Ўзбекистон | 09:59 / 07.02.2022
121690
10 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистондаги мудҳиш қотиллик орадан 8 йил ўтиб қандай фош бўлганди?

Ғойиб бўлган ўғил

1994 йил 10 декабр куни кечқурун соат 22:00ларда Манғит шаҳридаги ўзига тўқ оилалардан бири – Муҳсин Қодиров хонадонида безовталик бошланди. Оиладаги тўнғич фарзанд – 15 ёшли Рашид 21:00ларда кутилмаганда ғойиб бўлиб, бир соат ўтса ҳам уйга келавермади.

Ота-она “ўғлимиз бирор ўртоғиникига чиқиб кетгандир”, дея ўзларини юпатиб, яна бир соатни ўтказишди. 00:00га яқин ҳам ўғлидан дарак бўлавермагани ота-онани адойи тамом қилди. Ота-онанинг сўраб-суриштирмаган қўшниси, телефон қилмаган таниши қолмади. Уларнинг бари бирдай Рашидни яқин орада кўрмаганини такрорларди.

Ниҳоят соат 00:00 арафасида уй телефони жиринглади. Телефонга жавоб берган Муҳсин Қодировнинг ранги ўчиб кетди. Телефонда номаълум шахс ўғли Рашид унинг қўлида эканини, тунги соат 02:00да “Дўстлик жамоа хўжалиги олдидаги коллектор устидан ўтган кўприкда 1 млн сўм (ўша вақтдаги жуда катта сумма) пул қолдирмаса, шунингдек воқеа ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берадиган бўлса, ўғлини ўлдиришини маълум қилган эди. Қўрқувга тушиб қолган ота-она дарҳол сўралган пулни тўплашга тушади. Уйида 1 млн пул бўлмагани учун камига ўзининг уйидан ва қариндошларидан қимматбаҳо тақинчоқларни йиғиб чиқади. Фарзанди ўлдирилиши айтиб қўрқитилган ота-она жиноятчилар талабини бажариб, бу ҳақда тегишли идораларга хабар бермайди.

Керакли сумма тўплангандан сўнг, 10 декабрдан 11 декабрга ўтар кечаси соат 02:00ларда Муҳсин Қодиров пул ва бошқа қимматликларни келишилган жойда қолдиради ва келишилганидек уйга қайтиб, ўғлининг уйга олиб келинишини кутади. Бироқ ҳадеганда ўғил уйга қайтавермайди.

Ниҳоят, соат 03:00ларда яна телефон жиринглайди. Яна ўша номаълум шахс отага ўғли мол бозордалигини, уни ўша ердан олиб кетишни айтади.

Мол бозорига учиб борган ота-она бозор дарвозаси яқинида ўғлининг ерда ётганига гувоҳ бўлади. Ҳамма ёғи моматалоқ бўлиб кетган ўғлини дастлаб беҳуш деб ўйлаган ота-она не кўз билан кўрсинки, ўғилнинг юраги урмаётган эди. Ярим тунда отанинг ўкириб, онанинг уввос солиб йиғлаган овози бозор атрофини тутиб кетади...

Қотил аниқланмади

Ҳолат юзасидан Амударё тумани прокуратураси томонидан қасддан одам ўлдириш моддаси билан жиноят иши қўзғатилади. Бир қатор тезкор ва тергов ҳаракатлари ўтказилади.

Бозор яқинидаги тупроқли ҳудудда арава изига гувоҳ бўлинади. Бироқ излар асфалт йўлга туташгандан сўнг ҳеч қанча ўтмай кўздан ғойиб бўлганди. Шунга қарамай, арава изидан намуна олиб қўйилади. Лекин кўрилган чоралар ҳадеганда иш беравермайди.

Орадан ойлар ўтиб ҳам жиноятни очишнинг имкони бўлмагач, прокуратура жиноят ишини тўхтатишга мажбур бўлади.

Такрорий таҳдидлар

Орадан йиллар ўтади. Аввалги жинояти очилмай қолиб кетганидан руҳланган жиноий гуруҳ 1997 йилга келиб, яна Муҳсин Қодировга товламачилик қилишни режалаштиради. Шу мақсадда унга нисбатан телефон қўнғироғи ва хатлар билан таҳдидлар бошланади. Жиноий гуруҳ мурожаатларида Муҳсин Қодиров уларга 1 млрд сўм бермаса, оила аъзоларини ўғирлаб кетиб, ўлдириш айтилади.

Кўр ҳассасини бир марта йўқотади, дегандай бу сафар Муҳсин Қодиров прокуратурага хабар беради.

1997 йил 2 апрелдан 3 апрелга ўтар кечаси унинг уйига яна телефон бўлиб, аввалги таҳдидлар такрорланади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хонадонга бўладиган қўнғироқларни назоратга олиб тургани сабабли бу сафарги қўнғироқ мол бозори яқинидаги “Кўнгилли ўт ўчирувчилар” биносидан бўлгани аниқланади. Ўша ердаги телефон гўшагидан номаълум шахснинг бармоқ излари ашёвий далил сифатида олинади. Бироқ яна жиноят очилмай қолади.

1998 йил январ ойида Муҳсин Қодиров хонадонига яна 1 млрд сўм талаб қилинган хат ташлаб кетилади.

Навбатдаги таҳдид 1998 йил апрелида телефон орқали бўлади.

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, дегандай жиноий гуруҳ 1 млрддан умидини осонликча узмайди ва таҳдидни давом эттиради. 2000 йил август ойида Тошкентдан хат жўнатилади. Унда ҳам тинч қўйиш учун 1 млрд сўм бериш талаб қилинганди.

Эшик олдига таҳдидли хат ташлаб кетиш ва қўнғироқ қилиш яна бир неча марта такрорланади.

Ҳар бир таҳдиддан сўнг, жиноят иши қайта тикланиб, тергов ҳам давом эттирилади. Бироқ амалий натижа йўқлиги сабабли жиноят иши тўхтатиб қўйилади.

Мастлик – ростлик

Орадан йиллар ўтиб, 2002 йил 2 июн куни Манғит шаҳридаги бир тўйда қизиқ воқеа содир бўлади. Тўйда маст бўлиб қолган Шаҳзод исмли одам атрофидагилар билан айтишиб қолиб, гап орасида “Сенларни ҳам Рашид каби гумдон қиламан”, деб бақиради. Буни қарангки, шу тўйда Рашиднинг мактабдаги синфдошлари ҳам ўтирган бўлади ва нотаниш одамнинг Рашидни ўлдирганини бақириб айтиши уларнинг эътиборини тортади. Синфдошлардан бири “Рашиднинг қотили зора шу бўлса”, дея бўлиб ўтган воқеа ҳақида прокуратурага хабар беради.

Қинғир ишнинг қийиғи 8 йил ўтиб чиқди

Жиноят иши қайта тикланиб, тергов гуруҳи ўз ишини бошлайди. “Тўйда шовқин кўтарган Шаҳзод” ҳақида маълумотлар тўпланади. Олинган маълумотлар асосида у Манғит шаҳрида яшовчи Шаҳзод Ҳожиев экани маълум бўлади. Шаҳзоднинг ўзига билдирмаган ҳолда турли идоралардаги ҳужжатларда сақланаётган унга тегишли бўлган ёзувлар тўпланади. Ушбу ёзувлар ва Муҳсин Қодировнинг уйига ташлаб кетилган хатлардаги ёзувлар экспертизада солиштирилганида, баъзи хатлардаги ёзувлар унга тегишли экани маълум бўлади.

Шаҳзоднинг уйида тинтув ўтказилганда, ертўладан икки ғилдиракли арава топилади. Араванинг излари олиниб, 1994 йилда намуна сифатида олиб қўйилган арава изига солиштирилганда излар бир хил бўлиб чиқади. 1994 йилда Рашиднинг жасади айнан шу аравада олиб борилган эди.

“Кўнгилли ўт ўчирувчилар” биносидаги телефон гўшагидан олинган бармоқ излари Шаҳзоднинг бармоқ излари билан солиштирилганда, гўшакда қолган из Шаҳзодга тегишлилиги ўз тасдиғини топди.

Жиноий режа

Тергов жараёнида Шаҳзод Ҳожиев акаси Холмирза ва қўшниси Қудрат Собировлар билан жиноий гуруҳ ташкил қилиб, Манғит шаҳрида яшовчи бой оилалардан товламачилик йўли билан катта миқдордаги пулларни ўзлаштириб олиш бўйича турли режалар тузгани ҳақида кўрсатма беради.

Шундай режалардан бири – Манғитдаги ўзига тўқ мансабдор шахс Муҳсин Қодировнинг 15 ёшли ўғли Рашид билан яқиндан танишиб олиб, ундан фойдаланган ҳолда отасидан катта миқдорда пул ундириш эди.

Маълум бўлишича, режани амалга ошириш учун Шаҳзод Рашид билан яқиндан танишиб олган. Суҳбат асносида унинг итларга қизиқишини билиб олган Шаҳзод шу қизиқишдан фойдаланишни кўзлаб, жиноий режани шу қизиқиш устига қурган.

1994 йил декабр ойининг бошлари. Шаҳзод Рашидга уйида овчарка ит боқишини, аввалроқ унинг болалаганини, овчарка болаларидан бирини унга бермоқчилигини айтиб, бу ҳақда ота-онасига миқ этмасликни тайинлайди.

Ҳаммаси яширинча бўлишига сўз берган йигитча 10 декабр куни кечқурун соат 21:00ларда уйидагиларга билдирмай кўчага чиқиб, сал нарироқда уни кутиб турган Шаҳзод ва Қудрат билан уларнинг уйига қараб йўл олади.

Кўп ўтмай Шаҳзоднинг уйига етиб боришади. Жиноий шериклар “овчарка боласи молхонадалиги” учун Рашидни ўша ерга олиб боришади ва бирдан уни аёвсиз тарзда 3 киши бўлиб (Холмирза ҳам уларга қўшилганди) дўппослай бошлашади. Калтаклардан ҳолдан тойиб, оғзи-бурни қон бўлиб ётган йигитчани Шаҳзод бўғишга тушади. Шу тарзда шафқатсиз жиноятчилар йигитчанинг ёш умрига зомин бўлади...

Қотилликдан сўнг, Шаҳзод соат 00:00га яқин йигитчанинг уйига телефон қилиб, Рашид ўзида гаровда турганини, 1 млн сўм берилмаса, уни ўлдиришини билдиради.

Кўприкда қолдирилган пул ва бошқа қимматликларни қўлга киритган жиноий гуруҳ уйга қайтиб, молхонадан Рашиднинг мурдасини икки ғилдиракли аравага ортиб, мурдани мол бозорига олиб бориб ташлайди.

Шаҳзоднинг терговга маълум қилишича, муваффақиятли амалга ошган жиноий режадан сўнг, жиноий гуруҳ Қорақалпоғистонни тарк этиб, Тошкентга қочиб кетган, Тошкент вилояти Ангрен шаҳридан уй сотиб олиб, шу ерда яшаб юрган. Яна пул ундириш учун баъзан Тошкентдан, баъзан Манғитга борганида ўша ердан Муҳсин Қодировнинг уйига таҳдидли хатлар жўнатиб турган, қўнғироқлар қилган. Баъзи хатларни ўзи ёзиб, баъзиларини мактабда ўқувчи жиянига ёздирган.

Муқаррар жазо

Олиб борилган тергов давомида жиноий гуруҳнинг ҳар учала аъзоси томонидан қотиллик ва товламачилик жиноятлари содир этилганини исботловчи етарли далиллар тўпланди. Жиноят иши айблов хулосаси билан судга оширилди.

Мазкур жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий судида кўриб чиқилиб, судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан айбли деб топилди. Суд ҳукми билан уларга нисбатан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Аббос Салайдинов тайёрлади.

Аббос Салайдинов
Муаллиф Аббос Салайдинов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид