Ўзбекистон | 19:57 / 22.12.2021
23920
2 дақиқада ўқилади

«Билмайсизлар, қандай бой одамсизлар!» — Президент Олмалиқда аниқланган ерости бойликлари ҳақида

Олмалиқ конларида 5 минг тонна олтин ҳамда миснинг катта захираси борлиги маълум қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиш жараёнини кўздан кечирди ҳамда шу ерда маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ҳам мулоқот бўлди.

«Мисни қайта ишловчи биринчи ва иккинчи корхоналаримиз бор эди. МОФ-1 ва МОФ-2. Энди МОФ-3 қиляпмиз.

Ўзи умуман ислоҳотларни бошлаганимизда, Ўзбекистон ерости бойликларига эътибор қилганимизда, охирги 25 йилда геологияга эътибор қилинмагани учун, билмагандик бизда шунчалик кўп ерости бойликларимиз борлигини.

Сизлар билмайсизлар, қандай бой одамсизлар, қандай ерости бойликлари устида яшаяпсизлар! (табассум билан)

Бу ерда ҳозир топган захирамиз 5 минг тоннадан кўпроқ. Бу жуда катта, келажаги бор корхона. Ҳозир мен топшириқ бердим, бир ой ичида тўртинчисиниям бошлаймиз, бешинчисиниям бошлаймиз.

Мисни қайта ишлаб, қўшимча қиймат бўладиган маҳсулот ишлаб чиқаришимиз керак. Ўн марта эмас, юз марта ўлчаб, бир кесишимиз керак.

Бунга жуда кўп маблағ кетади, лекин келажакка замин яратамиз. Шундай корхоналар пайдо бўлиб, халқимизга манфаат олиб келиши учун чора-тадбирлар кўрамиз.

Бир нарсани билишларинг керак - Олмалиқ бугунги Олмалиқлигича қолмайди», деган президент.

Президент матбуот хизматининг ёзишича, комбинатнинг JORC кодекси бўйича баҳоланган мис ресурслари 45 миллион тоннани, олтин ресурслари эса 5 минг тоннадан зиёдни ташкил этади. Бунга асосланиб, 2030 йилда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 515 минг тоннага, олтинни 52 тоннага, кумушни 343 тоннага олиб чиқиш бўйича концепция тайёрланган. Бунинг эвазига комбинатнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 8 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Мавзуга оид