Ўзбекистон | 17:05 / 25.12.2021
23264
2 дақиқада ўқилади

«Авиакеросин қимматлиги учун Тошкентга эмас, Чимкентга қўнганмиз» — «Газпромбанк» раиси ўринбосари 

Қашқадарё вилоятидаги Uzbekistan GTL заводи очилишида хорижий ҳамкорлар ҳам сўзга чиқди. “Газпромбанк” бошқаруви раиси ўринбосари Алексей Матвеев ўз бошидан ўтган воқеани гапириб берди.

Фото: airliners.net/senior

“Завод ишга тушиши натижасида авиакеросин нархи сезиларли арзонлаши кутилмоқда. Бир сафар узоқроқ парвозни амалга ошираётгандик. Ўртада ёқилғи қуйиш учун тўхташимиз керак бўлди. Чимкентга қўндик. Нега Тошкентга эмас, Чимкентга қўндик, деб сўрасам, жавоб шундай бўлган: Тошкентда авиакеросин қиммат”, деди Алексей Матвеев.

Инновацион технологиялар асосида барпо этилган завод ўзини ўзи энергия билан таъминлайди, яъни технологик жараёнларда ҳосил бўладиган буғ ҳисобидан, йилига 650 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 

Заводда ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган ва технологияларни бошқариш, мониторинг ва хавфсизликни таъминлаш каби муҳим жараёнларга инсон омили таъсири жуда кам даражада эканлиги қайд этилди.

UzGTL синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариш мажмуасида йилига 3,6 миллиард куб метр газ қайта ишланади, ундан йилига 1,5 миллион тонна юқори сифатли ва экологик тоза синтетик ёнилғи, жумладан, 307 минг тонна керосин, 724 минг тонна синтетик дизел ёнилғиси, 437 минг тонна нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ каби нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган UzGTL маҳсулотлари биринчи навбатда, республиканинг нефть маҳсулотларига, хусусан, дизел ёнилғиси ва керосинга, шунингдек, суюлтирилган газга бўлган ички эҳтиёжини қоплаш учун етказиб берилади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифатли бўлгани учун экспорт қилиш имконияти ҳам мавжуд бўлади.

Мавзуга оид