Иқтисодиёт | 16:40 / 05.08.2023
37482
13 дақиқада ўқилади

Қийналаётган бюджет, ғалати хусусийлаштириш ва ИМВда рокировка — иқтисодий таймлайн

Доллар курси 11700 сўмдан ошди. Уй-жой бозорида нарх пуфаги пайдо бўляпти. Энг катта банклардан бири ғалати тарзда хусусийлаштирилиши мумкин. Президент солиқчиларни жиддий танқид қилди. Ҳукуматнинг иқтисодий блокида рокировка. Kun.uz ҳафта иқтисодий янгиликларини иқтисодчи Отабек Бакиров билан таҳлил қилди.

Ўзбекистондаги маъмурий ислоҳотлардан 7 ой ўтиб, иқтисодий соҳани мувофиқлаштирувчи иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Қудбиев яна Солиқ қўмитасига қайтди. Айни вақтда Солиқ қўмитаси яна мустақил тузилма бўлиб, вазирлик таркибидан чиқарилди. Жамшид Қўчқоров эса иқтисодиёт ва молия вазири бўлди.

— Тажрибалар фақат муваффақиятлардан иборат бўлмайди. Айрим ҳолларда хатолар ҳам англашилади. Хатолар биринчи марта қилинган бўлса, улар кечирилади. Олдинга қараб қадам босишда давом этиш керак. Админреформа доирасида иқтисодий блокда мавжуд бўлган идораларнинг битта супервазирликка бирлаштирилиши хато эди. Админреформанинг биринчи кунларидаёқ жуда кўп экспертлар бу ҳақда айтди. Қарши аргумент ўлароқ Францияда шундай тажриба борлиги айтилди, лекин француз тажрибасининг қолган қисми ҳам бор: уларда ягона вазирликка бирлаштирилган департаментлар мутлақ автономияга эга. Улар бир-бирига мувозанатли ва мустақил қарорлар қабул қила олади. Бизнинг шароитимизда эса даромадларни ҳам, бюджет харажатларини ҳам битта вазирлик остида назорат қиладиган, бошқариладиган вазирликка айлантирилиши тўғри иш бўлмагани аниқ эди. Ва бу амалиётда тушуниб етилди.

Ҳозир иқтисодиётимиз ва бюджет мувозанатида юзага келаётган қатор муаммолар ҳам хато маъмурий қадамнинг акс-садоларидан бири ҳисобланади. Масалага қайтадиган бўлсак, бу ажралиш шу билан якунланмаслиги керак. Чунки ҳозир Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таркибида божхона қўмитаси сақланиб турибди, у ҳам даромад шакллантирадиган давлат идорасидир. Иқтисодиёт ва молия вазирлигидаги функциялар вертикали ўзгартиришларда давом этса керак. Муваффақиятли молия ва фискал бошқарув принципларига кўра, даромад топувчилар тақсимловчиларга, ёки тақсимловчилар даромад топувчиларга айланмаслиги керак, дейди Отабек Бакиров.

Энг йирик давлат банкларини хусусийлаштириш кечиктирилди. СҚБга ноодатий схема танланди

Ўзбекистондаги энг йирик давлат банкларидан бири Ўзсаноатқурилишбанкнинг хусусийлаштирилиши 2024 йил охиригача, Асабакабанкники эса 2025 йил охиригача узайтирилди. Қишлоқ қурилиш банк IPOси эса 2024 йил 1 мартга қадар чўзилди. Бу янгиликдаги асосий жиҳат шундаки, Ўзсаноатқурилишбанкни хусусийлаштириш учун ноодатий схема танланди.

— Аслида хусусийлаштириш ҳақида гап кетганда давлатнинг қайсидир бизнес субъекти таркибидаги бошқарувидан мулкдор сифатида тўлиқ кетиши тушунилади. Очиқ бозор, фонд бозори шаклланган, эркин бозор қоидалари амал қилаётган бошқа мамлакатларда қайсидир йирик банкларда давлат улуши сақланиб қолаётганини қабул қилиш мумкин. Чунки у ерда кучли корпоратив қоидалар амал қилади. Бозор давлатни иштирокчи сифатида бозор қоидалари асосида ўйнашга мажбур қилади. Лекин бизга ўхшаган бозор қоидалари томон тўлиқ етиб бормаган мамлакатлар учун давлатнинг қайсидир хусусийлаштирилаётган бизнесда улушини сақлаб қолиши хусусийлаштиришга саволлар қолдиради.

Белгиланган режага кўра, 2024 йил охиригача Саноатқурилишбанкнинг давлат улуши 50 фоиздан пасайтирилиши айтилган. Давлат банк капиталидан тўлиқ кетишни ҳали режалаштирмаган. Асосий йирик халқаро молия ташкилотларидан олинган кредит ёки қарз линиялари Ўзсаноатқурилишбанкнинг акцияларига конвертация қилинади. Яъни қарзлар ўрнига акциялар тақдим этилади. Шу билан банкнинг капиталидаги давлат улуши 50 фоизга туширилади. Қарор чиққандан кейин ҳисоб-китоб қилиб кўрдим: 200 млн доллар атрофидаги қарзлар акцияларга конвертация қилинади, лекин давлат қолади. Шу нуқтайи назардан, бундай схемани хусусийлаштиришни муваффақиятли бўлади деб ўйламайман. Агар давлат ҳар қандай активни хусусийлаштиришда ундан тўлиқ кетишни режа қилмас экан, активга нисбатан таъсирини сақлаб қолаверади.

Саноатқурилишбанкни хусусийлаштириш билан Ипотекабанкнинг хусусийлаштирилиш кейсида жуда катта фарқ бўлади. Ўзбекистонда корпоратив бошқарув яхши ривожланмагани учун битта банкка битта эгалик кўпроқ самара беради.

Бошқа банкларнинг хусусийлаштирилиши кечикиши тўғри деб ҳисоблайман. Чунки ҳозир глобал бозорда инвесторлар жуда кўп қарорларни кейинга қолдиряпти. Чунки қарз бозори жуда юқори нархлар фонида шаклланяпти. Инвесторлар қарор қабул қилишда жуда кўп бюрократик тўсиқларга эга ёки ҳуқуқ билан боғлиқ ечимларда муаммолари бор давлатлардан ўзларини йироқ тутишяпти. Нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон ёки Қирғизистон бозорига ҳам йирик инвесторларни жалб қилиш муаммоли. Чунки рисклар жуда юқори. Чунки бу фақат қарз ёки фонд бозоридаги муаммолар билан боғлиқ эмас. Бизнинг ҳудудимиз Украина ва Россия ўртасидаги уруш билан ҳам боғлиқ.

Тошкентда уй-жой бозорида нарх пуфаги кенгайяпти. Унинг ёрилиши банкларга эмас, инвесторларга жиддий таъсир қилади

Уй-жой нархлари қимматлашда давом этяпти. Тошкентда нарх пуфаги кенгайган бўлиши мумкин. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилларига кўра, ҳар бир квадрат метр учун энг арзон уй Қорақалпоғистонда (390 доллар), энг қиммати эса Тошкент шаҳрида (1251 доллар) қайд этилган. Пойтахтда 2022 йилнинг июнидан 2023 йилнинг июлигача бўлган даврда янги уйларнинг нархи ўртача 44 фоизга, иккиламчи бозордаги уйлар нархи эса ўртача 33 фоизга қимматлашган.

— Хўш, нарх пуфаги нима? Бунда халқ оммаси тушунадиган нарса – спекуляция, яъни товар ёки хизмат нархи бозорни фундаментал омилларига эмас, спекулятив омилларга боғлиқ ҳолда ошишни бошлаши тушунилади. Яъни Тошкент шаҳридаги нарх пуфаги кўпроқ фундаментал эмас, спекулятив омиллар билан оша бошлади. Бу инвесторларнинг фойдасини кўпайтириш мақсадида бозорга пул тикишни бошлаши, биздан ташқаридаги Россия ёки бошқа ҳудудлардан релокантларнинг ўтган йил феврал-март ва сентябр-октябр ойларида кириб келиши билан шаклланди. Яъни унгача бутун Ўзбекистонда уй-жой нархларининг ошиши фундаментал қоида ва факторлар – аҳолининг ўсиши, даромадлар ўсиши, соғлом талабнинг ўсиб бориши асосида шаклланаётган эди.

Тошкентда нарх пуфаги юзага келиши мумкинлиги Марказий банкнинг бир неча ой олдинги ҳисоботида айтилганди. Бунга медиа кечроқ эътибор қаратди. Янги уй-жой бозори бўйича янги шарҳлар тақдим этилгани йўқ. Айнан ўша 2022 йил якунлари бўйича шарҳда бозор нархлари ва фундаментал нарх ўртасидаги фарқ кенгайиб бораётгани ифода этилган. Тахминан 100 млн сўм қийматдан юқорироғини ташкил этаётгани борасида хавотирлар билдирилган. Бу хавотирлар нима билан боғлиқ? Уй-жой нархига таъсир қиладиган энг асосий индикаторлардан бири – даромадларнинг ўсиши ҳисобланади. Даромадларнинг ўсишидан уй-жой нархларини ўсиши охирги 1,5-2 йил ичида жуда катта фарқ қилмоқда. Даромадларнинг реал ўсиши 6-10 фоиз асосида сақланаётган бўлса, уй-жой бозоридаги ўсиш икки хонали рақам – 30-40 фоиздан юқори шаклланяпти.

Бу хавотирлар ўринли. Аммо кредитлар ва банкларнинг рисклари нуқтайи назаридан Марказий банк айтяптики, биз бу рискларни минималлаштириш учун ипотеканинг энг юқори чегарасини белгилаб қўйганмиз. Қолган риск, уй-жой нархларининг кескин пасайиб кетиши билан боғлиқ рисклар уй-жой эгаларининг бўйнида бўлади. Шартли равишда 800 млн сўмга сотиб олинган уйнинг 416 млн сўми кредит ҳисобидан, 384 млн сўми уй эгасининг ҳисобидан. Эҳтимолий равишда уй-жой нархларининг 750 млн сўмгача пасайиши оқибатларини кўпроқ уй-жой эгаси ҳис қилади. Яъни бу ерда банк ва кредит нуқтайи назаридан ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқ деб ҳисоблайман. Лекин уй-жойга инвестор сифатида қараётганлар, нарх ошишидан фойда оламан деганлар учун бу кўпроқ оқибат яратади. Уйни яшайман деб сотиб олаётганлар учун бу ҳеч қандай оқибат олиб келмайди.

Бу пуфак Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги ҳудудларда кузатиляпти. Бошқа ҳудудларда бундай пуфак шаклланмаяпти. Шартли айтганда айрим депрессив ҳудудларимизда уй-жой нархлари ҳатто пасайишни бошлаган.

Бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ошириляпти

Давлат бюджети дефицитининг ЯИМга нисбатан чекланган миқдорини 5 фоизга ошириш таклиф қилиняпти. Бу ҳукуматнинг жорий йилда ҳам қонунда кўрсатилган 3 фоизлик лимитга “сиғмаётганидан” дарак беради. Куни кеча Марказий банк иқтисодиётда нархлар барқарорлигини сақлаш учун лимитга амал қилиш муҳимлигини билдирганди.

— Бюджет тақчиллиги масаласида ҳукумат, Марказий банк ва парламент ўртасида консенсус бўлиши керак. Ҳар йили иқтисодий мақсадларга қараб, давлатнинг ижтимоий сиёсатида кўзда тутилган лойиҳаларга қараб туриб бюджет дефицити онгли белгиланиши керак. Бу қандай мақсадлар бўлишига қарамай иқтисодий асосланган бўлиши керак. Бюджет даромадларини таъминлаш ва харажатларни камайтиришга кўзингиз етмаса, аввалбошдан дефицитни ўзингиз бажара оладиган қоидалар асосида белгилашингиз керак. Марказий банк ҳам худди шу қоидалардан келиб чиқиб пул-кредит сиёсатини амалга ошириши керак. Агарда содда тушунтирсам, 3 фоизлик дефицит шароитида бошқача, ундан юқори дефицит шароитида Марказий банк бошқачароқ сиёсат юритиши керак бўлади. Марказий банкнинг асосий вазифаси – инфляцияни минималлаштириш. Ҳукуматнинг асосий вазифаси – иқтисодий ўсишни таъминлаш. Улар ҳар доим ҳам бир-бирини муқояса қилади деб айтиш қийин. Шу маънода Ўзбекистонда бюджет консенсус сифатида – Марказий банк, парламент, жамият, ҳукумат ўртасида қабул қилиниши керак.

Биз 2021 йилдан бошлаб қатор фискал қоидалар белгилаганмиз. Шу қоидалардан бири ЯИМга нисбатан дефицитнинг 3 фоиздан ошмаслиги. Биз буни 2021 йилда ҳам, 2022 йилда ҳам бажаролмадик, 2023 йилнинг ярмидан ўтганда биз ўзимиз белгилаган қоидаларга амал қила олмаслигимизни тушундик. Аввал бошдан биринчи вазифа режаларни тўғри белгилаш, харажатларни тўғри чамалаш бўлиши керак. Иккинчиси, агар бюджет бажарилишда ортда қолаётганини инобатга олсак, харажатларни қилиб бўлмасдан муҳокама қилишимиз керак. Ўтган йил кўрган бўлсангиз, декабр ойининг охирги 10 кунлигида 2022 йилги бюджет дефицити 4 фоиздан юқорироққа оширилди. Яъни аллақачон харажатлар амалга оширилган, аллақачон лойиҳалар молиялаштириляпти, лекин бундай бўлмаслиги керак. Ҳали дефицит ошмасдан туриб, қарор қабул қилишимиз керак. Юз бериб бўлгандан кейин орқа сана билан дефицитни парламентда тасдиқлатиб қўйиш дисциплина яратмайди. Бу қайтанга хаспўшлаш мумкинлиги тўғрисида қоидалар яратади. Ҳукумат, ҳокимликларда парламент йил якунланиб бўлгандан кейин харажатларни барибир маъқуллаб беради деган қарашни шакллантиради, афсуски бундай кўникма шаклланиб ҳам бўлган. Кейинги йилга ҳам шу тажрибани ўтказади.

Президент солиқчиларни жиддий танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкент вилоятига ташрифи чоғида солиқ органлари ходимларини танқид қилди. Солиқ идоралари қўшимча манбалар топиш ўрнига эски замон касалига берилиб, ишлаётган тадбиркорларнинг тайёр маблағларини ундиришга ўрганиб олгани қайд этилди. Иқтисодиётдаги ўсиш самараси бюджет даромадларида тўлиқ кўринмаётгани айтилди.

— Бизда солиқ масаласида муаммомиз ставкаларда эмас, имтиёз ва истисноларда. Мен солиқчиларни ҳам, тадбиркорларни ҳам тушунаман. Ҳозир йиғилаётган солиқларни бюджетга мувофиқ тақсимлаётганларни ҳам тушунаман. Ҳаммасининг ўз ҳақиқати бор. Умумий маҳраж шуки, бюджет мувозанатини қийнаётган масала – имтиёзлар ва истиснолар ҳисобланади. Биз 2021 йилдан кейин имтиёзлар белгилашни камайтириш борасида вазифалар қўйганмиз. Оғир бошланиб, оғир давом этаётган 2023 йилда ҳам солиқ билан боғлиқ имтиёзларни тўхтатганимиз йўқ. Давлат раҳбарининг солиқчиларга қарата айтган гапларига қўшилган ҳолда, солиқчиларнинг ҳам позициясини эшитиш керак деб ҳисоблайман. Уларга ҳам сўз бериш керак: муаммо қаерда?

Бизнес солиқ юки катта дейди, ахир кимдир солиқ тўламаётган бўлса, бошқалар унинг ўрнига солиқ тўлашга мажбур. Солиқчиларнинг позициясини ҳам эшитиш керак. Бизда охирги 1-2 йил ичида шу мулоқот йўқолиб қолди. Яъни бизнес ўз муаммоларини айтяпти, булар ҳақиқатан ҳам муаммо, аммо улар кун тартибига онгли равишда чиқарилмаяпти. ҚҚСни қайтариш ёки ҚҚС узилиши билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар бор. Солиқчилар ҳам, бизнес ҳам ўз муаммоларини айтяпти. Лекин уларнинг мулоқоти парламентда ҳам, ҳукуматда ҳам содир бўлмаяпти.

Давлат раҳбари август ойида тадбиркорлар билан учрашади. Мен тадбиркорларимиз қандайдир имтиёзлар сўрашидан қўрқаман. Солиқчилар ёки қарор қабул қилувчилар йўқ дея олмасдан, имтиёзларни қабул қилишидан қўрқаман. Чунки ҳар бир имтиёз бюджет учун муаммо яратади, тадбиркорларга солиқ юкини оширади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Операторлар – Мирвоҳид Мирраҳимов,
Боймирза Халилов,
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид