Ўзбекистон | 21:02 / 27.12.2021
24186
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Чуст ҳокимлиги хизмат автомобиллари жарима майдонига жойлаштирилди

ЙҲХБ ҳокимлик ихтиёридаги автомобилларни жарима майдонига жойлаштирган.

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ Чуст тумани ҳокимлиги хизмат автомобилларининг жарималардан қарздорликлари юзасидан расмий муносабат билдирди.

Унда айтилишича, давлат рақам белгиси:

  • 50 066 DAV (аввалги рақами 50 234 NAA) бўлган Cobalt русумли автомашина билан содир этилган қоидабузарликлар учун белгиланган 17 та жарималар умумий суммаси 7 млн 626 минг сўмни;
  • 50 068 DAV (аввалги рақами 234 TAA) бўлган Nexia-3 русумли автомашина билан содир этилган қоидабузарликлар учун белгиланган 15 та жарималар суммаси 5 млн 302 минг сўмни;
  • 50 234 MBA бўлган Trailblazer русумли автомашина билан содир этилган қоидабузарликлар учун белгиланган 10та жарима суммаси 7 млн 775 минг сўмни ташкил этиши аниқланган.

Шунингдек, автомобиллар МЖтКнинг 291-моддаси 3-қисмига кўра қарздорлик тўла ундирилгунга қадар жарима майдонига жойлаштирилгани маълум қилинди.

Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг Kun.uz’га қўшимча қилишича, ҳокимлик хизмат автомобиллари жарима майдонига киритилиши оқибатида жарималардан қарздорликлар тўлалигича узилган.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz суриштирувида Чуст тумани ҳокимлиги раҳбарларига қарашли хизмат машиналарида содир этилган, лекин жаримаси тўланмаган қоидабузарликлар сони 30дан ошиб кетгани ҳақида сўз юритилган эди.

Мавзуга оид