Жамият | 09:11 / 23.01.2022
8826
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда автомобилга пневматик қуролдан ўқ узган шахс 15 суткага қамалди

Тошкентда йўл ўртасида «ВАЗ-2199» русумли транспорт воситасига қарата пневматик қуролдан ўқ узган шахс ва автомобиль ҳайдовчиси ҳам 15 суткага қамалди.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилган ишда пойтахт ИИББ эксперт криминалистика хулосасига асосан, С.З. қўллаган қурол спорт-пневматик қурол эканлиги аниқланган.

Маълум қилинишича, қуролга доир қонунга асосан мазкур қуролни фақат спорт майдончаларида қўллашга рухсат берилган. Томонларнинг важларини эшитган судья, иккала томонга ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига (Майда безорилик) асосан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.

Жорий йилнинг 20 январь куни С.З. исмли шахс йўлнинг қатнов қисмида таниши билан рашк туфайли ўзаро гап талашгани, сўнг унинг машинасига тепиб, ёнидаги пневматик қуролдан автомобилга бир марта ўқ узгани хабар берилган эди.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳодиса натижасида ҳеч ким жароҳатланмаганини, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётганини билдирганди.

Мавзуга оид