Жаҳон | 17:09 / 21.05.2025
5305
2 дақиқада ўқилади

Путиннинг маслаҳатчиси СССР ҳуқуқий жиҳатдан ҳамон мавжуд эканини айтди

Антон Кобяков шундан келиб чиққан ҳолда, Украина билан уруш «ички жараён» эканини таъкидлади.

Фото: РИА Новости

Путиннинг маслаҳатчиси Антон Кобяков Санкт-Петербург халқаро юридик форумида СССР ҳуқуқий жиҳатдан ҳозир ҳам мавжуд эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, СССР 1922 йилда Халқ депутатлари қурултойи томонидан ташкил этилган ва айнан шу қурултой томонидан тарқатиб юборилиши керак эди. Бироқ, 1991 йилда бундай бўлмаган. Шу сабабдан унинг ўрнида мустақил давлатлар ташкил этишнинг ҳуқуқий тартиби бузилган ва бу «СССР ҳали ҳам қонуний равишда мавжуд» эканини англатади. Кобяковнинг таъкидлашича, шундан келиб чиққан ҳолда бу «Украина билан урушни «ички жараён» деб аташ имконини беради».

СССР ҳамон мавжуд экани машҳур фитна назарияси бўлиб, унинг атрофида бир нечта ҳаракатлар, масалан, ўзини «СССР фуқаролари» деб атаган, Россия паспортидан фойдаланишдан, армияда хизмат қилишдан ва коммунал хизматлар учун пул тўлашдан бош тортган бир неча гуруҳлар пайдо бўлган. 2022 йилда Россия Адлия вазирлиги Самара вилоят суди қарори билан «СССР фуқаролари» ҳаракатини экстремистик ташкилотлар рўйхатига қўшди. Шу йили суд унинг раҳбари Сергей Тараскинни экстремистик ташкилот тузиш моддаси бўйича 8 йилга озодликдан маҳрум қилди. Худди шундай қарорлар бошқа вилоятларда ҳам қабул қилинди.

Россия президенти Владимир Путин СССР парчалангани ва ушбу ҳодисанинг оқибатларидан афсусда эканини бир неча бор айтган, хусусан, 2005 йилда буни «ХХ асрнинг энг катта геосиёсий фалокати» деб атаган ва СССР тарқатилиши ҳақидаги Беловежск келишувлари Конституцияга зид эканини таъкидлаган.

Антон Кобяков 2005-2012 йилларда президент маъмуриятида турли лавозимларда ишлаган, 2012-2014 йилларда президент маъмуриятини бошқарган, 2014 йилдан эса президент маслаҳатчиси лавозимини эгаллаб келмоқда.

Мавзуга оид