Урушга ишорами ёки блеф? Ғарб экспертлари Путиннинг НАТО бўйича ультиматумини таҳлил қилишди
21 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин НАТОнинг Россия чегарасида қилаётган ҳаракатларини яна бир бор агрессив деб атаб, бунга қарши ҳарбий чоралар кўришга ҳақли эканини таъкидлади. Унинг бу гапини ультиматум ва Украинага бостириб киришга ишора деб қабул қилганлар ҳам бўлди. Ғарбда экспертлар бу ҳақда қандай фикрда? Улар Кремлнинг асл режасини қандай тахмин қилмоқда?
Путиннинг бу баёноти Россия ташқи ишлар вазирлиги уч томонлама (Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасида) келишув лойиҳасини эълон қилганидан кейин айтилди. Бу қадамлар экспертлар ҳайратига сабаб бўлди. Чунки атрофида музокаралар кетаётган мавзуда бутун бошли баёнотлар бериш дипломатияга зиддир.
Кейинроқ Путин Россия мудофаа вазирлиги анъанавий йиллик коллегиясида НАТО шарққа қараб кенгаймаслиги бўйича ҳуқуқий кафолат талаб қилишини яна бир бор таъкидлар экан, барибир ғарбликларга ишониб бўлмаслигини айтди. Шунингдек, у АҚШ билан келишув лойиҳасини ультиматум деб қабул қилмаслик кераклигини таъкидлади.
Хўш, Россияда НАТО кенгаймаслиги бўйича ҳуқуқий кафолат деганда нимани тушунишади? Уларнинг фикрича, собиқ СССР таркибига кирган ҳеч бир мамлакат альянсга аъзо бўлмаслиги, бу мамлакатлар ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмаслиги керак. Хусусан, юқорида айтилган келишув лойиҳасида (у шунчаки лойиҳа, кучга кирмаган ва кучга кирмаслиги деярли аниқ) Украина бўйича алоҳида банд бор.
АҚШ Давлат департаменти вакили ва НАТО бош котиби бу бўладиган иш эмаслиги, Украина тақдирини мамлакатнинг ўзи ҳал қилиши кераклигини таъкидлашди. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россия билан музокаралар бир неча каналлар орқали давом этаётгани, Путин ва Байден ўртасидаги навбатдаги учрашув ҳозирча режалаштирилмаганини айтди.
«Бу бажарилмаслиги аниқ бўлган талаб»
«Бу ҳарбий куч ишлатилиши билан таҳдид қилинган ультиматум», дейди АҚШ ҳарбий-денгиз таҳлил маркази рус бўлими раҳбари Майкл Кофман ВВС билан суҳбатда. Унинг фикрича, Путиннинг гаплари, Россия ТИВ баёноти Украинага қарши ҳарбий операция ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганидан далолат.
Жаноб Кофманнинг айтишича, Россия бажарилмаслиги аниқ бўлган талабни илгари сурмоқда. Унинг фикрича, ёпиқ эшикларда жиддий музокаралар кетаётган бир вақтда қўйилган бундай талаб рад этилиши аниқ.
Трамп ва Обама вақтида АҚШнинг Грузиядаги элчиси бўлиб ишлаган Иэн Келли ҳам шундай хавотирда эканини айтди: «Давлатлар қандайдир ҳужжатни чиндан муҳокама қилишни истаса, уни очиқ манбаларда эълон қилмайди. Эълон қилинганининг ўзи ҳужжатни музокарага чақирув эмас, талабга айлантиради», дейди собиқ элчи.
Жаноб Келлининг фикрича, Россия эълон қилган келишув режаси бир томонлама тузилган. «Россия биз Европа хавфсизлик масаласини Европадаги иттифоқчиларимизсиз муҳокама қилмаслигимизни билади. Шунга қарамай илгари сурилаётган бу талаб ҳарбий ҳаракат бошлашга баҳона бўлиб хизмат қилишидан қўрқаман», деди дипломат.
Собиқ элчининг сўзларига кўра, Путин НАТОга қарши 2008 йилдан буён гапираётган бўлса, унинг альянс шарққа қараб кенгайишига қарши фикрлари яқинда янграй бошлади.
Ҳақиқий режа қандай?
Британиянинг Россиядаги собиқ элчиси сэр Родерик Лайннинг фикрича, Россиянинг бу баёноти Ғарбни музокарага ундашга ҳаракат бўлиши ҳам мумкин. «Буни Ғарбни музокарага ундаш учун илк таклиф деб қабул қилса бўлади. Ўз навбатида, уруш бошлаш учун фойдаланилаётган ультиматум бўлиши ҳам мумкин», дейди халқаро муносабатлар бўйича «Чатэм-ҳаус» қироллик институти расмий сайтидаги чиқишида.
Яна бир британиялик эксперт, Лондон қироллик коллежи қошидаги Россия институти директори Сэм Грин Путиннинг гапларига жиддий эътибор бермасликка чақирди: «Москвадан юборилаётган сигналларга қулоқ тутаётган ҳаммага шундай деган бўлардим: уруш бошламоқчи бўлган Путин ҳам, қўрқитмоқчи бўлган Путин ҳам бир хил гапиради. У ҳар икки ҳолатда ҳам режасиз гапирмайди. Саволларга жавобни Путиннинг чиқишларидан топа олмайсиз, ахир улар Россия сиёсатининг нозик томонларини очиб қўяди-ку».
АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Майкл Макфол ҳам хулоса қилишда шошмасликка чақирди. «Путин Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўряптими йўқми билмайман. Буни сиз ҳам билмайсиз», дейди собиқ элчи.
Экспертлар уруш бошланган тақдирда Байден администрацияси нималар қилиши мумкинлигини ҳам муҳокама қилмоқда. Washington Post колумнисти Дэвид Игнатиус Байден администрациясидаги манбасига асосланиб ёзишича, АҚШ Россия бостириб кирган тақдирда Украинадаги партизанлар ҳаракатини қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда. Колумнист АҚШ Афғонистондаги уруш вақтида мужоҳидларни қўллаганини мисол қилиб келтирган.
Макфол эса бундай хулосаларга келиш учун анча эрта экани, ҳаммаси Россиянинг ҳаракатларига боғлиқлигини айтди. Унинг фикрича, ҳозир фақат сиёсий ва иқтисодий санкциялар ҳақидагина гаплашиш мумкин. Собиқ элчининг фикрича, АҚШ 1997 йилда имзоланган Россия – НАТО келишувидан чиқиши Украинада уруш бошланиши учун илк қадамга айланиши мумкин. Бу келишувга кўра, НАТО ва АҚШ Болтиқбўйи давлатларида ҳарбий ҳаракатлар амалга оширмайди. Вашингтон бу мажбуриятдан воз кечиши мумкин.
Жаноб Макфолга кўра, АҚШ ташқи сиёсатдаги мақсадларини ҳам қайта кўриб чиқиши мумкин. Байден администрацияси ташқи сиёсатдаги асосий эътиборни Хитой билан ҳамкорлик қилиш ниқобидаги рақобатга қаратган. Аммо Украинага бостириб кириши бу борада Россияга кўпроқ эътибор беришга олиб келиши мумкин.
Мулоқот учун имкон бор
АҚШнинг Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги собиқ вакили Иэн Келлининг айтишича, бу кескинликдан чиқиб кетишнинг ягона йўли Вашингтоннинг конкрет норозилиги ва музокарага тайёрлигини билдириш бўлади.
«АҚШ хавфсизлик бўйича музокараларга доим тайёр. Музокара ўтказиш мумкин бўлган доиралар кўп, масалан, ЕХҲТ. Аммо АҚШ Европадаги иттифоқчилари билан имзолаб бўлган шартномаларини ҳам рад эта олмайди», дейди собиқ элчи кескинликни юмшатишда дипломатия учун ҳамон имкон борлигига ишонишини таъкидлар экан.
Москва НАТОга 1997 йилдан кейин қўшилган давлатларда қўшинлар сони оширилмаслигини истамоқда. Бу Россия энг кўп талаб қилаётган талаблардан бири. Бу рўйхатда Марказий ва Шарқий Европадаги 14 давлат, хусусан, Россия билан чегарадош Болтиқбўйи давлатлари ҳам бор.
Мавзуга оид
23:44 / 22.11.2024
Путин «Орешник» ракеталари қуролланишга қабул қилиниши ва серияли ишлаб чиқарилишини эълон қилди
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
23:01 / 21.11.2024
Путин Днепрга «Орешник» номли ўрта масофага учувчи баллистик ракета билан зарба берилганини маълум қилди
20:56 / 21.11.2024