Ўзбекистон | 13:21 / 07.01.2022
13566
2 дақиқада ўқилади

Вилоятлар марказларида йўловчи ташиш учун Damas автомобилларидан воз кечилади

Вилоят марказларида йўловчи ташиш учун Damas русумли енгил автомобиллардан босқичма-босқич воз кечилади. Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасида маълум қилинган.

Маълум қилинишича, ҳудудларда йўловчи ташиш транспорти тизимини тубдан такомиллаштириш Дастури лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Унга кўра:

  • Аҳоли пунктларининг жамоат транспорти билан қамровини 95 фоизга етказиш;
  • Ўрта ва йирик шаҳарларда жамоат транспортидан фойдаланиш улушини 22 фоиздан 35 фоизга ошириш;
  • Вилоят марказларида Damas русумли енгил автомобиллар фаолият кўрсатувчи йўналишларни босқичма-босқич автобус ва микроавтобуслар билан алмаштириш;
  • 52 та автостанция қуриш ҳамда 29 тасини реконструкция қилиш;
  • 278 та янги автобус йўналишлари очиш;
  • 60 та янги шаҳарлараро автобус йўналишларини ташкил этиш;
  • Автобус ҳайдовчиларининг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилиши устидан назорат тизимини такомиллаштириш;
  • Мунтазам йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари учун янги автобус ва микроавтобусларни олиб киришда ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчидан харид қилишда қўшилган қиймат солиғини фоизсиз ва унинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш тизимини жорий этиш ишлари бажарилади.

Дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш ва бажариш ишлари назорати Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматовга, масъул ижрочилар этиб эса Транспорт вазирлиги И.Маҳкамов, Молия вазирлиги Т.Ишметов, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги И.Норқулов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари зиммасига юклатилади.

«Йўл харитаси» лойиҳасида юқоридаги ишларни 2022 йилда амалга ошириш белгиланган.

Маълумот учун, бугун Ўзбекистондаги аксарият вилоятлар марказларида Damas асосий жамоат транспорти бўлиб қолмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид