Жаҳон | 10:36 / 14.12.2021
6042
1 дақиқада ўқилади

Японияда Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги 300дан кўпроқ бомба йўқ қилинди

Япониянинг Окинава префектураси маркази Наха шаҳрида ушбу ҳудудда топилган Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги портламай қолган 319 та бомба ва снаряд йўқ қилинди. Бу ҳақда NHK телеканали хабар берди. 

Фото: FORCES PHOTO

АҚШ томонидан қўлланган бомбалар Наха портидаги қазиш ишлари вақтида топилган. Улар денгизга туширилиб, Япония мудофаа кучлари сапёрлари томонидан портлатиб юборилган. Телеканал эфирида бомбалар портлатилгач, сув устида 20 метр баландликда лойқа сув девори кўтарилгани кўрсатилган. Таъкидланишича, ўқ-дориларни йўқ қилиш амалиёти 1995 йилдан бери Нахада ўтказилган энг йириги бўлган.      

NHK маълумотларига кўра, Окинава ҳудудида ҳар йили 20 тоннага яқин портламай қолган бомба ва снарядлар йўқ қилинади.

Окинава ороли учун Япония ва АҚШ ўртасида кечган жанг 1945 йил 1 апрелда бошланган ва 82 кун давом этган. Жанг Итоман шаҳрида япон гарнизони қўмондони генерал-лейтенант Мицуру Усидзима ўз штабининг кўплаб аъзолари билан бирга ўз жонларига қасд қилгач, 23 июнда япон қўшинларининг капитуляцияси билан якунланган. Бироқ бундан бехабар баъзи япон отрядлари сентябргача қаршиликни давом эттирган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид