Жаҳон | 10:07 / 31.12.2021
35228
13 дақиқада ўқилади

Украинага чиндан Ленин асос солганми – Путиннинг матбуот анжумани ҳақида экспертлар нималар деди?

Фото: Сергей Карпухин / ТАСС

Россия президенти Владимир Путиннинг бу галги йиллик матбуот анжуманида асосий мавзулар халқаро сиёсат, коронавирус пандемияси ва мамлакат иқтисодиётининг ҳозирги ҳолати ҳақида бўлди. ВВС Путин кескин гапирган баъзи мавзуларга ОАВ етарлича эътибор бермади деб ҳисоблаб, экспертлардан уларни таҳлил қилиб беришни сўради.

Путин матбуот анжумани давомида «янги этика» иборасини тез-тез ишлатди, лекин ОАВ чиндан бу нарсага жиддий эътибор қаратмади. Шунингдек, Россия президенти Украина қандай пайдо бўлгани ҳақида ҳам «томдан тараша тушгандек» гапиргани йўқ, ахир шу кунларда навбатдаги аннексия ҳақида тобора кўпроқ гапиришмоқда. ВВС ғарблик ҳарбий экспертлардан Путиннинг Ғарб манзилига ёғдирган танқидларини ҳам таҳлил қилиб беришни сўраган.

«Янги этика»: Путин нима деди ва экспертлар қандай фикрда?

Матбуот анжуманида Путиндан Россияда пайдо бўлган «янги этика» ҳақида сўрашди. Россияда замонавий иллатларни шундай аташ урфга кирди (бир вақтлар Ўзбекистонда буни оммавий маданият деб аташарди – тарж.). Путин «янги этика»ни коронавирус пайдо бўлиши ва унинг янги штаммлари тарқалишига ўхшатиб, унга қарши миллий қадриятлардан ташкил топган ҳимоя воситаси шакллантириш лозимлигини айтди.

«Кўп миллатли давлат сифатида шакллангани Россиянинг кучи ва ўзига хослиги ҳисобланади. Россиядаги ҳамма миллат вакилларида бу иллатлардан ички ҳимоя мавжуд. Биз бир-биримизнинг қадриятларимизни ҳурмат қилишга одатланганмиз», деди Путин.

Санкт-Петербург Европа университети социология факультети илмий ходими Дарья Литвинанинг айтишича, Россияда маълум ёш, жинс, табақа ва гуруҳлар ўртасида шаклланган муаммолар жамланмасига «янги этика» деб ном бериш одат тусига кирди. Унинг айтишича, замонавий одатларга қарши бўлиш фақат Россияда шаклланган эмас, АҚШда ҳам мамлакатнинг ярми уларга қарши, аммо зиёлилар ва ОАВда замонавий одатлар тарафдорлари кўпроқ.

Дарья Литвинанинг фикрича, Ғарбда бу борадаги мунозаралар Россияда бўлгани каби бир ном остида бирлашмаган: «Янги этика» анчадан буён мавжуд бўлиб яқинда «муаммо туғдиришни бошлаган» иллатларни йўналтиришга уринишдир. Бу терминни айнан нимагадир боғлаш қийин, шу сабаб уни ишлатганда доим гап нимада эканини изоҳлашга мажбурмиз».

Украина тарихи: уни Ленин қурганмиди?

Матбуот анжуманида Путин Украина қандай пайдо бўлгани ҳақида ҳам гапирди. «Украинани ким қурганди? Ленин Владимир Ильич, совет иттифоқига асос солган вақтида. 1922 йил келишув бўлган, 1924 йил конституцияга киритилган. Тўғри, бу иш Лениннинг ўлимидан кейин, лекин унинг принциплари асосида», деди Россия президенти.

Фото: kremlin.ru

Ҳарвард университети профессори бўлган Украина тарихи бўйича мутахассис Сергей Плохий эса бундай фикрда эмас: «Ленин Украинани қурмаган, бу аниқ. У 1918 йил мустақил Украина давлатига ҳужум қилиб, кейин УССР номли қўғирчоқ давлатга айлантириб қўйди. 1922 йилда эса Ленин Украинадан расмий мустақиллигини олиб қўйиб, совет иттифоқи билан интеграцияни амалга оширди.

Ленин қурган ягона давлат – Россия Федерацияси. Бу давлат 1918 йил ўз конституциясига эга бўлиб, 4 йилдан кейин совет иттифоқига кирган. Елцин эса 1991 йил бу давлатни СССР таркибидан чиқариб олиб, амалда иттифоқ парчаланишига йўл очди. Шундай экан, Ленин Украина эмас, замонавий Россия асосчиси», дейди Украина тарихи бўйича профессор.

Яна бир тарихчи профессор Алексей Миллер (Газпром раҳбари эмас) ҳам Путиннинг фикрига қўшилмайди.

«Путиннинг кўплаб дабдабали чиқишлари каби бу галгиси ҳам тўғри эмас. Бир нарсани унутмаслик керак: Ленин нимадир туза оладиган вақтда ҳозир Украина деб аталадиган ҳудудларда биринчи жаҳон уруши ва кейинчалик кузатилган фуқаролик урушидан кейин бир нечта давлатчилик кўринишлари пайдо бўлиб улгурганди.

Биринчидан, Ленин кичикруслар, каттаруслар, беларусларни бир миллатнинг уч новдаси деб қарашни роса тарғиб қилган. Бу империя вақтида рус миллатчилиги ўзаги бўлган. Унинг пайдо бўлишини эса Ленин буюкрус шовинизми деб атаган. Кичикрус иборасини ишлатиш эса деярли тақиқланган».

Иккинчидан, Ленин СССР тенг ҳуқуққа ва ўзини бошқариш ҳуқуқига эга иттифоқчилардан иборат давлат бўлиши керак деб туриб олган. Сталин эса барча мамлакатлар Россия ССР таркибига автоном бўлиб кириши кераклигини айтган. Шундай экан, Путин яна кимнингдир устидан кулишни истаса, Украинага Сталин асос солган деб бемалол айтиши мумкин. Чунки ҳозирги Украина ерларини айнан Сталин умумлаштирган. Бугун Волин ва Галиция деб номланадиган жойларни 1939 йил Польшадан, Букавинани 1940 йил Руминиядан, Карпатортини эса Венгрия ҳамда Чехословакиядан тортиб олган.

Кўриниб турибдики, Путин тарихдан имтиҳон топширмаган», дейди Миллер.

Россиянинг Ғарб билан қарама-қаршилиги

Украина қандай пайдо бўлгани борасидаги гапни Путин бу давлатга бостириб кириш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб бериш вақтида кўтарди. Россия Украинага бостириб кирадими йўқми деган саволга Путин барибир аниқ жавоб бермади. Бунинг ўрнига НАТО шарққа қараб кенгайиши хато экани ҳақида айтди. Бу борада гапирар экан, Путин Ғарб Россияга хавфсизлик борасида кафолат бериши кераклигини айтди. «Сиз бизга кафолат беришингиз керак, ҳа, сиз! Тезда, ҳозироқ», деди Путин.

Фото: Александр Земляниченко / AP / Scanpix / LETA

Британиянинг Беларусдаги собиқ элчиси Найжел Гулд-Дэвиснинг фикрича, Путиннинг Ғарб ҳақидаги фикрлари қарама-қарши сигналларга ишора бермоқда: «Путин охирги вақтларда АҚШ ва НАТОга қарши ичида йиғилиб қолган ҳамма гапларини айтиб олмоқда. Айрим талаблари анчадан буён айтилади, баъзи иддаолар эса янгилик бўляпти. Уларнинг аксари совуқ урушдан кейин яққол кўзга ташланган НАТО кенгайишини бас қилиш керак деган хулосага олиб боради».

Гулд-Дэвиснинг фикрича, Россия НАТО ва АҚШдан талаб қилаётган нарсалар имконсиз эканини билатуриб уларнинг ижросини тезлаштиришни талаб қилмоқда. Музокараларни тезда бошлаш ҳақида талаб ҳам ўринсиз, улар шундоғам январда бошланади.

«Путиннинг баёнотидан Россия Ғарбнинг кўплаб вакиллари билан музокара ўтказмоқчи эканини англаш мумкин. Бошланишига Россия фақат АҚШ ва Европанинг «танланган» давлатлари Германия ёки Франция билан гаплашишни истаган бўлса, ҳозир гап НАТО ва ЕХҲТ доирасидаги кенг қамровли музокаралар ҳақида кетмоқда», дейди эксперт.

АҚШ Давлат департаментининг собиқ ходими Сэмюел Шарап эса Кремлдан тарқалаётган сигналларда қарама-қаршилик кўрмаётганини айтади. «Путин дипломатияга охирги имконни бериш баробарида [ҳарбий] ҳаракатга ҳозирланмоқда», дейди таҳлилчи. Унинг фикрича, Путин амалга ошиши имконсиз талабларни айтиб, яна кутиб тура олмаслигини иддао қиляпти. Ваҳоланки, икки томонлама қурол назорати тўғрисидаги келишувни тасдиқлашнинг ўзи камида бир йил вақт олади.

Жаноб Шарапнинг айтишича, Путиннинг Украина томонидан провокация бўлиши мумкинлиги ҳақида сўзлари айниқса хавотирли. Экспертга кўра, Путин ҳали Украинага бостириб кириш борасида аниқ фикрга келмаган, лекин шундай вазият пайдо қилганки, ҳарбий ҳаракатни истаган вақтида бошлай олиши мумкин. «Дипломатия эса вақтни чўзиш учун имкон», дейди Сэмюел Шарап.

Россия ва НАТО муносабатларини таҳлил қилган кўплаб экспертлар бир нарсага эътибор қаратган: Путин даврида ҳарбий операциялар доим кутилмаганда содир бўлган ва ҳозирги каби узоқ тайёргарлиг-у шов-шув билан анонс қилинмаган. Сэмюел Шарап бу фактлар Россия Украинага бостириб кирмаслигига кафолат бўла олмаслигини айтган. Унинг фикрича, Қримни босиб олиш, Сурияга қўшин киритиш ва Қорабоғга ёлланма аскарлар юбориш каби олдинги ҳарбий ҳаракатлар уларга сабаб бўлган воқеалар бевосита Россия иштирокисиз бошланганига жавоб тариқасида кутилмаганда амалга оширилган.

«Мен 1991 йилдан бошлаб Россия амалга оширган ҳарбий амалиётлар ҳақида илмий иш қилганман. Уларнинг деярли барчаси нимагадир жавоб тариқасида амалга оширилган. Россия Қорабоғдаги урушни бошлагани йўқ, Асадга қарши ҳаракатни ҳам руслар бошламади, Майдан ҳам Россиянинг иштирокисиз юзага келганди.

Ҳозир эса вазият бошқача: Украина ўз чегарасида қўшинлар тўпланаётганини изоҳлайдиган ҳеч қандай ҳаракат қилмади. Бу гал Россия қайсидир маънода воқеалар ривожидан илгарилаб кетди. Одатда Россия қайсидир воқеага жавоб ўлароқ ҳарбий ҳаракат амалга оширган бўлса, ҳозир ўша кескинликни, ўша асос бўлгич воқеани ўзи яратмоқда. Шу билан ҳозирги ҳолат бошқаларидан фарқланади ва шу сабаб у хавфли», дейди АҚШ Давлат департаментининг собиқ ходими.

Собиқ элчи Гулд-Дэвис ҳам Путин кутилмаганда ҳарбий операция амалга ошириб ўрганганини айтади. «Ҳукумат тепасига келганидан буён Путин ҳарбий кучни кутилмаганда ва огоҳлантиришсиз ишлатган. Ғарбни қўрқитиб, шу орқали унинг сиёсатига таъсир ўтказиш учун ҳарбий режаларини очиқчасига намойиш этиши Путин учун янгилик, у аввал бундай қилмаган», дейди таҳлилчи.

Россия бўйича машҳур таҳлилчи Сэм Гриннинг фикрича, Россия Украина ва иттифоқчиларининг юрагига ғулғула солган сиёсатни мамлакат ичидагилар учун қилмоқда: «Бу ҳаракатлардан мақсад россияликларга мана, биз ҳеч кимга тегмаяпмиз, аксинча, улар бизга ҳужум қилмоқда, дейиш. Аммо Украина суверенитети қанақасига Россияга хавф солаётгани, Ғарб қандай қилиб Россияни бу мавжуд бўлмаган хатардан иҳоталаши мантиқсиз ҳолат, шубҳасиз. Бу ҳолатда Путин маталнавислик билан шуғулланиб, уйдирма тўқиётганга ўхшайди. У хаёлий аждарҳо борлигига ҳаммани ишонтириб, кейин музаффар жангчи бўлиб ўша мавжуд бўлмаган аждарни ўлдирмоқчи (Россия гербида аждарҳони ўлдираётган музаффар Георгий тасвирланган, эксперт шунга киноя қилмоқда)», дейди эксперт.

Катта матбуот анжумани: у нимага керак ўзи?

ВВС файласуф Григорий Юдиндан Путин ҳар йил ўтказадиган йиллик матбуот анжумани нега ўтказилишини таҳлил қилиб беришни сўради.

«Бундай матбуот анжуманлари Путиннинг жонли мулоқоти каби бир хил форматда бўлиб ўтади. Уларда Путин нима дейиши эмас, қандай гапириши биринчи планга чиқади. Анжуман бошланмай ким аккредитациядан ўтиши, ким қандай плакат кўтариб, микрофон берилишига эришиши каби нарсалар муҳокама қилинади. Кейин кимдир кийимининг остидаги футболкада нима ёзилганини кўрсатиши кутилади (депутат Дарья Беседина Путин иштирок этган йиғилишда «Öбнулис» ёзувли футболка билан келганди. Ўшанда Путиннинг ваколатлари конституцияга кўра янгиланиши кутилаётганди. Бу сўз бир ўқишда «нолдан бошлаш», бошқача ўқиганда «безор бўлдик» маъносидаги сўкинишни англатади).

Фото: Видеодан кадр

Путин билан матбуот анжуманида савол бериш имконини қўлга киритган бахтли инсон фақат савол бера олади, ундан микрофонни дарров олиб қўйишади. Қайта савол бериш, аниқлаштирувчи савол бериш имконсиз. Монарх саволни тушунмаса, бу журналистнинг бахтсизлиги.

Инсонлар ўртасидаги нормал мулоқот бошқача шаклланган, биз ниманидир аниқлаштиришимиз, изоҳлашимиз мумкин, аммо Путин иштирокидаги анжуманларда бунинг иложи йўқ. Таққослаш учун, Америка президентларининг матбуот анжуманларини олинг: биринчидан, у ерда матбуот анжуманлари доимий ўтказилади, иккинчидан, журналистларнинг сиз учун ноқулай саволларига жавоб бермай мамлакатни бошқара олмайсиз. АҚШда журналистлар доим қўшимча савол беришади.

Путин ҳар қандай саволга рақамлар билан жавоб беришининг ҳам «сири» оддий: барча «ўткир» саволлар олдиндан тайёрлаб қўйилади, худди жавоблар каби. Бу узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган ёлғон.

Путин одамлар билан мулоқотга киришиш борасида кучсиз сиёсатчи. У тайёрланмаган одамлар, тайёрланмаган саволлар олдида ожиз бўлиб қолади. Аммо Путинга халқ қўллаб-қувватлови сунъий кўринишда бўлса ҳам керак. Бу матбуот анжуманлари каби сохта маросимларда иштирок этадиган ҳамма ўзгача оламга кириб қолишга маҳкум. Телевизор қаршисида ҳеч нимани ҳал қилмайдиган оддий халқ эса гўёки ҳамма нарсани биладиган Путиннинг нутқидан маст бўлиб, у ўзгача одамлиги, ўзи эса иккинчи класснинг оддий вакили эканини ҳис қилиши лозим. Мана шунинг учун ўтказилади бундай кўзбўямачиликлар. Социолог сифатида бундай маросимларда қатнашмасликни маслаҳат бераман. Агар сизда уни қандай йўққа чиқариш ҳақида қандайдир фикр бўлмаса, албатта».

Мавзуга оид