Жаҳон | 21:00 / 28.01.2022
103474
10 дақиқада ўқилади

“Ўртоқ полковник”: Путин КГБда қандай вазифани бажарган?

Владимир Путин шахси ҳамиша дунё эътиборида, зиддиятли ва қизиқарли. Совуққонлиги, айёрлиги ва камгап бўлгани ҳолда ўз ўрнида сўзга усталиги, бир неча бор жаҳоннинг энг таъсирли кишиси деб тан олингани боис дунё ОАВ Путин билан интервьюга ишқибоз. Фаолияти давомида АҚШнинг беш нафар президенти билан ишлашга улгурган Владимир Путин бу хислатларни эгаллашида СССР КГБ мактабининг ўзига хос ўрни бор.

Фотоколлаж: Kun.uz

* Захирадаги полковник, Россия Федерациясининг амалдаги 1-даражали давлат маслаҳатчиси, иқтисод фанлари номзоди, самбо бўйича спорт устаси, дзюдо бўйича Ленинград чемпиони, самбо бўйича хизмат кўрсатган мураббий, “Ленфильм” киностудиясининг қатор киноларида каскадёрлик қилган.

Буларнинг бари – Владимир Путиннинг президентликка келгунга қадар эришган ютуқлари.

Болалик

Путин ҳақиқий камбағал оиладан чиққан. Унинг авлодлари уч асрки деҳқончилик қилишган. Фақат бобоси Спиридон Иванович Путинга келиб бу анъана қисман бузилади, тверлик йигитча ошпазликни ўрганади, Питерга бориб нуфузли ресторанларда ишлайди. Биринчи жаҳон урушида қатнашиб келганидан кейин очарчиликдан қўрқиб, оиласини қишлоққа олиб кетади.

Фото: Владимир Путиннинг шахсий архиви

Ошпаз Спиридон кейинчалик Москвага боради, Лениннинг маъшуқаси деб кўрилган Надежда Крупская, СССР коммунистик партияси биринчи котиби Никита Хрушчев каби шахсларга ошпазлик қилади. Биринчи шахслар дачаларида 80 ёшгача ишлаб, шундан кейингина пенсияга чиқади.

Спиридон Путиннинг ўғли, Россия президентининг отаси Владимир Путин 1911 йилда Твердаги Поминово қишлоғида туғилади. У иккинчи жаҳон урушида асосан Ленинград фронтида жанг қилган, қатор орден ва медаллар соҳиби бўлган.

Урушдан олдин уйланган Владимир икки ўғил кўради. Аммо уларнинг умри узоқ бўлмаган – Альберт урушга қадар нобуд бўлган бўлса, Виктор икки яшарлигида, 1942 йилда блокада даврида касалликдан вафот этади.

Путинлар оиласи беш қаватли коммунал уйнинг бешинчи қаватидаги бир хонада яшашган. 1952 йилда туғилган Владимир Владимирович Путиннинг ўзи ҳам КГБга ишга киргунга қадар шу хонада истиқомат қилган.

КГБ сари йўл

Олдин 8 йиллик, кейин ўрта мактабни ўрта баҳолар ва ҳаминқадар хулқ билан тугатган Владимир болаликдаги орзуси – разведка ходими бўлиш истагида КГБ (Давлат хавфсизлик қўмитаси)га мурожаат қилади. Унга дастлаб ижтимоий йўналишда таҳсил олишни маслаҳат беришади ва Путин 1970-1975 йилларда Ленинград университети юридик факультетида ўқийди.

Фото: kremlin.ru

Ўқишни тугатган Владимир Путин тақсимот бўйича қўмитанинг Ленинград бўлимига ишга юборилади. 1977 йилдан бошлаб (25 ёшидан) у СССР КГБси контрразведка бўлимида ишлай бошлайди ва тизимда қадамба-қадам кўтарила боради. 1979 йилда Москвада, КГБ олий мактабида 6 ойлик қайта тайёрлов курсларини ўтаганидан сўнг Ленинградда хизматни давом эттиради. 1984 йилда Владимир Путин адлия майори унвонида бир йиллик ўқишга юборилади ва “Ташқи разведка” йўналишида таҳсил олади.

Ўқиш давомида у Платов фамилияси билан ҳужжат юритади. Чунки КГБ талабига кўра ҳатто бир курсда ўқийдиганлар ҳам бир-бирларига оид маълумотларга эга бўлмасликлари лозим эди ва тахаллусларни раҳбарият танлаб берарди. “Платов” ўқишда ўзини кўрсатади, гуруҳ сардори бўлади ва немис тилини чуқур ўрганади.

Германиядаги фаолият

КГБ ташқи разведкаси бўйича мутахассисга айланган Путин 1985 йилда Германия Демократик Республикасига жўнатилади. Таъкидлаш жоиз, иккига бўлинган Германиянинг ярми – Демократик ном остидаги Германия социалистик блок таъсирида эди. Лекин вазият кун сайин ўзгариб борарди. Берлин девори тимсолидаги Германия жарлигидан давлат ичида ҳам, ташқарида ҳам норозиликлар жуда кўпайиб бораётганди. Шунингдек, бу пайтга келиб, дунё коммунизми устуни бўлган СССРнинг ҳам тагига сув кирганди.

“Платов”нинг Дрездендаги ҳужжати / Фото: Bild

Лекин шунга қарамай Владимир Путин ГДРда 1990 йилга қадар фаолият юритади. ГДРнинг махсус хизматларни жамлаган “Штази” вазирлиги ва КГБ офицерлари яшовчи манзил – “Radebergerstrasse 101”даги 3 хонали квартирада оиласи билан яшайди.

Полковник Лазарь Матвеев бошчилигида, Сергей Чемезов ва Николай Токаревлар билан бирга Дрездендаги СССР – ГДР дўстлик уйи ходими сифатида фаолият юритган Владимир Путин ғарб ва АҚШга қарши разведка фаолияти билан шуғулланади. Юқоридаги фамилиялар келтирилишининг ўзига хос жиҳати шундаки, Путин ўз хизматдошларини кейинчалик юқори мансабларга қўяди ва Россиянинг аксарият муҳим лавозимлари КГБ мактаби вакилларига топширилади.

Очиқ манбаларда айтилишича, Владимир Путиннинг алоҳида эътибори ГФР ҳудудига жойлаштирилган ҳамда СССРга қаратилган яқин ва ўрта масофага учувчи ракеталарга йўналтирилади. Бу СССР хавфсизлиги учун тўғридан тўғри таҳдид эди. 1989 йилда Путин ГДР Миллий халқ армиясининг “Хизматлари учун” медалига сазовор бўлган.

Ҳар куни ўзининг “Жигули 06”сида ишга хотиржамлик билан бориб келадиган Путиннинг осойишта кунлари 1989 йилда поёнига етади.

Берлин девори қулатилганидан сўнг ҳаммасини англаб турган бир тўда ёшлар совет резидентурасини босиб олишга ҳаракат қилишади ва у ердаги КГБ архивини топшириш талабини қўйишади. Мана шу нуқтада Путин ўзини кўрсатади ва йиғилганларни қурол ишлатмаган ҳолда, оғзаки тушунтиришлар билан тарқатиб юборишга муваффақ бўлади.

Тўполондан кейин у ичкарига кириб, ўта совуққонлик билан энг муҳим ҳужжатларни печкада ёқиб юборади. Шундан сўнг, 1990 йилнинг январида у Германиядаги фаолиятини якунлаб, Ленинградга қайтади.

СССРга қайтганидан кейин марказга, Москвага ишга чақирилади, аммо у Ленинград бўлимида қолишни афзал билан. Унга тегишли №643-кабинетга қўшни хонада Сергей Иванов ишлаган. Иванов кейинчалик мудофаа вазири, Президент администрацияси раҳбари лавозимларига лойиқ кўрилган.

Президентликка чиқиш

1990 йилда Путин расман Ленинград давлат университетида ректор ёрдамчиси бўлиб иш олиб боради. Ректор Меркурьев уни шаҳар мэри Анатолий Собчак билан таништиради ва ишончли ходим сифатида тавсия беради. Шу йилнинг ўзида мэрияга ишга ўтган Путин 1991 йилда, Собчак қайта сайланганида шаҳар бошқарувининг ташқи алоқалар бўлимига раҳбар бўлади. Унинг раҳбарлигида шаҳардаги илк валюта биржаси очилади, бир неча немис компаниялари кириб келади. У 1994 йилда Россия–АҚШ ўртасида ўтказилган “Яхши ният ўйинлари” ташкилотчиларидан бирига айланади. Айнан шу вақтда Путин дунё медиамагнатларидан бири Тед Тернер билан ҳам танишади. Сананинг ўзига хос жиҳати – АҚШ махсус хизматлари шу йилдан бошлаб Владимир Путин ҳақида маълумот тўплашга киришганлар.

1990 йил. Анатолий Собчакка ҳамроҳлик қилган Владимир Путин Тошкентда Ислом Каримов билан учрашган. / Фото: Wikipedia

1996 йилда Анатолий Собчак губернаторлик сайловларида енгилади. Ишсиз қолган Путин кейинчалик бу пайтда киракашлик қилишни ҳам ўйлагани ҳақида айтган. Аммо уни янги истиқбол – Москвада катта ишлар кутиб турарди. Россия президентининг иш бошқарувчиси Павел Бородин уни ўзига ўринбосар бўлишга таклиф қилади. Путин орадан бир йил ўтиб, 1997 йилда Алексей Кудрин ўрнига президент админстрацияси раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланади.

1998 йилда у Валентин Юмашевнинг тавсиясига биноан КГБнинг ҳар тарафлама вориси бўлган ФСБ (Федерал хавфсизлик хизмати) раҳбари этиб тайинланади. Исм-шарифларга эътибор беринг, кейинчалик уларнинг бари Россияда юксак лавозимларни эгаллаган.

Бир қарашда Путин ўз йўналишида энг юқори чўққига чиққан эди. Аммо кўтарилиш давом этади – президент Борис Ельцин 1999 йил августида Владимир Путинни ҳукумат раиси этиб тайинлайди. Бу лавозимда 5 ой ҳам ишламаган Путин 1999 йилнинг сўнгги куни – 31 декабрда Борис Ельцин томонидан ворис сифатида тақдим этилади ва 2000 йилнинг илк кунидан президент вазифасини бажарувчи сифатида иш бошлайди.

Кейинчалик сайловларда ғалаба қозонган Владимир Путин мана 22 йилдирки Россияни бошқариб келмоқда (2008–2012 йилларда у расман президент эмас, ҳукумат раҳбари бўлган).

Фото: Alexander Zemlianichenko / AP

Владимир Путин:

  • Россия патриархи Кириллнинг отаси, руҳоний Михаил томонидан чўқинтирилган. Онаси бу амални отасидан яшириб қилган. Аммо Путиннинг ўзи Худога ишонишини кўп ҳам тан олавермайди;
  • Биринчи автомобили 1972 йилда ишлаб чиқарилган “Запорожец” бўлган ва оила уни лотереядан ютиб олган. Кейинчалик ҳам у совет автомобилларини ёқтиришини билдирган;
  • 1982 йилда стюардесса Людмила Шкребневага уйланади. Аммо кейинчалик хотини билан ажрашади ва буни оиласига етарли вақт ажрата олмаётгани билан изоҳлайди;
  • Қизлари Мария ва Екатерина Германияда туғилишган;
  • Шафқатсиз 90-йилларда у ёнида қурол олиб ухлаганини тан олган;
  • 2000 йилнинг 1 январида у президент вазифасини бажарувчи сифатида Чеченистонга йўл олади ва у учаётган вертолёт ўққа тутилади;
  • Россияда унинг номи билан аталган камида учта кўча бор. Булар Ингушетиянинг Ольгети қишлоғида, Москва вилоятининг Лобня поселкасидаги кўчалар ва Чеченистон маркази Грозний шаҳри марказидаги машҳур В.В. Путин проспекти. Бундан ташқари, Фаластиндаги бир кўчага ҳам Путин номи қўйилган;

2007 йилда Американинг Time журнали уни “Йил одами” деб эълон қилган.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид