Жаҳон | 16:33 / 13.12.2021
14148
5 дақиқада ўқилади

Шимолий ва Жанубий Корея уруш тугаганини эълон қилишга келишиб олди

Жанубий Корея президенти Мун Жэ Иннинг таъкидлашича, Шимолий ва Жанубий Корея урушни тугатишга принципиал жиҳатдан келишиб олишган. Бу жараён тўлиқ амалга ошиши учун АҚШ Шимолий Кореяга нисбатан «душманлик сиёсатидан» воз кечиб, бир неча шартларни бажариши керак.

Фото: Getty Images

Шимолий ва Жанубий Корея, АҚШ ва Хитой воситачилигида Корея уруши расман якунланганини эълон қилишга принципиал жиҳатдан келишиб олди, дея хабар бермоқда BBC. Бу ҳақда Жанубий Корея президенти Мун Жэ Ин Австралияга давлат ташрифи давомидаги матбуот анжуманида айтиб ўтган.

Жанубий Корея президентининг таъкидлашича, Шимолий Кореянинг айрим талаблари туфайли музокаралар ҳали бошланмаган.

1950 йилдан 1953 йилгача давом этган уруш Корея яриморолини иккига бўлиб юборганди. Икки давлат ўшандан бери техник жиҳатдан уруш ҳолатида бўлиб, ўзаро муносабатлардаги кескинлик сақланиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида икки корейс давлати мос равишда Хитой ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган.

Шимол билан алоқаларни яхшилашни ўз президентлик дастурининг энг устувор йўналишига айлантирган Мун Жэ Ин узоқ вақтдан бери можаронинг якуни бўйича расмий декларация тайёрлаш устида ишлаб келмоқда. Аммо кўпчилик кузатувчиларнинг фикрича, бунга эришиш жуда қийин бўлади.

Шимолий Корея нимани хоҳламоқда?

Сентябрь ойида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг «қудратли» синглиси, мамлакатда катта таъсирга эга бўлган Ким Ё Чжон Пхенян Сеул билан Корея уруши бўйича келишувнинг расман якунланиш декларацияси бўйича конструктив мулоқотга тайёрлигини маълум қилганди. Пхенян АҚШ Шимолий Кореяга нисбатан «душманлик сиёсатидан» воз кечсагина, музокаралар столига ўтиришга розилигини билдирган.

Шимолий Корея томони доимий равишда АҚШ қўшинларининг Жанубий Кореяда бўлиши (28,5 минг АҚШ аскари), икки давлат томонидан ҳар йили ўтказиладиган қўшма ҳарбий машғулотлар, шунингдек Шимолий Кореянинг ядровий қурол ишлаб чиқаришга қаратилган дастурига қарши АҚШ томонидан жорий қилинган санкцияларга эътироз билдириб келади.

Аммо АҚШ Шимолий Кореяга қарши қўлланаётган санкциялар бекор қилиниши учун Пхенян ядро қуроли ишлаб чиқариш бўйича дастуридан бутунлай воз кечиши кераклигини бир неча бор таъкидлаган.

Муннинг сўзларига кўра, Шимолий Корея ўз талаблари бажарилишини музокаралар олдидан қатъий шарт сифатида қўйишда давом этмоқда.

«Шимолий Кореянинг қўяётган талаблари сабаб тинчлик декларациясини муҳокама қилиш ёки музокаралар столига ўтиришга қодир эмасмиз... Аммо бу жараён бошланишига умид қилишда давом этамиз», деди у.

Жанубий Корея етакчисининг фикрича, урушни тугатиш тўғрисидаги расмий декларация Шимолни ядро қуролидан воз кечишга ундаши мумкин.

Айни пайтдаги музокаралар урушни тугатиш тўғрисидаги келишув столига ўтириш учун Мун Жэ Иннинг сўнгги имкониятидир. Чунки у 2022 йилнинг март ойида президентлик лавозимини тарк этади. Аммо музокаралар бу сафар ҳам қийинчиликларга дуч келиши эҳтимоли юқори. Байден маъмурияти Шимолий Корея талабларини бажаришга хайрихоҳлик билдирмаган.

АҚШ ва Хитойнинг муносабати қандай?

Октябрь ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши маслаҳатчиси Жейк Салливан тинчлик декларацияси бўйича келишувга эришиш учун Қўшма Штатлар «турли шартларининг аниқ кетма-кетлиги ёки вақти бўйича бироз бошқача нуқтайи назарга эга бўлиши мумкинлиги»ни айтганди.

Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги Пекиндаги жанубий кореялик дипломатларга таяниб хабар беришича, мамлакатида катта мавқега эга бўлган дипломат Янг Жиеч «Хитой ҳукумати уруш тугагани ҳақидаги декларацияни қўллаб-қувватлашга ваъда бергани»ни маълум қилган.

Маълумот учун, 1950 йилнинг 25 июнида Шимолий Корея армияси чегарани бузиб ўтиб, Жанубий Кореяга ҳужум қилганди. Шундан сўнг Жанубни қўллаб-қувватлаш мақсадида АҚШ урушга қўшилди. Бунинг оқибатида эса Шимол армияси орқага чекина бошлади, Пхенян шаҳри ҳам Қўшма Штатлар томонидан эгалланди. Шундан сўнг Хитой ўз ҳарбий кучларини Шимолий Кореяга ёрдамга юборди. СССРнинг ҳам Корея урушига аралашиши мумкинлиги аниқ-равшан бўлиб қолди. Оқибатда АҚШ Шимолий Кореяга қарши уруш ҳаракатларини тўхтатишга мажбур бўлди. Тўқнашувларда беш миллион аскар ва тинч аҳоли ҳалок бўлди. 1953 йилда эса икки ўртада яраш битими имзоланган. Унга кўра, ҳар икки корейс давлати чегараси урушгача бўлган ҳолатида (38-параллел кенгликда) тикланди. Натижада Корея яриморолида иккита мустақил давлат пайдо бўлди ва улар ўртасидаги зиддиятли муносабатлар бугунги кунгача давом этиб келмоқда.

Мавзуга оид