Ўзбекистон | 08:40 / 05.02.2022
4430
5 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон шимолида қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик ривожлантирилади - Президент қарори лойиҳаси

Президентнинг “Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўғорғи Кенгесининг республика бошқа ҳудудларидан тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилган ҳолда, Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлари маъқулланади.

Шундай тартиб жорий этиладики, унга мувофиқ 2025 йил 1 январга қадар Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида:

а) республика вилоятларидан келадиган тадбиркорлик субъектлари томонидан бизнес-лойиҳаларни ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда фойдаланишдан чиқиб кетган ер майдонларини қайта фойдаланишга киритиш учун ер ажратиш очиқ электрон танловлар ўтказмасдан халқ депутатлари кенгаши йиғилиши қарорига биноан тўғридан тўғри истисно тариқасида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг қарори билан амалга оширилади;

б) тадбиркорлик субъектлари томонидан янгидан ташкил этиладиган агробизнес-лойиҳалари ташаббускорларига 2027 йил 1 январга қадар ер, мол-мулк ва кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқлар тўлашдан озод этиладиган сумманинг 50 фоизи миқдорида белгиланади;

в) шимолий туманлардаги туман ҳокимликлари балансидаги бўш турган бинолар хусусий мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш учун тўғридан тўғри ажратиб берилади;

г) ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ер участкалари маҳаллий фуқароларга ўрмон барпо қилишда манзарали, саноатбоп дарахтзорлар, мевали боғ ва узумзорлар ташкил этиш учун тўловларсиз 49 йил муддатга ижарага берилади;

д) тадбиркорлик субъектлари томонидан бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш учун берилган кўчмас мулк объектларига кадастр паспортини тайёрлаш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш тўловларсиз амалга оширилади;

е) Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги талабномаларига мувофиқ фойдаланишдан чиққан суғориладиган ерларни ўзлаштириш, суғориладиган ерларда ер тузиш, бузилган ерларни рекультивация қилиш юзасидан лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларининг автоматлаштирилган ер-ахборот тизимини яратиш ва янгилаб бориш ишларига давлат бюджетидан маблағлар ажратилади;

ж) қайта фойдаланишга киритиладиган ва ўзлаштириладиган ер майдонларига жойлаштириладиган қишлоқ хўжалиги экин турларидан қатъи назар сув тежовчи технологиялар (томчилатиб, дискрет, плёнка тўшаб, лазерли текислаш ва ёмғирлатиб суғориш усуллари) жорий этилади;

з) қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ерларни тўқайзорлар, бегона ўт қолдиқлари ва буталардан тозалаш, ички ариқларга бетон қопламалар ётқизиш, ёпиқ ариқлар барпо қилиш учун сарфланган харажатлари 50 фоизидан ошмаган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади;

и) жисмоний шахсларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар йили тасдиқланадиган параметрлар доирасида шамол электр станцияларини қуриш ва бутловчи қисмларини сотиб олиш харажатлари 30 фоизи миқдорида компенсациялар тақдим этилади;

к) тадбиркорлик субъектларининг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида суммаси 10 млрд сўмдан, фоиз ставкаси Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкаси 1,5 бараваридан ошмайдиган миллий валютадаги кредитлар учун – асосий ставкадан ошадиган, лекин 5 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация берилади;

л) 2022-2024 йиллар мобайнида амалга ошириладиган лойиҳаларга ажратиладиган банк кредит маблағларининг фоиз ставкаси истисно тариқасида 10 фоиздан оширилмайди;

м) тадбиркорлик субъектлари томонидан Қорақалпоғистон ҳудудида бизнес-лойиҳаларни ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун олинадиган банк кредитлари бўйича гаров таъминоти сифатида мос равишда Тошкент шаҳри, вилоятлар ҳокимлари ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси кафолатлар бериши мумкин. Бунда, кафолатлар банк кредити суммасининг 50 фоизигача қисмига, бироқ 5 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда берилади;

н) қоракўл ва қорақалпоқ сур қўйларини кўпайтириш мақсадида чет давлатлардан наслли қўйларни олиб келиш учун истисно тариқасида тижорат банклари томонидан 5 йил муддатга (2 йиллик имтиёзли давр билан) йиллик 8 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилади;

о) қишлоқ хўжалиги ерларини фойдаланишга киритган ердан фойдаланувчиларга қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил жойлаштириш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда 2022-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси шимолий туманларида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредитларини жалб этиш чораларини кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид