Водийда метан учун соатлаб навбатлар
28 декабр куни Фарғона вилоятидаги кўплаб АГТКСлар ишламаган. 29 декабрдан эса газ «заправка»ларда километрлаб навбатлар пайдо бўлган. Ҳайдовчилар автомобилига газ қуйиш учун 5-6 соатлаб кутишга мажбур бўлмоқда. Заправка ҳудудига кириб олишнинг ўзи бахт. Чунки энди навбати етиб келганда заправка эшиклари ёпилиб, қайтиб кетганлар қанча. АГТКС ҳудудига бир амаллаб кириб олган ҳайдовчилар ҳам 100 босимда автомобилига газ қуйиб кетишга мажбур бўлмоқда.
Фарғона шаҳридаги Метан «заправка»лар ҳолатини кузатдик. Барча жойда турнақатор навбатлар вужудга келган. АГТКСлардан бирига бориб ҳайдовчилар билан суҳбатлашдик.
Ҳайдовчилардан бири Фаёзжон Мухторов заправкаларда кузатилаётган ҳолат бўйича қуйидагиларни сўзлаб берди:
«Заправкага тонг саҳар 5:00 да келган эдик. Навбатимиз етиб келганида эса 12:00 да заправкани беркитиб қўйишди. Хоҳлайсизми, йўқми бунинг оқибатида йўлкира нархи ошди. Халқ “дод” деяпти. Қишнинг куни, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида газ йўқ, бензин қиммат бўлса.
Машинам бензинга юрмайди, газга мослашиб қолган. Энди газни қаердан қуямиз? Машинамизни заправка ҳудудига ташлаб кетиб бўлмайди. Бу ерда қолиб кетса, ишониб бўлмайди. 6 соатдан бери навбатда турибмиз. Эртароқ бориб навбат олиш мақсадида уйдан тонг саҳарда чой ҳам ичмай чиқиб кетган эдик.
Киракашлик қиламан. Газ тақчиллиги туфайли йўлкира нархини оширсак, одамлар пулни оғриниб беради. Мана энди ноиложликдан уйга қайтяпмиз. Қишнинг кунида иш йўқ. Газ бошқа заправкаларда ҳам йўқ. Қачон яхши бўлади газ? Халқ нима қилиши керак?» – дейди Фаёзжон Мухторов.
Навбати келай деганда заправка эшиклари беркилиб уйга қайтаётган ҳайдовчи Аброр Абдуллаев ҳам АГТКСларда юзага келаётган ҳолат бўйича ўз муносабатини билдирди:
«3-4 кундан бери заправкаларда шундай ҳолат кузатиляпти. АГТКС га эрта саҳар 4:30-5:00 ларда келган эдим. Навбатда турдик. 4 марта навбат силжиди. Шу билан соат 12 да заправка дарвозасини беркитиб қўйишди. Кеча ҳам, ундан олдинги куни ҳам шу аҳвол эди.
Заправкани ёпиб қўйишгандан кейин эрталабдан навбатда турган машиналар ноиложликдан чиқиб кетишди. Навбат кутиб орқада турган ҳайдовчилар ҳам қайтиб кетишди. Бошқа заправкалар ҳам беркитилган.
Соат 12:00 да беркитиб қўйишяпти. Нима сабабдан беркитиб қўяётганликларини билмаймиз. Олдиндан эълон қилиб “беркилади” деб айтишса, шунга қараб ҳаракат қиламиз.
Ярим кечаси уйқудан туриб ҳаракатни бошлаб, заправкага келасиз. Соат 6:00-7:00 да очилади. Тушликкача 4-5 соат ишлайди. Босим жуда паст. Газ қуйганингиз билан 100 километрга бормай тугайди. Яна газга бориш керак. Навбатда туриш керак. Умрим заправкада ўтяпти қишда. Ўтган йили ҳам шу аҳвол эди. Ундан олдинги йили ҳам шу аҳвол. Қачонгача бундай бўлади, Худо билади?» – дейди Аброр Абдуллаев.
АГТКСларда навбатини кутиб ўтирган ҳайдовчилар эшиклар ёпилгач, қайтиб кетишга мажбур бўлмоқда. Айрим ҳайдовчилар эса «заправка» яна ишлаб қолишига умид қилиб, жойларидан жилмай кутиб туришибди.
Расмийларнинг маълум қилишича, ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида газ қувурларида босим пасайиши сабабли АГТКСларнинг ишлаш вақти чекланган. Табиий газ энг аввало аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилмоқда.
Расмийлар юзага келаётган ҳолат бўйича ҳар йили мана шундай баёнот беради. Водийлик ҳайдовчилар эса ҳали-ҳануз бу борада вазият яхши томонга ўзгаришини кутиб яшамоқда.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
10:06 / 10.10.2024
Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
12:23 / 07.10.2024
Фарғонада Lacetti уриб юборган шахс ҳалок бўлди
07:40 / 07.10.2024