Ўзбекистон | 11:54 / 06.01.2022
6177
2 дақиқада ўқилади

Телекоммуникация ускуналари ва ноутбукларни божхона тўловларидан озод қилиш режалаштирилмоқда 

Ўзбекистонда олиб кириладиган телекоммуникация ускуналари ва қурилмаларини божхона тўловларидан озод этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда АКТ вазирлиги хабар берди.

Фото: iStock

Қайд этилишича, республикада рақамли инфратузилмани жадал ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари ўртасидаги «рақамли тафовут»ни бартараф этиш ҳамда тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида қатор вазифалар белгилаб олинди.

Келгуси тўрт йилда оптик толали алоқа линияларининг республикадаги барча аҳоли масканларига етказиб бориши таъминланади. Барча хонадонлар учун юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш имкониятини яратилади ҳамда халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобил йўлларининг мобил интернет қамрови кенгаяди.

Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида йирик маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказлари қурилади.

Республикада телекоммуникация операторларининг рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича ишларини қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини имкон қадар мақбуллаштириш ва имтиёзлар бериш ишлари амалга оширилади.

Олиб кириладиган телекоммуникация ускуналари ва қурилмаларини, ноутбукларни божхона тўловларидан озод этиш, жалб қилинадиган чет эл кредитлари бўйича давлат кафолатини бериш чоралари кўрилади.

Соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференциялар бериш орқали телекоммуникациялар соҳасида рақобат муҳити ривожлантирилади.

Мавзуга оид