Жаҳон | 19:15 / 21.12.2021
6839
2 дақиқада ўқилади

НАТО Россия Украина билан чегарага қўшин жойлаштиришда давом этаётганини таъкидлади

Столтенбергнинг сўзларига кўра, НАТО Россия билан мулоқотга тайёр, аммо Украина борасида Россия билан асло муроса қилмайди.

Фото: EPA-EFE

НАТО Россия Украина билан чегарага қўшимча қўшинлар олиб келмоқда, деган фикрда. Альянс бош котиби Йенс Столтенберг ана шундай фикр билдирди.

«Кучларни кўпайтириш давом этмоқда. Уларни жойлаштиришдан мақсад ноаниқ, аммо Украина билан чегарада босқичма-босқич артиллерия, бўлинмалар, танклар борган сари кўпаймоқда», — деди Столтенберг.

Унинг сўзларига кўра, НАТО Россия билан мулоқотга тайёр, аммо Украина борасида Россия билан асло муроса қилмайди.

«НАТО Европа мамлакатларининг, бу Украинага ҳам тегишли, суверен ҳуқуқи, ўз йўлини танлаши борасида Россия билан ҳеч қачон муросага келмайди», — деди альянс бош котиби. 

У НАТО аъзолари Россиянинг хавфсизлик кафолатлари бўйича турлича қарашларда экани тўғрисида тарқалган хабарларни рад этди.

«НАТО мамлакатлари Россияга нисбатан ягона позиция ва ягона ёндашувга эга. У тийиб туриш ва мудофаага, бир-бирини ҳимоя қилишга асосланган, аммо мулоқот учун ҳам очиқмиз», — деди Столтенберг.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид