Ўзбекистон | 17:45 / 01.02.2022
27047
2 дақиқада ўқилади

ИИББ: Тошкентда фирибгарликнинг янги тури кўпайиб бормоқда

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида фирибгарлик жиноятлари фош қилинди. Маълум бўлишича, 1996 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс фуқароларни ўзига хос усулда алдаб, пул маблағларини ўзлаштирган.

Видеодан кадр

2021 йил 1 декабрь куни Д. исмли шахс Яккасарой тумани Бобур кўчасида Р. исмли фуқаронинг ишончига кириб, жабрланувчининг 50 АҚШ доллари ва 400 минг сўм миқдордаги пулларини олади ва бериб юбориладиган дориларни шифохонада ишлайдиган турмуш ўртоғи олиб қолишини ҳамда пулларини қайтаришини айтади.

Бундан ташқари, 2021 йил 6 декабрь куни ушбу шахс Миробод тумани Содиқ Азимов кўчасида фуқаро Ҳ.дан 1 млн 300 минг сўм, 7 декабрь куни Ойбек метро олдида А. исмли шахсдан 150 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни шундай алдов йўли билан ўзлаштириб олади.

Худди шу каби жиноят билан терговга жалб қилинган Р. исмли шахс ҳам ҳайдовчини шу тарзда алдаб, пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади. У машинага йўловчи сифатида ўтиради. Йўлда эса турли баҳоналарни айтиб, ҳайдовчидан пул бериб туришини сўрайди. Ҳайдовчи ҳам фирибгарнинг алдовига чув тушиб, ёнидаги пулларини бериб юборади. Йўловчи дўкон ёки савдо маркази олдида тўхтаб, у ерга кириб кетади ва ҳайдовчининг олдига қайтиб келмай, воқеа жойидан ғойиб бўлади.

Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ тергов бўлимининг маълумотига кўра, бу шахс жабрланувчилардан ҳар хил ҳолатда 300 минг сўмдан 1 млн 700 минг сўмгача пул олган.

Эндиликда ҳар икки ҳолатда ҳам тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид