, таълимни хусусийлаштириш, Жанубий Корея ва Ўзбекистон таълим тизимини қиёслаш, Ўзбекистон ЖСТга кирса, қандай ўзгаришлар бўлиши ҳамда жамиятни қийнайдиган турли мавзуларда тўхталиб ўтди.
Фаолиятнинг бошланиши...
— 2015 йилдан мен учун янги ҳаёт бошланди, ҳам уйландим, ҳам докторантура босқичини бошладим. Доим бир шаҳарда яшаб юрганман ва ўша йилдан турмуш тарзим тубдан янгиланди. Яъни янги оила, янги шаҳар, янги университет. 2015 йилда докторантура босқичини бошлаган бўлсам, 2021 йил бошларида ўқишни битириб, сентябр ойларида ватанга қайтдим ва ҳозирда АКФА университетида ишлаяпман.
Мен Халқаро савдо бўйича иқтисодчиман, яъни «Халқаро савдо иқтисодчиси»ман. Докторлик ишим мавзуси – «Марказий Осиё давлатларидаги савдо харажатлари ва ўша харажатларни қандай қилиб тушириш» бўлган. Бу мавзу бўйича жуда кўп жойларда маъруза қилдим, халқаро журналларда мақолалар нашр этдик ва худога шукр, ўқишни битириб олдик.
— Кореядан 100 кг китоб билан келган экансиз? Умуман олганда, ана шу китобларни ўқишдан нима манфаат бор деб ўйлайсиз?
— Китоб — бу илм манбайи. Биласизки, даражалар бор. Биринчи, ахборот, кейин илм ва охири ҳикмат туради. Мен бу савол учун икки фикр билдирмоқчиман.
Биринчиси – илмни фақат китоб беради. Китоб орқали илм олаверасиз ва охир-оқибат ҳикмат даражасига чиқасиз. Компютер ёки телевидение сизга ё маълумот беради, ё ахборот беради. Ахборот технологиялари – бу илм манбайи эмас. Бу нарсалар тартибли бўлишга ва бир мавзуни тўлиқ ўрганишга йўл қўйиб бермайди.
Иккинчиси – китобларни камида 30-40 ёшдан юқори бўлган инсонлар ёзади. Одам муваффақиятга эришиш учун кимлардир қилган хатоларни қилиши шарт эмас, яъни ўша хатоларни, камчиликларни аллақачон ёзиб қўйганлар бор. Бадиий ёки илмий китоб бўладими, китоб ёзаётган муаллифнинг хаёлидаги фикрлар ёзилади. Ёзувчининг хато ва камчиликлари, ютуқлари ўша китобда мужассам бўлади ва сиз жуда ҳам кўп илм оласиз.
Ватанга қайтганимда бир нарсага ҳайрон қолдим, Тошкентда уй олмоқчи бўлганимизда ҳеч бир уйда китоб жавони йўқ экан. Тўғри, уй дизайни, қурилиши яхши, ҳаттоки, Кореядаги уйлар ҳам бунчалик ҳашаматли эмас. Лекин уларнинг ҳар бир хонадонида китоб жавонлари бўлади. Китобсевар инсон сифатида «Ҳар биримизнинг уйимизда китоб жавони бўлиши керак», деган бўлардим.
— Жанубий Корея ва Ўзбекистонда таълим тизими қандай? Қиёслай оламизми?
— Албатта, қиёсласак бўлади ва каттагина фарқ бор. «Ривожланиш – бу таълим, таълим – бу ривожланиш», иккиси парадокс.
Таққослашни аввало ёшликдан бошласак, яъни болалар боғчасидан. Жанубий Кореяда бир анъана бор, Ўзбекистонда бу анъана йўқ. Оналар болалари нечта тўгаракка бориши билан мақтаниб гаплашади. Бизда эса ҳашамат, тўйлар ҳақида гаплашишади. Мен бошланғич мактабларда дарс берганимда болалардан нечта академияга бориши ҳақида сўрардим. Улар олти ёки етти академияга боришини айтарди. У болаларга бир томондан раҳмим ҳам келарди, улар болаликни кўра олмасди. Чунки оналар фарзанди қўшнисининг фарзандидан ортда қолишини хоҳламасди. Болалар дарсдан чиқишади, спорт тўгарагига боради, ундан чиқиб чет тилларига боради, ундан кейин олимликка. Уларда бўш вақт қолмайди. Болалар шундай тарбиялагандан кейин шу тизимга ўрганади ва уларда ўз-ўзидан «Мен доим бандман ва шундай ўқишим керак», деган фикр шаклланади.
Университетларни таққослайдиган бўлсак, баъзида уйга тунги вақтларда қайтар эдим, кечаси соат 2-3ларда ҳам талабалар кутубхонадан келаётган ёки кутубхонага бораётган бўлишади. У ерда кутубхоналар кунига 24 соатдан 365 кун ишлайди. Кутубхонада керакли шарт-шароитлар бор ва улар доим ўқиш билан банд.
Бунда ота-оналар ва ҳукуматнинг ўрни жуда катта. Чунки Корея анча аввалроқ мактабларни, университетларни хусусийлаштиришга ўтган. Ўзингиз биласизки, хусусий сектор сифат ва маҳсулдорлик жиҳатдан анчагина ривожланган бўлади. Агарда биз ҳам хусусийлаштиришга ўтсак, таълим тизимимиз тез орада яхшиланади ва ўз натижасини беради. Бунга олдинроқ ўтганимизда, ҳозирги таълим тизими бундан-да ривожланган бўларди.
— Сизнингча, илмга бўлган муносабатни қандай ўзгартирса бўлади?
— Ёшлар илм олганда ёки бирор ихтиро қилганда, рағбатлантириш лозим. Нима учун спортчилар тинмай ҳаракат қилишмоқда? Улар бирор ютуққа эришса, давлат томонидан яхши рағбатлантирилади. Илм йўлида ҳам шундай рағбатлар бўлиши керак. Илмга бўлган муносабатни фақат рағбат орқали ўзгартирса бўлади. Сабаби иқтисодчиларда рағбат масаласи катта рол ўйнайди. Одамларни, жамиятни рағбат бошқаради. Инсонлар моддий жиҳатдан рағбатлантирилса, уларда илмга бўлган муносабат ўзгара бошлайди. Ўзи ҳар қандай ҳукуматда бошқарув йўлида мажбурлаш ва рағбат усули бор. Давлат рағбат усулида бошқарувни танласа, жамият ич-ичидан ҳаракат қилади. Илм олишда ҳам худди шундайдир.
Ўйлайманки, биринчи навбатда давлат илмга бўлган муносабатни ўзгартириши керак ва жамиятда ҳам бу муносабат ўзгаради. Жамиятда муносабат ўзгариши, аёлларимизда ҳам бу муносабат ўзгаришига олиб келади. Муносабат ўзгардими, уларнинг ўқиши учун, ишлаши учун йўл яратишимиз керак бўлади.
Бу фикр ҳамма ёшдаги ўқувчи қизлардан тортиб катта ёшдаги оналаримизга ҳам тегишли. Чунки улар илм йўлини танлашса, улардан кейинги ёш авлодда ҳам илмга қизиқиш, интилиш бўлади. Бунинг учун уларнинг илм олиш йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлашимиз керак. Бизда бундай тўсиқлар жуда кўп.
— Тадбиркорларга таълим орқали бизнес қилиш ва ундан катта фойда қолишини исботлаб бера оласизми?
— Таълимни хусусийлаштиришда фақатгина моддий рағбатнинг ўзи етарли эмас. Қадриятлар масаласи ҳам бор. Яъни бу халққа илм бериш ва ундан завқланиш каби инсоний туйғулар ҳам катта рол ўйнайди. Иқтисодий томондан таълимдан фойда олиш, қурилиш саноатидагидек тез эмас. Масалан, бир дўстимиз Ўзбекистонда қурилиш соҳаси энг осон ишлигини айтади: «Уй қуришдан олдин одамлар сенга пул тўлайди, сен материал олиб келиб, уй қуриб берасан. Инвестиция бор».
Сабрсиз бўлганимиз сабабли, таълимдан фойда келиши кечроқ бўлгани учун кўпчилик таълимга пул сарфлагиси келмайди. Лекин ҳозирда Ўзбекистонда хусусий таълим ривожланяпти. Тадбиркорларга шуни айтмоқчиманки, отни қамчилаш керак, биринчи чопган от тезроқ чопади ва кўпчилик унга ета олмайди. Сизнинг фойдангиз секин-секин, мунтазам келади ва бошқа бизнесларга нисбатан узоқроққа борасиз. Ҳозир бошласангиз сизнинг отингиз бошқаларникига нисбатан тезроқ чопади.
— Нима учун инвесторлар Ўзбекистонга келмаяпти? Бунга сабаб нима?
— Аввало, иқтисодиётни ривожлантиришда қонун устуворлиги, мулк дахлсизлиги катта рол ўйнайди. Бу иккисини институционал ўзгаришлар ташкил қилади. Яъни институционал ўзгаришлар иқтисодиётни бир тизимда шакллантиради ва ўша тизим бўйича кетаётган иқтисодиётда қонун устувор, суд эркин ва мулк дахлсиз бўладиган бўлса, инвесторга бўладими, ички ишлаб чиқарувчига бўладими, албатта рағбат туғдиради.
Ўзбекистонда инвесторлар келмаслигининг асосий сабаблари – мулк дахлсизлиги ва институционал ўзгаришлар жой-жойида шаклланмаётгани деб ўйлайман. Бизда янги ҳоким келса, сиз қурган уйни кейинги ҳоким олиб қўйишга ҳаққи бордек туйилади гўё. Умуман, суд тизими ва мулк дахлсизлиги эркин бўлмагани, оддий фуқародан ўз мулки олиб қўйилиши медиада яққол кўринаётган бўлса, қандай қилиб инвестор ишониши мумкин?
Шунинг учун давлатда аввало, қонун устуворлиги, судлар эркинлиги ва институционал тизим яхшиланиши керак. Шу ҳолатни кўриб туриб «Мамлакатлар таназзули сабаблари» китобини ўқишни тавсия этаман. Бу китобда ривожланишнинг турли моделлари кўриб чиқилганда хулоса шундай бўлганки, ривожланиш учун бойлик рол ўйнамайди, газ ёки нефт каби табиий бойликлар рол ўйнамайди. Энг асосийси – суд тизими, мулк дахлсизлиги ва ўша давлатдаги институтлар яхши, барқарор ишлаши.
— Нима учун Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлмаган?
— Бунга сабаб лоббистлар катта таъсир кўрсатаётгани деган фикрдаман. Лоббистлар – булар катта компаниялардир ва улар мамлакат ЖСТга қўшилишига қарши чиқишади. Сабаби монопол компаниялар хорижий халқаро компаниялар билан рақобат қила олмайди ва секинлик билан сина бошлайди. Монопол фирмалар давлат қарамоғидалиги сабабли ҳам ЖСТга қўшилишни кейинга суради.
Агар давлат ЖСТга аъзо бўлса, давлат қарорларни эркин қабул қила бошлайди, давлат қарамоғида ҳеч қандай фирмалар қолмайди. Инвесторлар эса у давлатда эркин савдо тизими борлигига ишониб, қўрқмасдан инвестицияларини ўша давлатга тика бошлайди. Бунга асосий сабаб ЖСТга аъзо бўлган давлатлар билан шартнома тузгани ва тузган шартномага мувофиқ иш тутиши бўлади. Бунинг натижасида хориждан турли маҳсулотлар кириб кела бошлайди. Одамларда импорт кириб келса, маҳаллий маҳсулотларни синдиради деган фикр туғилиши табиий ва ҳукумат ҳам маҳаллий корхоналарни йўқотишдан қўрқади. Импорт кўпайиб, экспорт тушиб кетади қабилидаги фикрлар ҳукуматдагиларни иккилантиради.
Биз кириб келаётган маҳсулотларни хомашё сифатида қабул қилишимиз керак. Кириб келаётган хомашё харажатларимизни қисқартиришга ёрдам беради ва мамлакат қолган маблағини ишлаб чиқариш саноатига йўналтиради.
Иқтисодиётни бир ҳовузга ўхшатиш мумкин. Сув кирса, сув чиқади. Шундай экан, импорт кирадиган бўлса, экспорт ҳам чиқади. Чунки ҳар қандай экспортга туртки берадиган нарса, бу импортда. Бу ҳолат ҳар қандай давлатда иш беради.
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлишидан биринчи навбатда UzAuto Motors зарар кўради. Эркин савдодан ким кўп зарар кўради — монополистлар. Бунинг натижасида ишсизлик кўпаяди.
UzAuto Motors компаниясининг 25 минг ишчиси бор. Бу кўп бор айтилган. 25 минг ишчини деб, 34 миллион аҳоли ризқини қирқмаяпмизмикан? Аҳоли арзонроққа хориждан келган машина сотиб олиб, қолган маблағини кичик бизнесга тикса бўлади ва бироз муддат ўтгандан кейин ишсизлар сони қисқаришни бошлайди. Машина арзонлаши ҳисобига кўп фирмалар ўз харажатларини қисқартириши ва кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариши мумкин. Шу билан бирга, ишчиларга юқори маош беришади, қўшимчасига янги ишчилар ҳам ёллайди. Юқорида келтирилган 25 минг ишсиз қолганлар секин-асталик билан ўз ишини топади. Бу муддатда ишсизлар қийналади. Давлат эркин савдони чекламаслиги керак. ЖСТга аъзо бўлингандан кейин ишсизларга ёрдам беришни бошлаш керак бўлади.
— Табиий бойликлар яхшими ёки ёмонми?
— Табиий бойликларга бой бўлган давлатда коррупция кучли бўлади. Табиий бойликлар аҳолини дангаса қилиб қўяди ва улар фақат битта соҳага эътиборини қаратишади. Бу илмга бўлган рағбатни ўлдиради. Яъни бойлик бор, нима қилади илм олиб. Масалан, Саудия Арабистонига борсангиз, у ерда одамларнинг катта қисми нефт билан шуғулланади. Шунинг учун ҳам бизнинг шифокорлар у ерга бориб ишлашмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, олтин, табиий бойликлар савдоси билан кўпроқ юқори қатлам ишлайди ва унинг тасарруфи ўша қатламда бўлади.
— Коррупцияни минимал даражага олиб келиш учун нима ишлар қилишимиз керак?
— Биринчидан, шунчаки жазосини кучайтириб қўйиш – шунчаки коррупция нархини оширади. Яъни жазо кучайганда, сизда хавф кучаяди. Бу билан жазони қабул қилишда огоҳлигингиз ошади. Мисол учун, мен аввал пора билан қўлга тушиб қанчадир пул тўлаб чиқиб кетаётган бўлсам, жазо кучайтирилганда мен яна қўшимча пул тўлаш орқали озод бўлишим мумкин.
Шунинг учун бу ерда жазони кучайтириш тўғри ечим эмас. Жазо муқаррарлиги кучайтирилиши керак. Айтайлик, 10 йиллик жазо бор, қандайдир йўллар билан бу вазиятдан чиқиб кетишим мумкин ва мен бу вазиятдан қўрқмайман. Лекин мен 1 йиллик муқаррар жазодан қўрқаман. Чунки 1 йиллик жазо аниқ ўталиши керак бўлади ва ҳеч ким, ҳеч қандай енгиллик аралашмайди. Бунда бизда «Пора билан қўлга тушсам, пул бериб ҳам чиқиб кета олмас эканман» каби фикр пайдо бўлади. Буни билган одам коррупцияга аралашмайди. Бу ҳолат барчага татбиқ қилиниши ва шаффофлик кучайтирилиши шарт. Сиз ҳатто ўлим жазосидан пора бериб чиқиб кетадиган бўлсангиз, жазони кучайтиришдан фойда йўқ-да.
«Бу диплом ишимни бор кучини сарфлаб хасталик орттирган отамга ва Тошкентда ўқишим учун сут-қатиқ сотган онамга бағишлайман…»
— 2003-2005 йиллар оралиғи эди. Биз ўзи яхши яшаганмиз. Кейин дадамнинг ишхонасига бошқа бошлиқ келганидан сўнг, алмашиш бўлган. Биласиз, ҳамма ўз танишини қўяди. Шу билан дадам оддий ишчи сифатида ишлай бошлаган. Бу воқеа акам ва катта опам контрактга ўқишга киргани, кичик опам абитуриент бўлиб бошқа ерда ўқиётгани ва мен лицейда ўқиган пайтимга тўғри келган.
Жуда ҳам қийин пайт бўлган. Лекин ота-онам ҳаттоки кимнидир ўқитмаслик керак деб ўйлаб ҳам кўришмаган. Эслайман, шундай кунлар бўлган, битта гугуртга пул бўлмаган кунлар бўлган. Шанба ва якшанба кунлари онам икки тандир нон ёпарди ва ўша куни нонларнинг ҳаммасини бизга бериб юборар эди. Кейинчалик билганмиз, дадам ҳафта охирини хавотир билан кутар экан – болаларимга қандай қилиб пул топиб бераман деган фикрда. Чунки оиламиз танқислик ҳолатига тўғри келган.
Шундай қилиб жуда қийинчиликлар билан ўқиганмиз. 2006 йил, 10-синфдалигимда Фарғонада эмас, Тошкентда ўқиш ёқар эди. Бу гапни айтганимда, дадам «Тошкент қимматроқ, Фарғонага топширавер» деганлар. Бир томондан дадамнинг гапи тўғри эди. Сабаби моддий жиҳатдан пул етказиб беролмас эдилар. Кўзимда ёш билан «Тошкентга топшираман» каби қарашда уйга кириб кетаётсам, уйда ойим қўлида ғижимланган пуллар билан турган экан. Шунда ойим «Ўғлим Тошкентга топширавер, мана мен сут-қатиқ сотиб сенга пул қилиб бераман», деган эдилар.
Бу ҳолат менга моддий жиҳатдан ёрдам бера олмас эди, лекин маънавий жиҳатдан катта ёрдам берган. Майли, ўқийверай деганман. Тошкентга бориш учун йўл кирани тўғрилаб беришган. Тошкентга ўқишга келиб, бу ерда ўқиб кейин ўқишни битириб уйга қайтганман. Бу пайтда ойим «Сени Тошкентга кўргани бормабмиз ҳам», дердилар.
Ўзи кўргани бормаслик эмас, кўргани бориш учун имконият бўлмаганда. Чунки у пайт ҳаммамиз талаба бўлганмиз. Кейинчалик кичкина опам бюджетга ўтиб берганидан кейин анчагина енгиллик бўлган-у, лекин ота-онам қийинчиликларга қарамай бизни ўқитганлар. Ҳаттоки дадам уйдаги нарсаларни сотиб бўлса ҳам ҳаммамизга пул қилиб берар эди. Шундай даражада бизни ўқитамиз деб ўз умрларини сарфлашган.
Диплом ишимни ёзаётганимда биринчи варағига «Биз учун бутун борлиғини берган, айни пайтда қандли диабет бўлиб қолган дадамга ва сут-қатиқ сотиб мени Тошкентда ўқитмоқчи бўлган онамга бағишлайман», дея иккита жумла билан бошлаганман.
— Бугунги кун ёшларининг қандай муаммолари бор деб ҳисоблайсиз?
— Бугунги кун ёшларининг мақсадсизлик муаммоси бор. Бўлса ҳам у мақсад эмас, восита. Улар мақсадни жуда кичик олади. Албатта, мақсад билан воситанинг фарқи бор. Мақсад биттагина бўлади, қолган ҳамма нарса восита бўлади. Яъни катта мақсадни белгилаб олиш керак ва кунлик кичик мақсадларни амалга ошириш керак. Катта мақсадлар – бу ҳаётингиз қозиғи бўлади. Яъни сиз ўша қозиқнинг атрофидагина юрасиз. Бошқа нарсага ўтиб кетмайсиз. Шунинг учун кўпчилик шундай муаммо билан келса, мақсадни катта олинг дейман. Шундай гап бор: «Одамлар сизнинг орзуйингиз устидан кулмаётган бўлса, демак орзуларингиз жуда ҳам кичкина экан».
— Жанубий Кореяга ўқишга кетаётган ёшларга қандай маслаҳатлар берасиз?
— Жанубий Кореяда ўзбек талабаларини ҳам ўқитганман. Ўша пайтда ўқиётган талабалар ноқонуний равишда ишлаб, уйига пул юборарди. Бу ерда ҳам улар мақсадни жуда кичик олишган. Яъни мақсад пул ишлаб, уни уйга жўнатиш, машина, уй олиш бўларди. Бошқа мақсад йўқ-да бу ерда. Уларга айтган бўлар эдим «Корея – бу имкониятлар мамлакати». Жуда кўп иш қилса бўлади. Шунақа қонуний йўллари борки, ўша йўлларни жуда кўпчилик билмайди. Масалан, магистратурага кириб виза учун пул тўлаётганлар бор. Лекин аслида у ердаги магистратура босқичини битириб, жуда зўр жойларга ишга кирса бўлади. Яъни мунтазам ойлик маошни кўтариш мумкин. Кимдир ўқиётган пайт даромади паст бўлиб туради, лекин ўқишни битириши билан ўқиётган талабанинг даромади кескин кўтарила бошлайди.
Моддиятнинг ўзини мақсад қилиб олмаслик керак. Агар моддият бўлса ҳам, билим орқали топиш керак ўша пулларни. Шунинг учун мақсадни аниқ қилиб олинг, у ерга борганингизда пулни кўриб чалғиб кетиш мумкин.
Қилишингиз шарт бўлган ишлардан бири – кутубхоналарга боринг. Китоб мутолаа қилинг. Яхши жамоа шакллантиринг. Катта мақсадли жамоа билан бирга бўлинг. Худо хоҳласа, Кореядан пул, оддий нарсалар билан эмас, балки мансаб, диплом, ғоялар билан қайтасиз.
— Ҳаётдан олган хулосангиз...
— Хулосаларим кўп. Аввало ота-онани қадрлаш ва улар билан яшаш масаласи. Шу пайтгача кўп хатолар қилганмиз, уларни ранжитганмиз. Улар хатоларимизни кечиришган. Уларни қадрлашимиз керак. Чунки улар омонат. Кейинги хулосаларим шахсий ривожланишга доир. Мукаммалликка жуда кўп эътибор қаратиш керак эмаслиги.
Мисол учун, қанақадир топшириқ берилса, уни ўта мукаммал даражада қилиб келишади. Бу яхши. Албатта, яхши даражада қилинса ҳам, ўша иш яхши якунланган бўлади. Бирор топшириқни ўта мукаммал равишда эмас, яхши даражада қилса ҳам бўлади. Яъни мукаммаллик яхши ишларни қилишда тўсқинлик бўлиб қолар экан. PhD ишини ҳам жуда мукаммал қиламан дейдиганлар бор. 6-8 йил умрини сарфлашади ва ҳаттоки битира олмаган талабалар бўлган.
Кейинги хулосам, ҳолатингизга қараб single-tasking ёки multi-tasking эканингизни англаб олинг. Вақт ўтган сари multi-tasking’дан single-tasking’га ўтиб бормоқдаман. Яъни бор эътиборимни битта ишга қаратяпман ва бу ҳолат менда яхши кечяпти.
— Келажакдаги режалар...
— Келажакдаги режаларим катта. Ўзбекистонда «ФинТеч» халқаро илмий институтини очмоқчиман ва бу халқаро савдога йўналтирилади. «ФинТеч» икки вазифани бажаради. Биринчиси, илмий вазифани ва Business consulting вазифасини. Умумий жиҳатдан халқаро институтларга, илмий жиҳатдан ва бизнесларга consulting хизмат кўрсатиш. Ҳозирда бу режани амалга ошириш учун илм олиш ва ўз устимда ишлаш билан бандман.
Мавзуга оид
09:58 / 18.01.2025
“Гуллаётган” автофирибгарлик, соҳадаги кучли протекционизм оқибати – мутахассислар билан суҳбат
10:28 / 12.04.2023
«Мактаб ҳожатхоналарининг сифати ўқувчи давоматига тўғридан тўғри боғлиқ» — иқтисодчи
15:37 / 05.07.2022
ЕОИИга кириш янада хавфли бўлиб қолди, ЖСТга аъзоликни тезлаштириш керак — иқтисодчилар
21:51 / 13.02.2022