Ўзбекистон | 17:43 / 03.02.2022
39762
3 дақиқада ўқилади

Махсус комиссиянинг таълим бўйича қарори нега ўзгартирилгани бўйича изоҳ берилди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков Махсус комиссиянинг ўқув жараёнларни онлайндан офлайн шаклга ўтказилиши бўйича қарорига изоҳ берди.

Фото: KUN.UZ

“Республика комиссияси у ёки бу қарорни қабул қилишдан аввал вазиятни ҳар томонлама ўрганади. Биз дастлаб дунёдаги статистик рақамларга эътибор берайлик. Ҳозирга қадар рўйхатга олинган беморлар сони жуда юқори. Ҳар куни 3–3,5 млн кишида касаллик қайд этиляпти.

Лекин кузатишлар давомида кейинги 20 кун ичида касалликни юқтирганлар сонида камайиш ҳам кузатиляпти. Ўзбекистонда ҳам вазият анча барқарорлашди.

Ҳозир республикада кунига ўртача 1000та бемор қайд этилаётган бўлса ҳам, вазият бирмунча юмшоқ. Негаки, ҳозир шифохоналарда ётган беморларга нисбатан шифохоналардан чиқарилаётган беморлар сони кўп. Демак, ҳозир касаллик аксарият ҳолатда енгил кечмоқда.

Биз кузатдик, пандемиянинг дастлабки даврида касаллик 85 фоиз ҳолатда енгил, 10 фоиз ҳолатда оғир ва 5 фоиз ҳолатда ўта оғир ўтди. Ҳозир эса касалларнинг 98 фоизида енгил кечмоқда. Демак, ҳозир беморлар деярли тўлиқ ҳолатда уй шароитида даволаниб, касалликдан фориғ бўлишмоқда. Мана шунинг ўзиёқ имкониятларнинг пайдо бўлаётганидан дарак.

Қолаверса, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шундай ахборот тарқатдики, у билан жаҳондаги вазиятга ҳам баҳо берилади. Бу хабарда айтиладики, дейлик, бир жойда касалланиш даражаси 1 фоиздан юқори бўладиган бўлса, демак у ерда ҳали вазият беқарор. 1 фоиздан кам бўлганда эса, демак вазият барқарор.

Ҳозир Ўзбекистонда бу кўрсаткич 0.8 фоизни ташкил этяпти. Қолаверса, кейинги 1 ҳафта ичида касаллик ҳар куни 50-60-100тага камайиб боряпти.

Шунингдек, дунё давлатлари ҳозир карантин муддатини 14 кундан 7 кунга ва ҳатто 5 кунга туширяпти. Айрим жойларда карантин ҳатто бекор қилиняпти.

Шу нуқтайи назардан, вазиятни идрок қилиб, Ўзбекистондаги вазиятни тўлиқ ҳис қилган ҳолда, талаба, ўқувчиларга шароит яратиб бериш мақсадида ва офлайн шаклда уларнинг билим салоҳияти ошишини ҳисобга олиб, мана шундай қарор қабул қилинди”, – деди Отабеков.

Унинг қўшимча қилишича, эндиликда барча шу касаллик шароитида яшашга кўникиб бориши зарур.

“Коронавирус кириб келган даврда биз бу касалликни бир, икки ойлик деб ўйлардик. Мана, икки йил ҳам ўтиб кетди. Ким билади, балки касаллик бир умрга келгандир. Биз у билан бир шароитда яшашга ўрганишимиз керак. Балки умримизнинг охиригача бу касаллик билан курашармиз”, – деди Нурмат Отабеков.

Мавзуга оид