Жаҳон | 22:38 / 07.02.2022
51830
4 дақиқада ўқилади

Лукашенко собиқ СССРнинг аксар давлатлари Иттифоқ давлатига киришига ишонч билдирди

Айни пайтда Россия ва Беларусдан иборат Иттифоқ давлатига Ўзбекистон ва бошқа собиқ совет республикалари ҳам қўшилади, дея ишонмоқда Беларус президенти Александр Лукашенко.

Интервюдан кадр

Беларус президенти Александр Лукашенко ва Россия ҳукумати пропагандачиларидан экани айтиладиган журналист Владимир Соловьев ўртасидаги суҳбатда Иттифоқ давлатининг кенгайиши ҳақида сўз борди.

YouTube'даги “Соловьёв LIVE” каналида эълон қилинган интервюда Александр Лукашенко 1999 йилда Россия ва Беларус иштирокида тузилган Иттифоқ давлати собиқ совет республикалари ҳисобига кенгайиши мумкинлигини айтган.

Беларус аллақачон шу ерда [Иттифоқ давлати таркибида]. Менимча, Қозоғистон учун яхши дарс бўлди. Агар келгуси 15 йилда деб оладиган бўлсак, ишончим комил, агар биз хатога йўл қўймасак, Украина ҳам шу ерда [Иттифоқ давлати таркибида] бўлади”, – дея гап бошлаган Лукашенко.

У сўзининг давомида Арманистон “ҳеч қаерга бора олмаслиги” сабаб Иттифоқ давлатига қўшилишини тахмин қилади. “Улар кимгадир керак деб ўйлайсизми?” дейди Беларус президенти.

Саноқда Озарбойжонга келган Лукашенко бу мамлакат у назарда тутаётган уюшмадан чиқиб кетгани, Озарбойжонни Туркия “жуда жиддий қўллаб-қувватлаётгани”ни айтади. “Биз бу [Озарбойжон] бўйича ҳам кўп хатоларга йўл қўйдик, бу – алоҳида мавзу”, таъкидлайди президент.

Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга келсак, менимча, аввало иқтисодий зарурат туфайли улар ҳам қўшилишади”, – деди Александр Лукашенко.

У Иттифоқ давлатининг аъзолари суверен бўлиб қолишини қўшимча қилган.

“Бу – мустақил давлатлар иттифоқи бўлади. Йўқ, мустақил эмас, суверен давлатлар. Мустақиллик – нисбий тушунча. Ҳамма газ ва нефт Россиядан келиб турган бўлса, мен қандай қилиб мустақил бўлишим мумкин?” дейди Лукашенко ва иттифоқ аъзолари ўз давлат рамзлари ва раҳбариятларини сақлаб қолишини қўшимча қилади.

Маълумот учун, Беларус ва Россия 1999 йилда Иттифоқ давлати номи остида интеграцияга кириша бошлаган. Бу интеграциянинг расмий мақсади – парламент, валюта ва қонунчиликни умумлаштириш. Амалда 20 йилдан ортиқроқ вақт давомида икки давлат фақат солиқ ва божхона қонунчилигини бирлаштира олган.

Эслатиб ўтамиз, Александр Лукашенко Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг 10 январ куни Қозоғистондаги тартибсизликлар юзасидан ўтказилган саммитида бу воқеалардан “энг аввало Ўзбекистон сабоқ чиқариши керак” деганди.

Лукашенконинг бу баёноти Ўзбекистон жамоатчилигида кескин эътирозларни уйғотган, фаоллар Беларусни қарийб 28 йилдан бери узлуксиз бошқариб келаётган ва охирги сайловдаги ғалабаси кўплаб давлатлар томонидан тан олинмаган “Беларус фуқароси”нинг Ўзбекистонни огоҳлантиришини бевосита таҳдид сифатида қабул қилган эди.

Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев 13 январ куни мамлакат Хавфсизлик кенгаши йиғилишида бу огоҳлантириш “асоссиз” эканини айтганди.

“Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз”, – деганди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид