Иқтисодиёт | 17:45 / 19.12.2021
17788
4 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларга валюта айирбошлаш хизматлари кўрсатиш рухсати ва янги банкнотлар – Ҳафта иқтисодий хабарлари

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги Ўзбекистон иқтисодиётига оид энг муҳим янгиликларни яна бир бор эслайди. 

Фото: KUN.UZ

Янги банкнотлар

Марказий банк 2021 йилнинг 22 декабридан янги кўринишдаги, номинал қиймати 50 000 сўм ва 100 000 сўм бўлган банкнотлар муомалага чиқарилишини эълон қилди. Аммо янги 50 минг сўмлик дизайнида хатолик аниқланди. Янги қоғоз пулда акс этган ёдгорлик мажмуаси аслида Ҳаким Термизий мақбараси сурати бўлиб, банкнотдаги матнда Абу Исо Термизий мақбараси деб ёзилган.

Ҳозир амалда бўлган – 2017 йилда чиққан 50 минг сўмлик ва 2019 йилда чиққан 100 минг сўмлик банкнотлар ҳам муомаладан чиқарилмаслиги ва улар ўз тўлов қобилиятини сақлаб қолиши айтилган.

«Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун маъқулланди

Сенат ялпи мажлисида «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Кейинги йилда бюджетдан ижтимоий соҳага, хусусан, таълим соҳаси харажатларига 46,9 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳаси харажатларига 22,8 трлн сўм, маданият ва спорт соҳаси харажатларига 3,4 трлн сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,5 трлн сўм йўналтирилиши назарда тутилмоқда.

Қонунда очиқ бюджет, «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»га 1 трлн 553 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилиши ҳам кўзда тутилган.

Ҳоким ёрдамчиси маоши

Ҳоким ёрдамчиларининг аввалги иш жойидаги маошларини сақлаб қолиш масаласи 2022 йил учун давлат бюджетида кўзда тутилган.

Молия вазири Темур Ишметовнинг сўзларига кўра, агарда ҳоким ёрдамчиси аввал давлат бюджетидан ойлик олиб келган бўлса ва аввалги маоши янги лавозиминикидан юқори бўлган бўлса, эски иш жойидаги маоши сақланиб, янгисидан маош олмайди.

Маълумот учун, ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори билан ҳоким ёрдамчиларининг маоши миқдори белгиланган. Унга кўра, маҳалладаги хонадонлар сонига қараб 4 млн 932 минг сўмдан 5 млн 754 минг сўмгача бўлган маошлар тўланади.

«Ўзбекнефтгаз» шохобчаларида АИ-80 бензини нархи 6500 сўмгача туширилди

«Ўзбекнефтгаз» АЖга тегишли АЁҚШларда АИ-80 бензини нархи 6890 сўмдан 6500 сўмга туширилди. Бунга сўнгги кунларда бензин тақчиллиги оқибатида ижтимоий тармоқларда юзага келган танқидий муҳокамалар сабаб бўлган. 

Kun.uz мухбирининг «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати билан боғланиб ойдинлик киритишича, АИ-80 бензини нархини яна арзонлаштириш кўзда тутилмоқда.

24/7 режимда ишлайдиган валюта айирбошлаш хизмати

Хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, норасмий валюта операциялари вужудга келишининг олдини олиш, шунингдек, узлуксиз равишда (24/7 режимда) хизмат кўрсатиш имконини яратиш мақсадида хусусий тадбиркорларга валюта айирбошлаш хизматларини кўрсатишга рухсат бериш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, молиявий хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига кредит уюшмаси хизматлар бозорига кириш имкониятларини яратиш кўзда тутилган.

Автобус ва метрополитенда йўлкира нархи оширилади

Тошкент шаҳар ҳокимининг «Янги тарифлар жорий қилиниши тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан Тошкент шаҳар жамоат транспортида йўлкирани нақд пул орқали тўлашда 1 700 сўм этиб белгилаш режа қилинган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид