Ўзбекистон | 10:55 / 29.12.2021
16082
5 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги носоз йўл сабабчиларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Зарар кўлами – 4,5 млрд сўм

Тошкент метрополитени линияларини қуриш дирекцияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси мансабдорлари Аҳмад Дониш кўчасида автомобил йўлининг чўкишида айбдор деб топилиб, уларга нисбатан “Мансабга совуққонлик билан қараш” бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчасидаги автомобиль йўлининг 500 метр қисми 2021 йилнинг май ойида 40-50 см.гача чўкканди. Натижада йўлнинг ушбу қисмида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланган, президент ташрифидан кўп ўтмай янги фойдаланишга топширилган йўлда бу ҳолат юзага келгани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда прокуратура органларининг ўрганишлари натижасида мутасадди ташкилотлар томонидан «Юнусобод-Туркистон» ерости метро конструкциясининг атрофини ва ён қисмларини тупроқ билан қайта тўлдириш ва зичлаш ишлари сифатли бажарилмагани, техник назорат талаб даражасида олиб борилмагани ҳамда автомобиль йўлини реконструкция қилиш ишлари нотўғри лойиҳалаштирилгани чўкиш ҳолати юзага келишига сабаб бўлган. Бу орқали давлатга 4,5 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.

Фото: Kun.uz

Республика Транспорт прокуратураси томонидан Тошкент метрополитени линияларини қуриш дирекцияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, Аҳмад Дониш кўчасида юзага келган ҳолатни бартараф этиш бўйича мутасадди идоралар томонидан тегишли чора-тадбирлар ташкил этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби, ўша пайтда Юнусобод туманидаги «Мирза Юсуф» (Бодомзор) жоме масжиди имом-хатиби бўлган Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ўз маърузасида йўл қурилиши соҳасидаги коррупция сабабли янги қурилган йўллар ҳам узоқ турмаслиги, кўп вақт ўтмай ёмон аҳволга келиб қолиши ҳақида сўз боради.

Фото: Kun.uz

“Каттасидан тортиб оддий ишчисигача «Аллоҳ мени кўриб турибди», деб йўл қурса нима бўлади, биродарлар? Йўллар ёмғир ёғгач чўкиб кетмайди, янги йўл қурилгач йил бўйи ремонт бўлиб ётмайди.

Агар Аллоҳ кўриб турибди деса, ўғрилик бўлмайди. 1 км йўл қураман деб, 10 та участка битмайди. Бир қурилган йўл йиллаб саломат туради. Нима бу ахир, қандай шармандалик? Янги йўл тушади-ю, фақат уни ўраб, ремонт қилиб ётади: бу ёғини энди ремонт қилса, бу ёғи чўкиб кетаверади.

Ҳаммаси – ана шу эътиқоднинг йўқлиги сабаб. Аллоҳ таоло кўриб турибди, деган нарса йўқ. Фақат ўғрилик, порахўрлик ва коррупция бўлгани учун. Эътиқоди бор одам кўприк қурса, кўприги қулаб тушмайди, биродарлар. Эътиқоди бор одам уй қурса, уйига одам кўчиб кирмасдан ремонт талаб бўлиб қолмайди, биродарлар!” – деган эди у.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси имомнинг маърузасидан норози бўлиб Мусулмонлар идорасига шикоят йўллаганди. Қўмита йўл қурилишига ажратиладиган маблағлар талон-торож қилиниши ҳақида гапирган имом-хатибнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган маърузасига раддия берилишини сўраган. Бироқ имом сўзларида бирор бир ташкилот ва мансабдорни тилга олмаганини айтиб, раддия беришга мажбур эмаслигини таъкидлаганди.

Имом Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ўз маърузасида назарда тутган, 10 ойда 7-марта таъмирланаётган йўл Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчасининг 556 метрлик қисми бўлиб чиққанди. Kun.uz суриштирувидан сўнг 2020 йил 29 август куни (9 ой аввал!) фойдаланишга топширилган йўлнинг ушбу қисми 10 ой ичида 7-маротаба таъмирланаётгани маълум бўлганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Автомобил йўллари қўмитаси мутасаддилари такрор-такрор таъмирланаётган йўл қўмита тасарруфида эмаслигини айтиб, сувдан қуруқ чиқишга ҳаракат қилишганди. Масъулларнинг айтишича, Тошкент шаҳридаги барча йўллар маҳаллий, яъни ички фойдаланишдаги йўллар ҳисоблангани боис, шаҳар ҳокимлиги тасарруфида ҳисобланади ва туман ободонлаштириш бўлимлари томонидан таъмирланади. Ваҳоланки, қонунчиликка асосан, Автомобил йўллари қўмитаси автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга ошириши керак. Бу давлат органи автойўллар соҳасида ягона техник сиёсатни юритишга масъул.

Мавзуга оид