Ўзбекистон | 17:13 / 27.12.2021
7679
8 дақиқада ўқилади

Таълимга инвестиция: Ўзбекистонда ҳам талабалар контрактига ҳомийлик анъанаси пайдо бўладими?

Яқинда талабаларнинг контракт тўловлари муддати 31 декабрга қадар узайтирилди. Бу ҳам муҳтожлар учун ўзига хос имконият. Лекин муддат узайтирилиб, тўлов қисмларга бўлинса-да, шу маблағ барибир тўлаб берилиши лозим. Муҳтожлар, имконияти чекланганларга Ўзбекистонда қандай имкониятлар бор?

Фото: Kun.uz

Дунё бўйлаб талабалар таълим олиши учун қатор молиявий дастурлар мавжуд ва ҳомийлар ёш авлоднинг билим олиши учун аямай пул тикишади. Лекин Ўзбекистонда хайриянинг бу шакли кўнгилдагидек ривожланяпти дейиш қийин, онда-сонда эълон қилинадиган лойиҳалар ўта юқори талабни қоплаб бера олмайди.

Бугун шу йўналишда иш олиб борувчи икки суҳбатдошнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.

Хушнудбек Худойбердиев, ҳуқуқшунос, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари, талабалар контракт тўловларига ҳомийларни жалб қилувчи «Меценат» лойиҳаси асосчиси:

– «Меценат» лойиҳасига бир йил бўлди. Иш принципи жуда оддий – эҳсон қилувчиларни ҳақиқий эҳтиёжмандларга боғлаб қўйиш, илмли, иқтидорли ёшлар ва илмга инвестиция қилувчилар ўртасида кўприк бўлиш. Олтин қоидамиз – барча хизматлар бепул, яъни биз яратган махсус платформадан фойдаланиш учун ҳақ олинмайди.

Яна бир қоидамиз – ғолибларни танлашда иштирок этмаслик. Яъни биз ҳомийнинг танловига аралашмаймиз, фақат керакли маълумотлар билан таъминлаймиз. Масалан, ҳомий «Менга Сурхондарё вилоятидан бўлган, тиббиёт йўналишида таҳсил олаётган етим талаба керак» деса, биз ҳомийнинг вақтини тежаб, фильтрлаб, керакли талабгорларни берамиз.

Маълумот учун: «Меценат» лойиҳаси доирасида 1 йилда жами ажратилган маблағ 6 млрд 868 миллион сўмни ташкил қилди.

Деярли барча етакчи ОАВ билан ахборот ҳамкорлигини йўлга қўйганмиз, улар бу ижтимоий лойиҳа бўлгани учун ўз майдонларида бепул жойлаштириб беришади. Ана шуни реклама деб ҳисобласак, анчагина маблағ келиб чиқади. Яъни бирор компания таълим учун грант эълон қилса, бу эълон етакчи ОАВда бепул тарқатилади ва ўша компания имижи учун жуда фойдали. Бу ҳам биз томонимиздан ўзига хос бонус.

– Натижалар тўғрисида сўзлаб берсангиз, кўпчиликни рақамлар қизиқтиради.

– Бир йил давомида лойиҳа доирасида 13та йўналишда таълим грантлари ва 4та йўналишда стипендиялар эълон қилинди. Жами 1963 нафар талаба учун турли грантлар эълон қилинди. Буларнинг ҳаммаси контракт эмас, стипендиялар, ўқув марказлари тўловлари, лойиҳаларни молиялаштирувчи грантлар ҳам бор. Жами ажратилган маблағ миқдори 6 млрд 868 миллион сўмни ташкил қилди.

Бевосита контрактлар тўлови бўйича аниқ рақамларга келсак, 1 йил ичида 305 нафар талабанинг контрактларини тўлаш учун 900 млн сўмга яқин маблағ сарфланган. Стипендиялар учун эса 40 нафар талабага 265 млн сўм маблағ ажратилган. Қолганлари бошқа йўналишлардаги грантлар бўлган. Масалан, яқинда Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан «Astrum» IT академиясида ўқиш харажатларини қоплаш учун 100 нафар ёшларга 1,5 млрд сўмлик грант эълон қилинди. Албатта, балки буни бевосита талабаларнинг тўлов-контракти учун деб қабул қилмаслик ҳам мумкиндир, лекин асосий мақсад барибир битта — таълим учун инвестиция киритиш. Албатта, ҳозирги натижаларимиз ҳам чаккимас, биз бу лойиҳани кенгайтириш ниятидамиз.

– Хушнудбек, фикрингизча нима учун Ўзбекистонда таълимга ҳомийлик қилиш кўнгилдагидек ривожланмаяпти?

– Оғриқли савол, мушоҳадага ундайдиган савол. Минг афсуски, бизда «Ўқиб шаҳар олиб берармидинг?» деган қолоқ тушунча жуда қаттиқ сингиб қолган. Лекин секин–аста илмга чанқоқлик ошиб боряпти. Масалан, сўнгги йилларда қизларни ўқитиш кўпайяпти, бу жуда яхши. Қолаверса, жамият ўзи илмли одам нисбатан яхшироқ яшаётгани, кўпроқ имкониятларга эга бўлаётганини ҳис қиляпти. Бу эса барибир таълимга инвестиция киритишга ундайди.

Бизнинг ўзига хос менталитетимизни ҳам ҳисобга олиш лозим, яъни ҳомийлар йўқ эмас, бор. Лекин улар ўз хайрияларини пинҳона қилишга интилишади. Ҳолбуки, ошкора қилиш ҳам тақиқланмаган, ўрнак бўлиш мумкин. Ғарб билан солиштирсак, уларда таълимга ҳомийлик асрий анъана тусига кирган. Бизда эса энди-энди мулкдорлик ривожланяпти, одамлар бундай хайрия ишларига энди эътибор қарата олишяпти, имконият топишяпти. Ўйлайманки аста-секин бизда ҳам таълимга ҳомийлик маданияти шаклланади.

Иккинчи суҳбатдош – Бобур Мамадалиев, АҚШда яшовчи тадбиркор:

– Ўзбекистон ватанимиз, унутмаймиз. Албатта, қилинган хайриялар ҳақида гапириш бироз ноқулай. Лекин гап бошқаларни ҳам бу ишга жалб қилиш ҳақида кетар экан, фикрларимизни билдирсак бўлади.

15-20 кишига тўлаш истагида иш бошлаган бўлсак, икки сутканинг ичида 350 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди.

Олдин эҳсонларимиз бўлса, дадам ўзи муҳтожларни суриштириб топиб, тарқатиб берарди, биз фарзандлар аралашмасдик. Дадамнинг вафотидан кейин маълум муддат бу ишлар тўхтаб қолди. Яқинда ватандаги дўстларга бу борада маслаҳат солганимизда талабаларнинг контрактларига тўлашни тавсия қилишди. Шу фикр маъқул туюлди ва 200 млн сўмча маблағ ажратдик. Муҳтожларни топиш учун биргина ижтимоий тармоқда қисқа эълон берилди.

Ишонасизми, 15-20 кишига тўлаш истагида иш бошлаган бўлсак, икки сутканинг ичида 350 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди ва эълон бекор қилинганига қарамай ҳануз хатлар келишда давом этмоқда. Уларни ўрганиш, энг муносибларини саралаб олиш учун уч кун ўтирдик ва ўзимиз танлаб олганлар билан алоқага чиқиб, ҳақиқий муҳтожларга контракт пулларини тўлаб бердик. Афсуски, талаб жуда юқорилиги учун кўпчиликка етмади, биздан хафа бўлганлар, ишонмаганлар ҳам бўлди.

Шунда англадимки, бу борада қилинадиган ишлар жуда кўп экан. Аниқроқ айтсак, Ўзбекистонда таълим тўловига ҳомийлик анъанаси деярли шаклланмаган.

Ўзим АҚШда ўқиганман. Албатта, икки давлат иқтисодини қиёслаш мумкин эмас, лекин таълимга муносабатда ибратли жиҳатлар жуда кўп. Бу ерда ҳам университетларнинг тўловларини эшитиб қўрқиб кетасиз. Лекин айнан ҳомийлик, турли грантлар, талабанинг интилишларини рағбатлантириш орқали тўланадиган маблағлар кескин камая боради. Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир университет битирувчиси ҳаётда муваффақиятга эришаркан, даромадининг маълум қисмини шу таълим даргоҳи равнақига сарфлашни шараф деб ҳисоблайди. Яъни бундай анъаналарда узвийлик бор.

Яна бир жиҳат – мен ахборот менежменти соҳасида магистратурада ўқиганман. Мен билан бирга 70 ёшли киши таҳсил оларди. Бир куни ҳазиллашиб «Сизга ўқишнинг қандай зарурати бор, битириб нима қилмоқчисиз?», дея сўрадим.

Жавоб мени ҳайратлантирди: «Ҳарбий бўлганман. Давлат мен истаган пайтда таълим харажатларимни қоплаб беради. Хоҳлаганимча ихтисослигимни ўзгартиришим, малакамни оширишим мумкин», деганди курсдош амаки. Демоқчиманки, давлатнинг ўзи ҳам қатор йўналишларда ҳомийлик қилади.

Истардимки, Ўзбекистонда ҳам ҳомийлик анъаналари йўлга қўйилса, бадавлат инсонлар, тадбиркорлар талабаларга кўмак беришни одат қилсалар.

Талабалар эртанги кунимиз эгалари, дейиш баландпарвоз гап туюлади. Лекин айнан шундай. Боболаримиз қадимда мадрасалар атрофида юриб, муҳтож талабаларга пинҳона ёрдам бериб кетишни одат қилганлар. Бугун ана шу анъанани турли шаклда тиклаш, муҳтожлик эзиб турган ёшларга тиргак бўлиш вақти келган. Сизда ҳам шундай истак туғилган бўлса ҳали кеч эмас, атрофингизда ҳам контракт тўловига қийналиб турганлар анчагина...

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Аброр Зоҳидов
Муаллиф Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид