Шахсан Путинга қарши санкция: Ғарб Украинага эҳтимолий босқинга жавобан қандай чоралар тайёрламоқда?
АҚШ президенти Жо Байден Россия Украинага бостириб кирган тақдирда Владимир Путинга қарши индивидуал санкция қўлланиши мумкинлигини истисно қилмади. Бу ҳақда Байден сешанба куни ўтказилган матбуот анжуманида гапирди. Олдинроқ Байден администрацияси вакиллари Украинага бостириб кирилиши Россиянинг юқори технология маҳсулотларига қарши санкцияларга сабаб бўлиши мумкинлигини айтганди.
Ҳозиргача Ғарб давлатларининг ҳеч бири шахсан Путинга қарши санкция қўллагани йўқ. Олдинроқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия етакчисига қарши санкция АҚШ билан муносабатларга дарз кетишига олиб келишини айтганди.
Душанба куни АҚШ президенти, қатор Европа давлатлари етакчилари ва НАТО раҳбарияти Россия Украинага бостириб кирган тақдирда қандай ҳаракат қилиш бўйича онлайн маслаҳатлашув ўтказганди. Оқ уй мулоқот жиддий воқеалар фонида юқори даражада ўтганини таъкидлади. Унда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен, Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел, Польша президенти Анжей Дуда, Франция президенти Эммануэль Макрон, Италия бош вазири Марио Драги, Германия канцлери Олаф Шольц ва Британия бош вазири Борис Жонсон иштирок этган.
Сешанба куни Берлинда Эммануэль Макрон ва Олаф Шольц икки томонлама музокара ўтказиб, биргаликда матбуот анжуманида ҳам қатнашди. Улар Украина ҳудудий яхлитлигига дахл соладиган воқеа рўй берса, Ғарб кескин чоралар кўриши, Россия «ортиғи билан тўлаши»ни айтишди.
Британия бош вазири Борис Жонсон ҳам шу ҳақда гапирди: «Россия Украинага ҳужум қилса, жавоб қайтаришга келишиб олдик. Аввало кескин санкциялар киритилади. Олдин Россияга қарши ҳеч қачон бунақа чоралар қўлланмаган. Британия Путиннинг сўзлари учун Россияга қарши санкцияларни кучайтиришдан қўрқмайди», деди Жонсон.
АҚШ Давлат департаментида сешанба куни журналистлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилган. Унда Вашингтон Россия Украинага бостириб кирган тақдирда кескин санкциялар тайёрлаётгани айтилган. АҚШ маҳсулотлари ишлатилган Россия товарлари, сунъий интеллект маҳсулотлари ва аэрокосмик техникалар санкцияга учраши мумкин.
Давлат департаменти вакилининг айтишича, Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Осиё давлатларига санкцияларга жавобан Россия Европага газни узиб қўйса, Европа Иттифоқи давлатларига газ берилишини сўраб мурожаат қилинган.
Оқ уй матбуот хизматининг маълум қилишича, АҚШда воқеалар қандай ривожланишига қараб бир неча ҳарбий сценарий мавжуд. Шунингдек, АҚШ Шарқий Европа давлатларида НАТО кучлари сонини оширмоқчи. АҚШнинг доим ҳаракатланишга тайёр 8,5 минг аскари ҳам Европага ташлаш учун шай турибди. Пентагон расмий вакили Жон Кирбининг айтишича, бу қўшинлар НАТОдан сўров бўлиши билан ҳаракатга келади.
Қўшинларни жанговар шайликка келтириш ғоясини АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин илгари сурган. Уларни йўналтиришни эса Жо Байден тасдиқлаши керак. Сўров бўлиши билан АҚШнинг махсус тайёргарликдан ўтган 8,5 минг аскари 5 кун ичида Шарқий Европага етиб боради. Авваллари бунинг учун 10 кун керак бўлган. Шу билан бирга, НАТО аскарларини альянс аъзоси бўлмаган Украинага олиб кириш режада йўқ. Бу ҳақда олдинроқ АҚШ президенти ҳам айтганди.
АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс яқинда рус қўшинлари олиб кирилган Беларусга ҳам огоҳлантириш билан мурожаат қилган. Россия аскарлари расман ўқув машғулотларида қатнашиш учун борган. «Беларусни ўз ҳудудидан Украинага ҳужум қилиш учун фойдаланишга рухсат берса, АҚШ ва иттифоқчилари томонидан кескин жавоб берилишидан огоҳлантирдик», деди Прайс.
Песков: Кремль АҚШдан хавфсизлик бўйича кафолат кутмоқда
НАТО Болгария, Руминия ва Болтиқбўйи давлатларидаги қўшинларини кучайтиришда давом этмоқда. Бу давлатларга ҳарбий кемалар ва қирувчи самолётлар юбориляпти. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, АҚШ минтақадаги кескинликни ошириб юборяпти. Песковга кўра, Кремль АҚШ аскарларининг шай ҳолатга келтириши ва уларнинг Европага ташланиш эҳтимолий ҳолатини жиддий кузатмоқда.
Россия ҳамон АҚШ ва НАТОнинг хавфсизлик бўйича сўровига расмий жавоб бермаган: «Биз ҳамон ўша машҳур хат кўринишидаги жавобни кутяпмиз. Уни шу ҳафтада олсак керак. Биз АҚШнинг ҳаракатларини хавотир билан кузатяпмиз», деди Песков.
Киев ғарблик иттифоқчиларининг ёрдамларини хурсандчилик билан қабул қилмоқда. Аммо ўз дипломатларини Украинадан олиб кетаётган АҚШ ва Британия каби давлатларнинг бу ҳаракатларини ортиқча эҳтиёткорлик деб баҳоламоқда. Украина Хавфсизлик ва мудофаа кенгаши бош котиби Алексей Данилов Россия билан уруш 2014 йилдан буён давом этаётганини, дипломатларини олиб кетаётган давлатлар ортиқча эҳтиёткорликка йўл қўяётганини таъкидлаганди.
«Чегарадаги Россия аскарлари кўпчилик ваҳима билан тасвирлаётгани каби кўпайгани йўқ. Тўғри, қандайдир манёврлар кўзга ташланяпти, аммо улар доим бўлган. Россия аскарларини ўз мамлакати ичида хоҳлаганича ҳаракатлантириши мумкин. Ҳа, бу биз учун ёқимсиз, лекин янгилик эмас. Ғарбдагилар учун янгилик бўлса бордир», деганди бош котиб.
Данилов Ғарб давлатларининг Украинадан дипломатларини олиб чиқиб кетиши фақат Россиянинг фойдасига ишлашини айтганди. Унинг фикрича, Россия Украинада саросима пайдо қилишни истаяпти ва ҳозирча буни яхшигина уддаламоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам ғарблик дипломатлар мамлакатни тарк этаётгани уруш бўлиши аниқ эканидан далолат эмаслигини таъкидлади. «Европа Иттифоқидаги кўплаб давлатлар ўз дипломатларини Украинадан олиб чиқиш ҳақида ўйламаяпти. Баъзи давлатлар элчихонаси ходимларининг бир қисмини олиб чиқиб кетаётгани эса уруш бўлиши табиий дегани эмас. Бу шунчаки дипломатик ўйинларнинг нозик томони», деганди Зеленский.
Шунингдек, Украина президенти Норманд форматидаги келишув бўйича тўрт давлат етакчилари (Германия, Франция, Россия, Украина) Донбассдаги тинчлик масаласида тезроқ учрашиши кераклигини айтган. «Норманд формати бўйича маслаҳатчилар учрашуви ўтказилади. Албатта, болаларча иллюзияга ишониш кайфияти йўқ бўлса-да, озроқ умид бор. Тўхтовсиз ишласа, натижа бўлади, тинчлик бўлади», деган Зеленский.
Мавзуга оид
14:22
Париж: Украина Россия ҳудудига SCALP ракеталари билан зарба йўллаши мумкин
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024