Спорт | 18:10 / 30.12.2021
15094
15 дақиқада ўқилади

Элдорнинг «Рома»га ўтишидан Одилнинг хайрлашувигача. Ўзбек футболининг 2021 йилдаги энг муҳим 10 воқеаси

Фото: Tribuna.uz

2021 йил ўзбек футболида воқеаларга бой бўлди. Аммо, хориждаги легионерлар мавсум давомида ҳар қанча қувончимизга сабаб бўлишмасин, якунланаётган йил футболимизда унутилмас ғалаба ва қувончли онлар билан эмас, кўпроқ миллий жамоамизнинг тарихий муваффақиятсизлиги ҳамда ўзгаришлар билан ёдда қолди. Tribuna.uz сайти 2021 йилда ўзбек футболида рўй берган энг муҳим 10 воқеани саралади.

Йил муваффақиятсизлиги: Ўзбекистон энг ёмон натижасини қайд этди

Ўзбек футболида охирлаб бораётган 2021 йилдаги воқеаларни сарҳисоб қилиб, Ўзбекистон миллий жамоасининг муваффақиятсизлигидан-да омадсизроқ натижани илғамадик.

Фото: ЎФА

Вадим Абрамов бош мураббийлигидаги жамоа ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичи 2-даврасига тайёргарлик учун қарийб 1,5 йил вақтга эга бўлса-да, пандемия сабабли Саудия Арабистонига кўчирилган марказлашган турнирга тайёр эмаслиги кўриниб қолди. Июнь ойида Ўзбекистон 3-босқичга чиқиш йўлидаги ҳал қилувчи ўйинда сафарда Саудия Арабистонига йирик ҳисобда ютқазди (0:3) ва ўз тарихида илк бор 2-босқичдаёқ ЖЧ йўлланмасидан маҳрум бўлди. Шу тариқа, мухлислар азалий орзу бўлиб қолаётган навбатдаги мундиал билан жуда эрта хайрлашишди.

Йил ўзгариши: Хайр Абрамов, салом Катанец!

Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатлари саралашидаги энг ёмон натижасини қайд этгач, 19 июнь куни ЎФАда катта йиғилиш ўтказилди. Унда ЎФА президенти Абдусалом Азизов миллий жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ва мураббийлар штаби тўлиқ таркибда истеъфога чиқарилганини эълон қилди.

Фото: Tribuna.uz

«Ўзбекистон миллий жамоаси 2019 йил Фаластиндан мағлуб бўлгач, мени бош мураббий этиб тайинлашган ва олдимга миллий жамоани кейинги босқичга олиб чиқиш вазифаси қўйилганди. Аммо пандемия туфайли Шимолий Корея ЖЧ-2022 саралашидан чиқиб кетди ва ФИФА бошқа гуруҳлардаги 2-ўриндаги жамоалардан 6 очко олиб ташлади. Охир-оқибат Ливан 10 очко билан кейинги босқичга чиқди, Ўзбекистон эса 15 очко билан қолиб кетди. Бош мураббий сифатида ҳамма айбни ўз бўйимнига оламан. Футбол мухлисларидан узр сўрайман. Мураббий бўлиб ишлаганимда икки марказий ҳимоячи ва дарвозабонни тайёрлай олмадик. Бу муаммо бизга панд берди.

Одил Аҳмедов нима учун ҳимояда ўйнади? Ўйиндан олдин аксарият футболчилар келиб, Одил ҳимояда ўйнамоқчи эканлигини айтишди. Аниқроғи, Азиз Ҳайдаров келиб шундай деди. Якунда биргаликда шундай қарорга келдик. Футболчилар бу ҳақда сўраганидан кейин буни рад эта олмадим ва Аҳмедов ҳимояга қўйилганди», – деди Вадим Карленович. Бу унинг миллий жамоа бош мураббийи сифатидаги сўнгги сўзлари бўлди.

Фото: Tribuna.uz

Орадан икки ой ўтгач, ЎФА словениялик таниқли мутахассис, Ироқ миллий жамоасининг собиқ бош мураббийи Сречко Катанецни Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинлади. 

Йил «камбэки»: Клублар давлат активларини бошқариш агентлигидан ҳокимлик ва ташкилотларга қайтарилди

Суперлига ва Про лига клубларининг устав капиталидаги давлат улушлари 2020 йилда Давлат активларини бошқариш агентлиги ўтказилган бўлса, ропа-роса бир йил ўтиб яна ҳокимликларга қайтарилди.

Фото: Бунёдкор

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, «Пахтакор» ва «Бунёдкор» футбол клубларининг устав капиталидаги давлат улушлари Тошкент шаҳар ҳокимлигига, яна 11та клубнинг улуши давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларга ўтказиб берилди. Бундан ташқари, «Насаф», ОКМК, «Бухоро», «Нефтчи», «Локомотив», «Шўртан», «Динамо», «Металлург», «Машъал», «Навбаҳор» ва «Сурхон» профессионал футбол клубларининг устав капиталидаги давлат улушлари давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар – вилоят ҳокимликлари ҳамда «Ўзбекнефтгаз», «Ўзметкомбинат»га қайтарилди. 

Йил трансфери: Элдор Шомуродов «Рома»га ўтди

Ниҳоят, 2021 йилга келиб ўзбекистонлик футболчи Европанинг топ-клубларидан бири сафига ўтди. Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов 3 август куни «Женоа»дан 17,5 миллион евро эвазига «Рома»га трансфер қилинди. Жозе Моуриньо мураббийлигидаги Рим клуби 26 ёшли ўзбекистонлик форвард билан 5 йиллик – 2026 йилга қадар шартнома тузганини эълон қилди.

Фото: Рома

Элдор А Сериядаги иккинчи мавсумида «Рома»да ҳозирча 15 ўйинда майдонга тушиб, 2та гол ва 3та ассистга муаллифлик қилди. 

Йил воқеаси: Ўзбек футболида илк марта маошлар расман очиқланди

2020 йил якунларига кўра, «Пахтакор» 82,7 миллиард сўм қарз билан Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан энг кўп зарар кўрган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхатига қўшилгач, 2021 йил бошида клуб ҳомийси « SFI Managemеnt Group» жамоани молиялаштиришни тўхтатгани маълум бўлди. Натижада, жамоа яна Тошкент шаҳар ҳокимиятига қайтарилди ва шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев клубга янги ҳомийларни бириктирди. 17 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокими жамоа билан учрашувда 22 миллиард сўм пул маблағлари ҳисобидан футболчилар, мураббийлар ва клуб ходимларининг маошларидан йиғилиб қолган қарздорликларни бартараф этгач, бундан буён клубдаги маошлар эълон қилинишини маълум қилди. 

Фото: Пахтакор ФК

Шу тариқа, Суперлига-2021даги энг юқори маош олувчи футболчилар легионерлар – Эрен Дердийўқ (йиллик маош 1,3 млн евро) ҳамда Драган Черан (350 минг доллар) экани ойдинлашди. Асосий таркибдаги маҳаллий футболчиларга эса бир хилда – йилига 153 миллион 120 минг сўмлик маош тайинланган бўлса-да, масалан, жамоа ҳимоячиси Егор Кримецга йилллик маошдан ташқари яна 4 миллиард сўмдан ортиқ мукофот пули тўлангани, қолаверса, «Пахтакор»нинг аксарият футболчилари йилига 1 миллиард сўмдан кўпроқ мукофот пули олиши очиқланди. Бош мураббий Питер Ҳюстра эса йиллик 350 минг евро маош олган. Қайд этиш керакки, «Пахтакор» ўз футболчиларининг маошлари миқдорини оммага маълум қилган илк ўзбек клуби бўлди.

Йил голи: Жасур Яхшибоев «Реал» дарвозасини ишғол этди

2021 йил давомида икки мамлакат Польшанинг «Легия» ва Молдованинг «Шериф» клубларида тўп сурган Жасур Яхшибоев Ўзбекистон миллий жамоаси сафида бирорта ҳам ўйинда майдонга тушмаган бўлса-да, ўзбек футболчилари орасида «йил голи»га муаллифлик қилди.

Фото: Getty Images

Ёзда Европа Чемпионлар лигасида ўйнаш учун ҳам «Шериф» клуби сафига қўшилган Яхшибоев ЕЧЛ 2-тури доирасида 29 сентябрь куни Мадриддаги «Сантьяго Бернабеу» стадионида кечган учрашувда катта саҳнага чиқди. Ўзбекистонлик форвард Тибо Куртуа дарвозасини ишғол этиб, якунда жамоасининг Мадриддаги сенсацион ғалабасига сабабчи бўлди.

https://t.me/tribunauznews/88656

Бунгача «Барса»нинг «Сантьяго Бернабеу»да «Реал» дарвозасига киритган голларини телевизор орқали кўриб қувонган Яхшибоев энди ўзи ишқибозлик қиладиган клубнинг асосий рақиби дарвозасини ишғол этганди. Ўзбек футболчисининг Мадридда киритган илк голи, табиийки «йил голи»га айланди.

Йил можароси: Суперлигада мураббийлар «ёрилди»

Аввалги йиллардан фарқли равишда, 2021 йилда Суперлигада мураббийлар ҳакамлик ва футболдаги қинғирликлар ҳақида очиқ-ойдин гапира бошлашди. Бу чиқишлар ўзбек футболидаги асосий можарога айланди, дейиш мумкин. Эстафетани дастлаб «Турон» бош мураббийи Исломбек Исмоилов ўз қўлига олган бўлса, ундан кейин Ҳамиджон Актамов («Қизилқум»), Жасур Абдураимов («Металлург»), Рўзиқул Бердиев («Насаф»), Питер Ҳюистра («Пахтакор») ва Микаэль Секейра («Локомотив») сингари мураббийлар матбуот анжуманларида «портлашди».

Айниқса, Суперлига 2-тури доирасидаги «Сўғдиёна» - «Турон» (1:0) учрашувидан меҳмонлар мураббийи Исломбек Исмоилов ўзбек футболидаги ҳакамларнинг қинғир ишлари ҳақида «ёрилди».

«Турон»ни айби Суперлигага чиққаними? Ёки ҳакамларга пул билан чиқмаётганими? Бу нарсани ўтган икки ўйинимиздан буён умуман тушуниб бўлмаяпти. Бугунги вазиятда тўп футболчининг бошига текканини бутун дунё, бутун Ўзбекистон кўриб турибди, ҳакам эса тўп футболчини бошига текканига пенальти белгилаяпти. Мана ҳозир ўша ҳакам кийиниш хонасига кирсин, футболчилар йиғлаб ўтирибди. Буларга қачон чора кўрилади? Қачонгача бунга чидаш мумкин? Тозалаймиз дейишяпти, шуми тозалашаётгани?! Келиб кўмиб кетмоқда. Учта одам майдонда жамоани «калласини олиб ташлаяпти». Ўзбекистонда шуми адолат? Қачонгача коррупцияга қарши курашиш мумкин. Ҳалол ўйна дейишди ҳаммага, биз ҳалол ўйнаяпмиз, ҳакамларга чиқаётганимиз йўқ, мана аҳвол! Пул билан чиқмасангиз каллангизни олиб ташлайди! Ким чора кўради буларга? Майли, бутун умрга футболдан четлатишса четлатишсин! Ҳамма оғзида гапиради, амалда эса ҳеч нарса йўқ», - дея «Турон» бош мураббийи Исломбек Исмоиловнинг сўзлари шов-шувга сабаб бўлганди.

Кўп ўтмай, ёш мураббий жамоанинг қониқарсиз натижалари сабабли истеъфога чиқарилди, «Турон» эса сўнгги 14-ўринда қолиб мавсум якунида Суперлигадан яна Про лигага равона бўлди.

Йил муваффақияти: «Насаф» ОФК кубоги вице-чемпиони

Жорий йилда ўзбекистонлик мухлисларни халқаро майдондаги ғалабалари билан, ўз мухлисларини эса Ўзбекистон кубогидаги ғолиблиги билан қувонтирган клуб «Насаф» бўлди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари йил давомида учта финал – Суперкубок, Ўзбекистон кубоги ва ОФК кубогида тўп суришди. Айниқса, «Насаф»нинг халқаро майдонда финалгача етиб боришини ўзбек футболидаги йил муваффақияти сифатида эслаш мумкин.

Дастлаб, Тожикистонда ўтган ОФК кубоги гуруҳ босқич ўйинларида максимал натижа кўрсатган воҳаликлар 1-ўрин билан Марказий Осиё минтақаси финалига чиқиб, Қаршида ўтган баҳсда Туркманистоннинг «Аҳал» жамоасини мағлуб этишди (3:2). Навбатдаги минтақалараро плей-офф ўйинларида эса Ҳиндистоннинг «Моҳун Баган» (6:0) ва Ҳонгконгнинг «Ли Ман» клуби тўсиғидан (3:2) ўтилди.

5 ноябрь куни ОФК кубоги финалида «Насаф» сафарда Баҳрайннинг «Ал Муҳаррақ» клубига қарши саф тортиб, кутилмаганда йирик ҳисобда мағлуб (0:3) бўлди. Шу тариқа, турнирни вице-чемпион сифатида якунланган Қарши жамоаси ОФК кубоги регламентига биноан, 750 минг АҚШ доллари билан мукофотланди. Жамоа ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев 7та гол билан турнирнинг энг яхши тўпурари бўлди.

Йил сенсацияси: Про лиганинг уч клуби Суперлигага чиқди

2021 йилги Ўзбекистон чемпионати кутилмаган натижа билан якун топди. Дастлаб, Суперлигада сўнгги ўринларни эгаллаган хусусий клублар - «Турон» ва «Андижон» Про лигага равона бўлган, уларнинг ўрнига эса қуйи лигадан Фарғонанинг «Нефтчи» ва Самарқанднинг «Динамо» клублари элитага йўлланма олди.

Фото: Tribuna.uz

Регламентга биноан, Суперлигада 12-ўринни олган «Машъал» Про лигада 3-ўринда бўлган «Олимпик» жамоасига қарши ўтиш ўйинида майдонга тушди. Қизиғи, одатда бунгача деярли расмиятчилик учун ўтадиган ушбу баҳсда бу сафар қуйи лига клуби «Олимпик» Суперлига жамоаси бўлмиш «Машъал»ни сенсацион тарзда мағлуб этиб, Про лигага равона қилди. Темур Кападзе мураббийлигида ҳали ташкил топганига бир йил ҳам тўлмаган ёш клуб ўз тарихида илк марта Суперлигада тўп сурадиган бўлди. Шу тариқа, ўзбек футболи тарихида илк бор қуйи лиганинг уч жамоаси элитага йўлланмани ютиб олди. Бунгача қуйи лига савия жиҳатдан Суперлигага ҳозирдагидек яқинлаша олмаганди.

Йил хайрлашуви: Одил Аҳмедов фаолиятини якунлади

2021 йилда ўзбек футболидаги асосий воқеалардан бири Одил Аҳмедовнинг дастлаб миллий жамоадан кетиши, кейин эса футбол билан хайрлашиши бўлди. Ёзда миллий жамоа ЖЧ-2022 саралашини эрта якунлагач, Ўзбекистон миллий жамоаси сардори ЎФА раҳбари ўтказган танқидий йиғилишда бош жамоадан кетишини эълон қилди.

«Бугун жуда кўп гапирилди, лекин мен битта нарсани айтиб ўтмоқчиман – футболни алдаб бўлмайди. Агар биз бугун ўзгармасак, ҳар сафар саралаш якунида шу ерда туриб кечирим сўраймиз. Футболда майда деталлар кўп. Мен гапирадиган бўлсам, бу баҳонадек кўринади. Пойдевор бўлмаганидан кейин натижа ҳам бўлмайди. Миллий жамоадаги фаолиятимни якунладим», – деганди Одил Аҳмедов.

Фото: Tribuna.uz

18 декабрь куни эса футболчининг фаолиятига бағишланган «Одил Aҳмедов: «Орзунинг шонли йўли» китоби тақдимот маросимида у футболчилик фаолиятини тугатганини расман эълон қилди.

Фото: Tribuna.uz

«Ҳар бир нарсанинг боши бўлганидек, охири ҳам бор. Яқинда Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолиятимни якунлаганим ҳақида эълон қилгандим. Бугун эса ўзим учун яна бир оғир қарорни қабул қилдим. Футболчилик фаолиятимни якунлаганимни маълум қиламан. Футболдаги энг биринчи мухлисим отам эдилар. Энди эса у киши йўқ. Шу боис фаолиятимни якунлаш ҳақида қарор қилдим», - деди Одил футболдан кетиши сабабини изоҳлаб.

Ўзбек футболи афсоналаридан бири, 10 йил аввал Ўзбекистоннинг Осиё кубогидаги энг яхши натижасини қайд этган ўша авлоднинг бош жамоамиздаги сўнгги вакили саналмиш Одил Аҳмедовнинг миллий жамоа ва яшил майдон билан бу алфозда хайрлашиши – ўзбек футболининг 2021 йилдаги умумий тасвиридан қолган энг асосий хотира сифатида ёдда қолади. Ҳар ҳолда 2021 йил миллий жамоада Аҳмедов номи билан боғланадиган катта даврга ҳам нуқта қўйиб берди.

Усмон Ибодов

Мавзуга оид